Тошкентда таълим тизими яна ўзининг энг “намунали” башарасини кўрсатяпти. Элтузарга келиб тушган мурожаатга кўра, мактабларга жалб қилинган чет эллик ўқитувчиларнинг январь, февраль ва март ойлари учун ижара пуллари ҳалигача тўлаб берилмаган. Четдан муаллим чақириб, сўнг унинг бошини кўча-кўйдаги ижара можаросига тиқиб қўйишни ҳамма ҳам эплолмайди. Бунинг учун алоҳида “истеъдод” керак.
Бундан ҳам даҳшатлиси, мурожаатда айтилишича, ижара пули қачон берилади, деб сўраган мактаб директорларининг ўзи босимга учраётган эмиш. Даъвога кўра, Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ирода Салоҳиддиновна Юлдашева масалани ҳал қилиш ўрнига, пулни сўраган директорларга текширув юбориб, босим йўлини танлаган.
Яъни манзара шундай: пул йўқ, изоҳ йўқ, лекин текширув бор.
Уй эгалари ҳақини сўраб эшик қоқяпти. Чет эллик ўқитувчилар ҳайрон. Мактаб директорлари эса икки ўт орасида қолган. Тизимдагиларнинг эса одатдагидек битта “ечими” бор: муаммони ҳал қилиш эмас, эътироз билдирганнинг овозини ўчириш.
Қоғозда ислоҳот. Қоғозда халқаро тажриба. Қоғозда сифатли таълим. Амалда эса директор ижарачининг олдида шарманда, ўқитувчи сарсон, масъуллар эса кабинетдан туриб “хола-хола” ўйнаяпти.
Бу тизим муаммони бартараф эта олмагани учун эмас, уни тан олгиси келмагани учун чирияпти. Саволлар жуда оддий:
Бу тизим муаммони бартараф эта олмагани учун эмас, уни тан олгиси келмагани учун чирияпти. Саволлар жуда оддий:
Чет эллик ўқитувчиларни чақирган ким?
Уларнинг яшаш харажатини таъминлаш мажбурияти кимнинг зиммасида?
Нега уч ойлик ижара ҳақи тўланмаган?
Нега пулни сўраган директорларга раҳмат айтиш ўрнига, текширув юборилади?

Leave a Reply