Трамп маъмурияти уч ҳафта давом этган урушдан кейин Эрон билан эҳтимолий тинчлик музокаралари қандай кўриниш олиши мумкинлиги бўйича дастлабки муҳокамаларни бошлаган. Бу ҳақда Axios нашри АҚШ расмийлари ва мавзуга яқин манбаларга таяниб хабар қилди.
Хабарга кўра, ички муҳокамалар президент Дональд Трамп жума куни можарони “аста-секин тўхтатиш” имкониятини кўриб чиқаётганини айтган бир пайтга тўғри келган. Шу билан бирга, АҚШ расмийлари жанглар яна икки-уч ҳафта давом этиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Айни пайтда эса маслаҳатчилар эҳтимолий дипломатик жараён учун замин яратишга уринмоқда.
Манбаларнинг айтишича, дастлабки музокараларга Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ҳамда президентнинг куёви Жаред Кушнер жалб қилинган.
Урушни тўхтатиш бўйича ҳар қандай эҳтимолий келишув, эҳтимол, Ҳурмуз бўғозини қайта очиш, Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захиралари масаласини ҳал этиш, шунингдек Теҳроннинг ядровий дастури, баллистик ракеталари ва минтақадаги прокси гуруҳларни қўллаб-қувватлашига оид узоқ муддатли тартибни ўз ичига олиши мумкин.
Сўнгги кунларда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот бўлмаган. Аммо Миср, Қатар ва Буюк Британия икки томон ўртасида хабар алмашишда воситачилик қилгани айтилмоқда.
Томонларнинг шартлари
Миср ва Қатар АҚШ ҳамда Исроилга Эрон музокараларга қизиқиш билдираётганини маълум қилган, аммо бу қатъий шартлар асосида бўлиши таъкидланган.
Эрон томонининг шартлари орасида ўт очишни тўхтатиш, ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланмаслиги бўйича кафолатлар ва товон тўлаш масаласи бор.
Трамп эса товон пули тўлаш талабини “муҳокамага арзимайдиган” масала сифатида рад этган. Шунга қарамай, АҚШ амалдорларидан бири бу масалани Эроннинг музлатилган активларини қайтариш тарзида ифода этиш мумкинлигини билдирган.
“Улар буни товон дейди. Балки биз буни музлатилган маблағларни қайтариш деб атармиз. Буни сиёсий жиҳатдан улар учун мақбул кўринадиган шаклда ифода этишнинг турли йўллари бор”, деган исми ошкор этилмаган америкалик мансабдор.
АҚШ ўз навбатида Эрондан бир қатор мажбуриятларни талаб қилмоқда. Улар қаторига ракета дастурини беш йилга тўхтатиб туриш, уран бойитишни бас қилиш ҳамда аввалги зарбалар нишонга олган Натанз, Исфаҳон ва Фордовдаги ядровий объектлардаги реакторларни демонтаж қилиш киради.
Шунингдек, Вашингтон центрифуга фаолияти устидан қатъий халқаро назорат ўрнатилишини, ракета масофасини чеклайдиган минтақавий қурол назорати келишувларини ва Эроннинг турли гуруҳларни молиялаштиришига чек қўйилишини истамоқда.
Трамп маслаҳатчилари ҳозир Эрон томонидан музокаралар учун энг самарали алоқа нуқтаси ким бўлиши мумкинлигини, шунингдек қайси давлат воситачи вазифасини бажара олишини ҳам муҳокама қилмоқда.
Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи аввалги музокараларда асосий воситачилардан бири бўлган. Бироқ айрим АҚШ расмийлари уни якуний келишувни тасдиқлаш учун етарли ваколатга эга эмас, деб ҳисобламоқда.
Вашингтон эҳтимолий воситачиларни ҳам кўриб чиқмоқда. Айрим амалдорлар Қатарни, унинг Ғазо бўйича музокаралардаги роли сабаб, мақбул вариант деб билмоқда. Бироқ хабарларга кўра, Қатар расмийлари асосий оммавий воситачи сифатида чиқишга унчалик қизиқиш билдирмаяпти.

Leave a Reply