ТИҚХММИДА БИР ЙИЛЛИК ШАРТНОМА, МАЖБУРИЙ ТАЪТИЛ ВА ҚОНУНДАН УСТУН “ИЧКИ ТАРТИБ”

Учрашувда қилинаётган муҳокамалар, олдинда столда ички тартиб ва меҳнат қонунига оид ҳужжатлар, орқада эса расмий муҳитда ўтирган комиссия аъзолари кўрсатилган.

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ўқитувчилари Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиб, ОТМда меҳнат қонунчилиги тизимли равишда бузилаётганини билдирмоқда. Мурожаатда ўқитувчилар билан қонунга зид тарзда ҳар йиллик муддатли шартнома тузиш, байрам кунларини меҳнат таътили ҳисобига “ёпиш”, ишга қабул буйруқларини кечиктириш, шунингдек Scopus талаблари орқали босим ўтказиш каби ҳолатлар тилга олинган. Муаллифлар буни битта университет эмас, бутун олий таълим тизими дарди деб атаб, муаммога фавқулодда ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилмоқда. Қуйида мурожаатни таҳрирсиз эътиборингизга ҳавола этамиз.


Давлат меҳнат инспекциясига “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ўқитувчиларидан мурожаат!

Биринчи масала

“ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университетида 600 дан зиёд ўқитувчи (шундан 480 нафари асосий штатда) ишлайди. Университет ўқитувчилар билан ҳар йили янгиланадиган 1 йиллик муддатли меҳнат шартномалари тузиб ишлатади. Мазкур амалиёт амалдаги меҳнат қонунчилигига зид ҳисобланади.

Ҳақиқатда, асосий штатдаги (ўриндош бўлмаган) ўқитувчи билан 1, 2, 3, 4 ёки 5 йиллик муддатли шартнома тузиш Меҳнат кодексига зид. Буни президентнинг 25.11.2025 йилдаги ПФ-231-сон фармони 3-иловасининг 12-бандида тан олинганини ва тузатиш Конгратбай Шариповга юклатилганини кўриш мумкин (https://t.me/doktorantlarofficial/6507). Аввало, муаммонинг тан олиб, 35 йил деганда унга ечим излашгани таҳсинга лойиқ, респект. Бироқ, муаммонинг илдизига назар ташласак, педагоглар билан муддатли шартнома тузиш амалиёти илгари ҳам мавжуд бўлган. Бироқ, бу Конституциявий суд уни Конституцияга зид деб топган (https://t.me/yuristkadr/15559). Лекин таълим тизими бугунги кунгача бу балодан қутилиб кета олмади. Нега?

Тангани иккинчи томонига ҳам қарайлик. Гарчи, ўқитувчи билан муддатли меҳнат шартномаси тузиш қонунга зид бўлса-да, қонун ижодкорлари томонидан қароқчилар учун дарча қолдириб кетилгандек гўё, масалан:

  1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрдаги 967-сон “Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар билан бир йиллик муддатли шартномалар тузиш амалиётини жорий этиш (https://lex.uz/docs/4628440);
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-60-сон “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларининг педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш ваколати (https://lex.uz/docs/5793261) борлиги;
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 4-иловасининг 6-боби 41-бандида Давлат бошқаруви ва сиёсати академиясида педагог билан бир ўқув йилига меҳнат шартнома қилиниши келтирилган (https://lex.uz/docs/7520315).

Таҳлили келтирилган ушбу қарор ва фармонларни бир-бирига зидлигини кўриб ҳайрон қолади киши. Балки уларни муаллифлари бир-бирига қарама-қарши клан вакиллари ёки уришиб қолган ҳуқуқшунослардир. Нима бўлганда ҳам уларни яраштириб қўйиш, муросага келтириш лозим. Акс ҳолда бир-бирини инкор қиладиган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар болалайверади, жабрини эса халқ тортаверади.

Иш берувчилар бу қарор-фармонлардан ходимлар зарарига унумли фойдаланмоқда. Лекин улар билмайдики, ҳеч бир қарор-фармон-буйруқ Конституциядан, кодексдан, давлат қонунларидан устун бўла олмайди. Буни фаҳмлаш учун 4 йил юридик университетда ўқиш шартмас, аслида. Майли холис таҳлилдан чекинмасдан давом этайлик. Бу муаммо фақат “ТИҚХММИ” МТУнинг муаммоси эмас, бу олий таълим тизимининг муаммоси. Бу дард билан балоланган ОТМ фақатгина “ТИҚХММИ” МТУ деб ўйламаймиз. Ўқитувчи билан муддатли шартнома қилиш борасида юристлар бонг урмоқда, судлар ўқитувчиларни қайта ишга тикламоқда, лекин тўғри ташкилий тизим ҳалиям шаклланмаяпти, тўғри хулоса чиқарилмаяпти, ҳуқуқ фақат расмий талаб қилганлар учунгина бўлиб қоляпти.

Бир йиллик меҳнат шартномаси тузиш амалиёти меҳнат ҳуқуқи бузилиши ҳисобланибгина қолмай, коррупция хавфини оширувчи муҳим омилдир. Коррупция деганда фақат пул олиш-бериш тушунилмайди. Ходим “шартномам узайтирилмай қолмасин” деган хавотир билан норасмий таъсирларга мойил бўлади. Жамоада раҳбариятга “ёқиш” тушунчаси авж олади. Раҳбарият эса шартнома узайтиришни таъсир воситаси сифатида ишлатиб, керак бўлса педагогни маймундай ўйнатади.

“ТИҚХММИ” МТУ мисолида: ходим билан ташкилот ўртасида меҳнат шартномасидан ташқари яна алоҳида расмий келишув мавжуд. Унга кўра ўқитувчи ўқув йили давомида Scopus базасидаги журналларда мақола чоп этиш мажбуриятини олади. Ва бу келишув бажарилмаса, келгуси ўқув йилидаги тақдири номалум. Мазкур келишувлар натижасида, университет Scopus базасида топ ишончсизлар қаторига кирди. Мақола чоп этиш университет қистови билан савдо-сотиққа айланиб бўлди. Нореал натижани орқасидан қувиш авж олган. Бундай сохта натижалар кун келиб нафақат университет, балки Ўзбекистон илм-фани учун қора доғ бўлади (telegra.ph). Лекин илмга қаратилган “бундай эътибор” фонида илмий раҳбарлик учун белгиланган ҳақ (https://t.me/doktorantlarofficial/6833) турли баҳолар билан тўлаб берилмайди, докторантини ҳам асосий тўлиқ штатда ишлашига рухсат берилмайди (https://t.me/xalqtaliminfo/3451). Хуллас, манфаатдор томонлар бу масалани ҳамон муаммолигича сақлаб келишмоқда. Ҳақини талаб қилган ходим кўзга ёмон кўриниб қолишдан қўрқади.

Конгратбай Шарипов каби раҳбарлар “ТИҚХММИ” МТУда узоқ вақт ишлашган. Балким ўқитувчилар шикоятчи бўлиб уларни кўзига ёмон кўриниб, кейинги фаолиятида улкан таъқибларга дучор бўлишдан қўрқар. Ёки дода университетга катта имкониятлар берган, бошқа ташкилотларни тиши ўтмайди, ёмон отлиқ бўлганим қолади деб ўйлар. Балким бир кун жойига тушар деб тишини тишига қўйиб юргандир. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу битта шахсни ёки ОТМни муаммоси эмас, бу тизимни муаммоси. Барча бир ёқадан бош чиқармас экан мустақиллигимизнинг 70-йиллигида ҳам шу каби муаммолар билан ўралашиб юраверамиз.

Университет кичик даргоҳ эмас, давлатни юзи, визиткаси. Олий таълим вазирлиги ҳозирча бу билан шуғуллана олмаса керак, чунки ўзларини ичида 100 минг кўкат билан қўлга тушаётганлар бор (https://t.me/xavfsizlik_uz/1930). Биз шуни учун Давлат меҳнат инспекциясини муаммони ҳар жиҳатдан бартараф этишга чорлаб қоламиз.

Иккинчи масала

Алоҳида ташвиш уйғотадиган ҳолатлардан бири сифатида, “ТИҚХММИ” МТУда харажатларни камайтириш мақсадида ўқитувчи ва ходимларни ишга қабул қилиш буйруқларини кечиктириш (ишга қабул қилиш аризасида сана ёздирмасдан олинади), байрам ва дам олиш кунларида ходимларни ёппасига мажбуран меҳнат таътилига чиқариш каби амалиётлар қўлланилаётгани қайд этилмоқда.

Масалан, 26.12.2025 йилдан 12.01.2026 йилгача ўқитувчилардан мажбурий меҳнат таътилига чиқишини талаб қилиб, кадрлар бўлимида тегишли ҳужжатларга маъмурий босим остида имзо қўйдириб олинди. Яъни 2026-йил Янги йил байрами муносабати билан давлат томонидан эълон қилинган расмий дам олиш кунлари учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақини тўламаслик мақсадида мазкур давр ходимларнинг йиллик асосий меҳнат таътили ҳисобидан расмийлаштирилган. Натижада ўқитувчилар қонун билан кафолатланган байрам кунлари учун алоҳида ҳақ олиш имкониятидан маҳрум этилган, шу билан бирга уларнинг ёзги даврда фойдаланиши лозим бўлган меҳнат таътили кунлари қисқартирилган. Харажатларни қисқартиришни кўзлаб қилинган бу ёндашув меҳнат муносабатларида тенглик, ихтиёрийлик ва адолат принципларига зид равишда қўлланилган механизм саналади. Чунки расмий эълон қилинган байрам кунлари ва йиллик меҳнат таътили ходимнинг дам олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ижтимоий кафолатдир. Бундай имкониятлардан аввало фуқаро сифатида, қолаверса давлат ташкилоти ходими ва муаллим сифатида фойдаланишга ҳақли эдик. Иш берувчи меҳнат қонунчилигининг мазмун-моҳиятини четлаб ўтиб ходимларни меҳнат ҳуқуқларини амалий жиҳатдан чеклашига Давлат меҳнат инспекцияси йўл қўймаслиги керак.

Университетнинг бундай ҳаракати ходимларнинг университетга ва давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотади. Қолаверса бу каби “амалиёт”лар давлат раҳбарининг ўқитувчини обрўйи ва маошини кўтараман деб ҳаракат қилаётган даврда бўлаётгани, президентга нисбатан ишончсизлик келтириб чиқаради.

Давлат меҳнат инспекциясидан университетда меҳнат қонунчилиги ва унинг мақсад-моҳиятига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш, барча меҳнат шартномаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланган тақдирда тегишли чорани кўриш ва етказилган зарарларни автоматик қоплатиш, ходимни ишга қабул қилиш буйруғини кечиктирмаслик, байрам ва дам олиш кунларида ходимни ихтиёрий-мажбурий меҳнат таътилига чиқармаслик ҳамда PhD/DSc ишларига илмий раҳбарлик учун белгиланган ҳақ берилиши каби масалаларини кўриб чиқишини сўраймиз.

Биз ОТМ бошқарув кенгаши раиси И.Абдурахмонов, ректор, олий таълим вазири ёки Касабани айбдор демоқчи эмасмиз. Бизга айбдор эмас — муаммони ҳал қилиб берганингиз керак.

Ҳурмат билан, Ўқитувчилар жамоаси!

ИНН: 200541002
Манзил: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Қори Ниёзий 49-уй.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *