СИРДАРЁДА ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ ЗИММАСИГА НОҚОНУНИЙ ЮКЛАМА ЮКЛАНМОҚДА

Кўплаб инспекторлар иш варақалари ортида турибди, иккиси ҳужжатлар билан суҳбатлашмоқда.

2026 йил 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган видеоселекторда профилактика инспекторларини йиллар давомида қийнаб келаётган икки асосий муаммо, ортиқча юклама ва беҳуда йиғилишларга чек қўйиш масаласи алоҳида таъкидланган эди. Бу йиғилиш кўплаб ходимларда тизим енгиллашади, амалдаги босим камаяди, деган умид уйғотган.

Аммо Элтузарга келиб тушган аноним мурожаат ва нашр суҳбатлашган Сирдарё вилоятидаги икки нафар профилактика инспекторига кўра, амалда ҳеч нарса ўзгармаган. Аксинча, вазият янада оғирлашган.

Манбалар айтишича, Сирдарё вилояти ички ишлар тизимида профилактика инспекторларига ҳали ҳам турли “кўрсаткич” ва “режа”лар юкланмоқда. Жумладан, ҳафтасига 20 та, кунига 3 та маъмурий баённома тузиш, ундирувни таъминлаш, жиноят “аниқлаш” каби талаблар қўйилаётгани айтилмоқда. Бу рақам кетидан қувиш тизими ҳали ҳам тирик эканини кўрсатади.

Бу талабларни бажара олмаган ходимларга нисбатан босим, ҳақорат ва қўпол муносабат қўлланилаётгани ҳақидаги маълумотлар ташвишланарлидир. Элтузар суҳбатлашган икки инспектор бир гуруҳ инспекторлар томонидан йўлланган аноним мурожаатдаги даъволарни тасдиқлаб, кечки ва тунги йиғилишлар, доимий танбеҳ ва ҳақоратомуз муомала одатий ҳолга айланганини айтди. Айрим ҳолатларда ходимлар соат 23:00 гача йиғилишга тортилаётгани билдирилди.

Хўш, шахсан президент Мирзиёев берган топшириқлар нега жойларга етганда йўқолиб қоляпти? Нега профилактика инспектори ишини енгиллатиш ўрнига уни янада эзиш, қўрқитиш ва рақам учун ишлатиш амалиёти давом этмоқда?

Профилактика инспектори жамоат хавфсизлигини таъминлаши, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиши керак. Лекин у қулдек бошқариладиган, кунлик ва ҳафталик “план”га мажбурланган, ҳар куни босим остида ишлайдиган тизимда самарали фаолият юритиши мумкинми?

Бу тарзда ишлатилган ходимдан ташаббус ёки холислик кутиш қийин. Агар инспекторнинг иши фақат баённома сони, ундирув рақами ва “кўрсаткич” билан ўлчанса, бундай тизим қонунни ҳимоя қилмайди, балки қоғоздаги ҳисоботни тўлдиради. Бу бутун жамият хавфсизлигига таҳдиддир.

Элтузар билан гаплашган манбаларга кўра, туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарлари ҳам юқоридан бўлаётган босим сабаб бу амалиётга қарши чиқолмаяпти. Улар ҳам навбатдаги танбеҳдан қўрқиб, юқоридан тушган топшириқларни сўзсиз бажаришга мажбур бўлмоқда. Натижада босим занжири тепадан пастгача тушяпти, энг оғир юк эса яна оддий профилактика инспектори елкасига ортилмоқда.

Давлатнинг ички барқарорлиги учун ишлаётган ходимларнинг ўзи тизим ичида эзилиб, нафрат билан ишлашга мажбур бўлмоқда. Бундай муҳитда самара ҳақида гапириш ҳам қийин. Қўрқув ва ҳақорат билан бошқариладиган тизимдан профессионаллик чиқмайди.

Сирдарё вилояти ички ишлар тизими раҳбарияти ушбу даъволарга очиқ ва асосли жавоб бериши керак. Агар Президент топшириқлари ҳақиқатан ҳам бажарилиши керак бўлса, аввало жойлардаги сунъий юклама, кечки йиғилишлар, ҳақорату дашномлар ва “режа учун ишлаш” амалиётига барҳам берилиши шарт.

Чунки масала битта фақат Сирдарё вилоятидаги вазият ҳақида эмас. Масала давлат номидан ишлаётган ходимнинг қадри, қонуний меҳнат шароити ва бутун тизимнинг соғлом ишлаши ҳақида кетяпти.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *