Category: Дунё

  • ТРАМП МАЪМУРИЯТИ ЭРОН БИЛАН ТИНЧЛИК МУЗОКАРАЛАРИ ФОРМАТИ УСТИДА ИШ БОШЛАГАНИ АЙТИЛМОҚДА

    ТРАМП МАЪМУРИЯТИ ЭРОН БИЛАН ТИНЧЛИК МУЗОКАРАЛАРИ ФОРМАТИ УСТИДА ИШ БОШЛАГАНИ АЙТИЛМОҚДА

    Трамп маъмурияти уч ҳафта давом этган урушдан кейин Эрон билан эҳтимолий тинчлик музокаралари қандай кўриниш олиши мумкинлиги бўйича дастлабки муҳокамаларни бошлаган. Бу ҳақда Axios нашри АҚШ расмийлари ва мавзуга яқин манбаларга таяниб хабар қилди.

    Хабарга кўра, ички муҳокамалар президент Дональд Трамп жума куни можарони “аста-секин тўхтатиш” имкониятини кўриб чиқаётганини айтган бир пайтга тўғри келган. Шу билан бирга, АҚШ расмийлари жанглар яна икки-уч ҳафта давом этиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Айни пайтда эса маслаҳатчилар эҳтимолий дипломатик жараён учун замин яратишга уринмоқда.

    Манбаларнинг айтишича, дастлабки музокараларга Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ҳамда президентнинг куёви Жаред Кушнер жалб қилинган.

    Урушни тўхтатиш бўйича ҳар қандай эҳтимолий келишув, эҳтимол, Ҳурмуз бўғозини қайта очиш, Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захиралари масаласини ҳал этиш, шунингдек Теҳроннинг ядровий дастури, баллистик ракеталари ва минтақадаги прокси гуруҳларни қўллаб-қувватлашига оид узоқ муддатли тартибни ўз ичига олиши мумкин.

    Сўнгги кунларда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот бўлмаган. Аммо Миср, Қатар ва Буюк Британия икки томон ўртасида хабар алмашишда воситачилик қилгани айтилмоқда.

    Томонларнинг шартлари

    Миср ва Қатар АҚШ ҳамда Исроилга Эрон музокараларга қизиқиш билдираётганини маълум қилган, аммо бу қатъий шартлар асосида бўлиши таъкидланган.

    Эрон томонининг шартлари орасида ўт очишни тўхтатиш, ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланмаслиги бўйича кафолатлар ва товон тўлаш масаласи бор.

    Трамп эса товон пули тўлаш талабини “муҳокамага арзимайдиган” масала сифатида рад этган. Шунга қарамай, АҚШ амалдорларидан бири бу масалани Эроннинг музлатилган активларини қайтариш тарзида ифода этиш мумкинлигини билдирган.

    “Улар буни товон дейди. Балки биз буни музлатилган маблағларни қайтариш деб атармиз. Буни сиёсий жиҳатдан улар учун мақбул кўринадиган шаклда ифода этишнинг турли йўллари бор”, деган исми ошкор этилмаган америкалик мансабдор.

    АҚШ ўз навбатида Эрондан бир қатор мажбуриятларни талаб қилмоқда. Улар қаторига ракета дастурини беш йилга тўхтатиб туриш, уран бойитишни бас қилиш ҳамда аввалги зарбалар нишонга олган Натанз, Исфаҳон ва Фордовдаги ядровий объектлардаги реакторларни демонтаж қилиш киради.

    Шунингдек, Вашингтон центрифуга фаолияти устидан қатъий халқаро назорат ўрнатилишини, ракета масофасини чеклайдиган минтақавий қурол назорати келишувларини ва Эроннинг турли гуруҳларни молиялаштиришига чек қўйилишини истамоқда.

    Трамп маслаҳатчилари ҳозир Эрон томонидан музокаралар учун энг самарали алоқа нуқтаси ким бўлиши мумкинлигини, шунингдек қайси давлат воситачи вазифасини бажара олишини ҳам муҳокама қилмоқда.

    Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи аввалги музокараларда асосий воситачилардан бири бўлган. Бироқ айрим АҚШ расмийлари уни якуний келишувни тасдиқлаш учун етарли ваколатга эга эмас, деб ҳисобламоқда.

    Вашингтон эҳтимолий воситачиларни ҳам кўриб чиқмоқда. Айрим амалдорлар Қатарни, унинг Ғазо бўйича музокаралардаги роли сабаб, мақбул вариант деб билмоқда. Бироқ хабарларга кўра, Қатар расмийлари асосий оммавий воситачи сифатида чиқишга унчалик қизиқиш билдирмаяпти.

  • ЎЗБЕКИСТОН БАХТИЁРЛАР РЕЙТИНГИДА 53-ЎРИННИ ЭГАЛЛАДИ

    ЎЗБЕКИСТОН БАХТИЁРЛАР РЕЙТИНГИДА 53-ЎРИННИ ЭГАЛЛАДИ

    World Happiness Report 2026 ҳисоботига кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтингида 53-ўриндан жой олди. Ҳисоботда мамлакатнинг ўртача кўрсаткичи 6.283 балл этиб баҳоланган.)

    Ҳисоботга кўра, кетма-кет тўққизинчи йил Финляндия дунёнинг энг бахтли мамлакати деб топилди. Кейинги ўринларни Исландия, Дания, Швеция ва Норвегия эгаллади.

    Ўзбекистон бу йилги рейтингда жаҳон миқёсида рўйхатнинг ўрта қисмида қайд этилди. Постсовет мамлакатлари орасида энг яхши натижа Қозоғистонга тегишли бўлиб, у 33-ўринни эгаллади.

    Бу натижа Ўзбекистоннинг рўйхатнинг юқори қисмига чиққани йўқлигини, аммо энг қуйи қатламда ҳам эмаслигини кўрсатади. Яъни мамлакат глобал рейтингда ўртадан юқорироқ жойлашган давлатлар қаторида қайд этилган.

    Ҳисобот муаллифлари бахт тушунчасини шунчаки кайфият ёки бир кунлик ҳиссиёт билан эмас, балки одамларнинг ўз ҳаётини қандай баҳолаши орқали ўлчайди.

    Шу маънода, Ўзбекистоннинг 53-ўринда туриши мамлакат аҳолиси ҳаётни мутлақо ёмон деб ҳам, жуда юқори даражада фаровон деб ҳам баҳоламаётганини англатади. Бу – ўртамиёна барқарорлик, лекин ҳали юқори лигага чиқиш учун етарли эмас, дегани.

    Шунингдек, ҳисоботда Россия 79-ўрин, Украина 111-ўрин билан қайд этилган. Рейтингнинг энг қуйи поғонасидан эса яна Афғонистон ўрин олган.

    World Happiness Report дунё мамлакатларида ҳаётдан қониқиш даражасини баҳолайдиган нуфузли халқаро ҳисоботлардан бири ҳисобланади. Унда мамлакатлар аҳолисининг ҳаётга баҳо бериш кўрсаткичлари асос қилиб олинади.

  • ПЕНТАГОН ЭРОН УРУШИ УЧУН 200 МИЛЛИАРД ДОЛЛАРДАН ОРТИҚ МАБЛАҒ СЎРАДИ

    ПЕНТАГОН ЭРОН УРУШИ УЧУН 200 МИЛЛИАРД ДОЛЛАРДАН ОРТИҚ МАБЛАҒ СЎРАДИ

    АҚШ Пентагони Эронга қарши давом этаётган ҳарбий операцияларни молиялаштириш учун 200 миллиард доллардан ортиқ қўшимча маблағ ажратиш бўйича сўров тайёрлаган.

    Бу ҳақда дастлаб The Washington Post хабар берди, кейинроқ маълумотни Reuters ва Associated Press ҳам тасдиқлади.

    Хабарларга кўра, сўралган маблағ Эронга қарши жанговор амалиётларни давом эттириш, ишлатилган ўқ-дори ва юқори аниқликдаги қурол-яроғ захирасини тўлдириш, шунингдек ҳарбий саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш учун керак. The Wall Street Journal маълумотига кўра, Пентагоннинг амалдаги раҳбарияти бу маблағ амалдаги 2026 йил мудофаа бюджетидан ташқари бўлишини айтган.

    Шу билан бирга, Пентагон амалдорлари урушнинг дастлабки олти кунининг ўзида тахминан 11,3 миллиард доллар сарфланганини маълум қилган. Айрим таҳлилчиларга кўра, агар можаро узоқ давом этса ёки кенгайса, умумий харажатлар анча юқорига чиқиши мумкин.

    Қўшимча маблағ ажратиш масаласи Конгрессда жиддий баҳсларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Хусусан, демократлар ва айрим бюджет тежамкор республикачилар урушнинг нархи, мақсади ва давомийлигини савол остига олмоқда.

  • УРУШ ТАҚДИРИНИ ФРОНТ ЭМАС, ҲУРМУЗ ҲАЛ ҚИЛАДИ

    УРУШ ТАҚДИРИНИ ФРОНТ ЭМАС, ҲУРМУЗ ҲАЛ ҚИЛАДИ

    Ҳурмуз бўғози бу урушнинг ҳақиқий синов майдонига айланмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида қай томоннинг ғолиб бўлиши айнан шу бўғозини ким назорат қилишига боғлиқ. Ҳурмуз орқали дунёдаги денгиз йўли билан ташиладиган нефтнинг тахминан бешдан бир қисми ўтади. Шунинг учун бу ерда география дарҳол сиёсий қудратга айланади.

    Трамп учун хавф фақат уруш жабҳаси эмас. Олдинда Конгресс оралиқ сайловлари турибди, ёқилғи нархининг сакраши эса ички сиёсатга ҳар қандай ҳарбий ҳисоботдан кўра тезроқ ва қаттиқроқ зарба беради.

    Тарихда бунга ўхшаш ҳодисалар кўп бўлган. 1956 йилда Британия Суэц канали устидан ҳарбий назорат ўрнатди. Аммо сиёсий жиҳатдан Британия империяси ютқазди. Суэц канални ушлаб туриш уни босиб олишдан анча қийин кечди. Натижада Британия империя мақомини йўқотди.

    1980-йиллардаги “танкерлар уруши”да Форс кўрфазидаги кема қатновига ҳужумлар АҚШни танкерларга ҳамроҳлик қилишга мажбурлади. Аммо шунда ҳам Вашингтон Форс кўрфазида кемалар хавфсизлигини тўлиқ таъминлай олмади. Вьетнам уруши эса яна бир ҳақиқатни кўрсатиб қўйди: кўпинча урушда қаттиқроқ зарба берган эмас, бу зарбага бардош бера олган томон ғалаба қилади.

    Шунинг учун бугунги ҳисоб-китоб ҳам аниқ. Эрон узоқ давом этадиган, оғриқли ва аста секин кучайиб борадиган урушга умид қиляпти. Теҳрон оғир зарбани қабул қилиб бўлса-да, Америка учун уруш баҳосини оширишга, Вашингтонни ғалаба ҳақида эмас, бензин, иттифоқчилар ва урушда тез ғалаба қилиш ҳақида ўйлашга мажбурлаяпти.

    Вашингтон эса Ҳурмуз бўғози учун урушда уни тез оча олиши ва тартибни ўрната олишини исботлаши керак.

    Аммо бугун кўрдикки, АҚШнинг энг яқин иттифоқчилариям кўрфазга кемалар юборишга шошилмаяпти. Урушга қўшилишдан очиқа бош тортмоқда.

    Демак, Ҳурмузда синовдан фақат флотлар эмас, балки коалицияларнинг иродаси ҳам ўтаяпти. Ҳурмуз учун кураш сув йўли учун эмас. Бу обрў, чидам ва сиёсий ирода учун курашдир.
    Ҳозирча Эрон камида бир нарсани уддалаётгани аниқ. Теҳрон қарши томон учун урушнинг баҳосини ошиб бормоқда.

  • АФҒОНИСТОНДА ТОЖИКИСТОНЛИК ШИФОКОР АЁЛ СИРЛИ ТАРЗДА ЎЛДИРИЛДИ

    АФҒОНИСТОНДА ТОЖИКИСТОНЛИК ШИФОКОР АЁЛ СИРЛИ ТАРЗДА ЎЛДИРИЛДИ

    Афғонистонда қарийб саккиз йил давомида муҳтож аёллар ва қизларга тиббий хизмат кўрсатиб келган тожикистонлик аёл шифокор Кундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманида сирли тарзда ўлдирилди.

    Марҳума Адолат Ҳамидованинг яқинлари маълум қилишича, 54 ёшли тожикистонлик шифокор 12 март куни ўз уйида номаълум шахслар томонидан пичоқланиб ўлдирилган. Оиласининг айтишича, унга орқа томондан бир марта ва юрак соҳасига икки марта пичоқ урилган.

    Қўшнилар ёрдам чақириқ овозини эшитиб, уни қутқаришга уринган ва шифохонага етказган. Бироқ шифокорнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

    Адолат Ҳамидова сўнгги саккиз йил ичида Имом Соҳиб туманидаги хусусий шифохоналардан бирида ишлаб келган. У ҳаётининг катта қисмини тиббий хизматдан етарлича фойдалана олмайдиган аёллар ва қизларни даволашга бағишлаган эди.

    Маълумотларга кўра, у Рамазон ҳайити арафасида оиласи билан кўришиш учун Тожикистонга қайтмоқчи бўлган. Аммо яқинлари билан учрашиш ўрнига унинг жасади Кўлоб шаҳрига олиб кетилиб, ўша ерда дафн этилган. Унинг ортидан 14 ёшли қизи қолди.

    Хабарларга кўра, ушбу иш доирасида унинг афғон турмуш ўртоғи қўлга олинган. Аммо қотиллик сабаби ҳозирча аниқ эмас. Толибон расмийлари ҳамда Тожикистон ҳукумати ҳозиргача бу воқеа бўйича расмий изоҳ бергани йўқ.

    Бу қотиллик Афғонистонда, айниқса аёл шифокорлар етишмовчилиги кескинлашган бир пайтда содир бўлди. Толибоннинг қизлар таълимига қўйган кенг кўламли чекловлари ва уларнинг тиббий ўқув муассасаларида таҳсил олишини тақиқлаши аёллар учун тиббий хизмат келажаги борасида хавотирларни янада кучайтирмоқда.

    Сўнгги йилларда Афғонистондаги кўплаб аёл шифокорлар ҳам чекловлар ва хавфсизлик муаммолари туфайли мамлакатни тарк этди. Бу эса аёллар ва қизларнинг даволаниш имкониятларини янада қийинлаштирди.

  • ЛАРИЖОНИЙ ИСЛОМ ДАВЛАТЛАРИНИ ЭРОННИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ЧАҚИРДИ

    ЛАРИЖОНИЙ ИСЛОМ ДАВЛАТЛАРИНИ ЭРОННИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ЧАҚИРДИ

    Эроннинг таниқли сиёсий арбоби Али Ларижоний мусулмонлар ва исломий давлатлар ҳукуматларига йўллаган очиқ мактубида Эронга қарши ҳужумларни кескин қоралади ва минтақадаги вазият юзасидан ислом оламини бирликка чақирди.

    Ларижоний мактубида Эрон музокаралар жараёнида “Америка-сионист ҳужуми”га учраганини таъкидлаб, бу ҳужум оқибатида юқори мартабали шахслар, тинч аҳоли ва ҳарбий қўмондонлар ҳалок бўлганини билдирди. Унинг айтишича, шунга қарамай, Эрон халқи ҳужумларга қарши қатъий қаршилик кўрсатган.

    Мактубда айрим истиснолардан ташқари, аксарият ислом давлатлари Эрон халқи ёнида турмагани танқид қилинган. Ларижоний шу билан бирга, Эрон ўз иродаси билан рақиб томонни стратегик босим остида қолдирганини иддао қилди.

    Шунингдек, у баъзи мусулмон давлатларининг позициясини танқид қилиб, Америка ва Исроилга қарши курашда Эрон ҳамда қаршилик кучлари билан бир сафда туришга чақирди. Ларижонийга кўра, ўз ҳудудидаги Америка базаларидан Эронга қарши фойдаланилаётган бир пайтда Теҳроннинг жавобисиз қолиши мумкин эмас.

    Мурожаатнинг якуний қисмида Ларижоний ислом оламининг келажаги ҳақида ўйлашга чақириб, АҚШни ишончли ҳамкор эмас, Исроилни эса душман деб атади. У Эрон минтақада ҳукмронликка интилмаётганини, балки ўзини “самимий маслаҳатчи” деб билишини қайд этди.

    Ларижоний, шунингдек, ислом умматининг бирлиги таъминланса, бу барча мусулмон давлатлар учун хавфсизлик, тараққиёт ва мустақилликка замин яратишини таъкидлади.

  • РОССИЯГА ҚУРОЛ ЕТКАЗИБ БЕРГАН ЭРОН ЭНДИ УКРАИНАГА ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    РОССИЯГА ҚУРОЛ ЕТКАЗИБ БЕРГАН ЭРОН ЭНДИ УКРАИНАГА ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    Украина Исроилга дронлар билан ёрдам бераётгани сабаб Эрон Украинани ўзининг қонуний зарба нишони деб эълон қилди.

    Эрон парламенти Миллий хавфсизлик комиссияси раиси Иброҳим Азизий Украинага зарба бериш билан таҳдид қилди. Сабаб — Яқин Шарқдаги уруш фонида Украинанинг Исроилга дронлар билан ёрдам бераётгани ҳақидаги даъволар бўлмоқда.

    Киев ва Теҳрон орасидаги масофа тахминан 2 300 километрни ташкил қилади. Эроннинг “Хуррамшаҳр”, “Сижжил” ва “Шаҳоб-3” каби ракеталари 2 000 километрдан ортиқ масофага уча олади, шунинг учун улар Украина шаҳарларигача етиб бориши мумкин.

    Эслатиб ўтиш жоизки, 2022 йил бошидан бери Эрон Россияга Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 3 миллиард долларлик қурол-яроқ сотган. Бироқ Украина ҳеч қачон Эронга бевосита ҳужум билан таҳдид қилмаган эди.

  • СЕНАТОР КРИС МЁРФИ: «ТРАМП ЭРОН БИЛАН УРУШ УСТИДАН НАЗОРАТНИ ЙЎҚОТДИ»

    СЕНАТОР КРИС МЁРФИ: «ТРАМП ЭРОН БИЛАН УРУШ УСТИДАН НАЗОРАТНИ ЙЎҚОТДИ»

    Демократ сенатор Крис Мёрфи Дональд Трамп маъмурияти Эрон билан бўлаётган уруш устидан «назоратни йўқотганини» ва Теҳроннинг жавоб бериш салоҳиятини жиддий баҳоламаганини билдирди.

    Мёрфининг айтишича, асосий муаммолардан бири – Эрон томонидан Ҳурмуз бўғозининг ёпилиши бўлди. Унинг таъкидлашича, Трамп бу ҳолатни амалга ошиши мумкин эмас деб ҳисоблаган.

    Сенатор огоҳлантиришича, агар бўғоз ёпиқ ҳолда қолса, бу бутун дунё учун жиддий иқтисодий ва сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин.

    Унинг сўзларига кўра, АҚШда ҳозирча кемалар ҳаракатини тиклаш бўйича аниқ режа йўқ. Чунки Эронда кўп сонли дронлар, тезюрар қайиқлар ва денгиз миналари мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш жуда қийин.

    Мёрфи шунингдек, уруш «дронлар уруши»га айланиб бораётганини, Эрон эса минтақадаги нефть инфратузилмасига зарбалар беришни давом эттира олишини айтди.

    Сенатор можаро янада кенгайиб, Ливан, Сурия ва Яманни ҳам қамраб олиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

    У Трамп маъмуриятини ҳарбий операцияни тўхтатишга чақириб, қуруқликдаги ҳарбий босқин «Охирзамон уруши»га ва минглаб америкалик аскарлар ҳалок бўлишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

  • FINANCIAL TIMES: ЭРОНДАГИ УРУШ САБАБ ДУНЁГА ГЛОБАЛ ОЗИҚ-ОВҚАТ ИНҚИРОЗИ ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    FINANCIAL TIMES: ЭРОНДАГИ УРУШ САБАБ ДУНЁГА ГЛОБАЛ ОЗИҚ-ОВҚАТ ИНҚИРОЗИ ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    Карбамид, яъни муҳим азотли ўғит етказиб беришдаги узилишлар жаҳон таъминот занжирларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

    Ҳозирнинг ўзида Форс кўрфазида 1,1 миллион тоннадан ортиқ карбамид тўпланиб қолган.

    Яқин Шарқ ўғитлар ва энергия ресурслари етказиб беришда ҳал қилувчи ўрин тутади.

    Жаҳон карбамид экспортининг тахминан учдан бир қисми Эрон томонидан ёпилган Ҳурмуз бўғози орқали ўтади.

    Бундан ташқари, табиий газ танқислиги сабаб Осиёдаги айрим ўғит ишлаб чиқарувчи заводлар ўз фаолиятини тўхтатган.

    Можаро бошланганидан бери карбамид нархи 40 фоиздан зиёд ошган.

  • ТРАМП ҲУРМУЗ БЎҒОЗИНИ ҚЎРИҚЛАШ УЧУН БОШҚА ДАВЛАТЛАРНИ ҲАРБИЙ КЕМАЛАР ЮБОРИШГА ЧАҚИРДИ

    ТРАМП ҲУРМУЗ БЎҒОЗИНИ ҚЎРИҚЛАШ УЧУН БОШҚА ДАВЛАТЛАРНИ ҲАРБИЙ КЕМАЛАР ЮБОРИШГА ЧАҚИРДИ

    АҚШ президенти Дональд Трамп шанба куни бошқа давлатларни Ҳурмуз бўғозига ҳарбий кемалар юборишга чақирди. Бу чақириқ Эрон Вашингтоннинг Форс кўрфазидаги асосий энергетика тугуни саналган Харг оролига берган зарбасидан кейин Яқин Шарқ бўйлаб можарони янада кенгайтириш билан таҳдид қилган бир пайтда янгради.

    Ҳурмуз бўғози нефть ва газ ташиш учун энг муҳим денгиз йўлакларидан бири ҳисобланади. Теҳроннинг ушбу бўғоз орқали юк ташишни тўхтатиб қўйиш имконияти АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нисбатан катта босим воситасига айланиши мумкин.

    Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида, “Ҳурмуз бўғози орқали нефть оладиган дунё давлатлари ўша йўлак хавфсизлигини таъминлаши керак, биз эса катта ёрдам берамиз. АҚШ ҳам бу давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, барча ишларни тез, равон ва самарали тарзда мувофиқлаштиради”, деб ёзди.

    Уруш учинчи ҳафтасига кирган бир пайтда, Эрон АҚШ кучларининг Харг оролидаги ҳарбий объектларга зарбасидан кейин ҳам қаршилик кайфиятини намоён қилди. Мазкур орол Эрон нефть экспортининг қарийб 90 фоизини қабул қиладиган асосий нуқта ҳисобланади. Бу орада дрон ҳужуми Бирлашган Араб Амирликларидаги энергетика маркази фаолиятига ҳам халал берган. АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ўз фуқароларини Ироқни тарк этишга чақирган бўлса, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШдан ўз саноат объектларини минтақадан олиб чиқишни талаб қилди.

    Исроил ва АҚШнинг 28 февралдан буён Эронга қарши бошлаган ҳужумлари оқибатида 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Қурбонларнинг асосий қисми Эрон ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, можаро нефть таъминотида тарихдаги энг йирик узилишлардан бирини келтириб чиқариб, жаҳон бозорида нархларни оширган.

    Шанба куни Эроннинг марказий Исфаҳон шаҳрида совутгич ва иситгич ишлаб чиқарадиган заводга берилган ҳаво зарбаси оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлгани ҳақида яримрасмий Fars агентлиги хабар қилди. Исроил ҳарбийлари эса бу хабарга дарҳол изоҳ бермади.

    Саноат ва савдо манбаларига кўра, БААнинг кемаларга ёқилғи қуйиш бўйича жаҳон миқёсидаги муҳим марказларидан бири саналган Фужайра амирлигида нефть юклашнинг айрим операциялари тўхтатиб қўйилган. Амирлик матбуот хизмати дрон тўхтатиб қолинганини билдирган, аммо шанба кечигача фуқаролик мудофааси кучлари парчалар тушиши ортидан чиққан ёнғинни ўчиришга уринаётгани айтилди.

    Эрон ҳарбийлари вакили эса БАА аҳолисини портлар, доклар ва “америкаликларнинг паноҳ жойлари”дан узоқроқ туришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ кучлари айнан шу ҳудудлардан туриб Эрон оролларига зарба берган.