Эроннинг таниқли сиёсий арбоби Али Ларижоний мусулмонлар ва исломий давлатлар ҳукуматларига йўллаган очиқ мактубида Эронга қарши ҳужумларни кескин қоралади ва минтақадаги вазият юзасидан ислом оламини бирликка чақирди.
Ларижоний мактубида Эрон музокаралар жараёнида “Америка-сионист ҳужуми”га учраганини таъкидлаб, бу ҳужум оқибатида юқори мартабали шахслар, тинч аҳоли ва ҳарбий қўмондонлар ҳалок бўлганини билдирди. Унинг айтишича, шунга қарамай, Эрон халқи ҳужумларга қарши қатъий қаршилик кўрсатган.
Мактубда айрим истиснолардан ташқари, аксарият ислом давлатлари Эрон халқи ёнида турмагани танқид қилинган. Ларижоний шу билан бирга, Эрон ўз иродаси билан рақиб томонни стратегик босим остида қолдирганини иддао қилди.
Шунингдек, у баъзи мусулмон давлатларининг позициясини танқид қилиб, Америка ва Исроилга қарши курашда Эрон ҳамда қаршилик кучлари билан бир сафда туришга чақирди. Ларижонийга кўра, ўз ҳудудидаги Америка базаларидан Эронга қарши фойдаланилаётган бир пайтда Теҳроннинг жавобисиз қолиши мумкин эмас.
Мурожаатнинг якуний қисмида Ларижоний ислом оламининг келажаги ҳақида ўйлашга чақириб, АҚШни ишончли ҳамкор эмас, Исроилни эса душман деб атади. У Эрон минтақада ҳукмронликка интилмаётганини, балки ўзини “самимий маслаҳатчи” деб билишини қайд этди.
Ларижоний, шунингдек, ислом умматининг бирлиги таъминланса, бу барча мусулмон давлатлар учун хавфсизлик, тараққиёт ва мустақилликка замин яратишини таъкидлади.

Leave a Reply