Ҳурмуз бўғози бу урушнинг ҳақиқий синов майдонига айланмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида қай томоннинг ғолиб бўлиши айнан шу бўғозини ким назорат қилишига боғлиқ. Ҳурмуз орқали дунёдаги денгиз йўли билан ташиладиган нефтнинг тахминан бешдан бир қисми ўтади. Шунинг учун бу ерда география дарҳол сиёсий қудратга айланади.
Трамп учун хавф фақат уруш жабҳаси эмас. Олдинда Конгресс оралиқ сайловлари турибди, ёқилғи нархининг сакраши эса ички сиёсатга ҳар қандай ҳарбий ҳисоботдан кўра тезроқ ва қаттиқроқ зарба беради.
Тарихда бунга ўхшаш ҳодисалар кўп бўлган. 1956 йилда Британия Суэц канали устидан ҳарбий назорат ўрнатди. Аммо сиёсий жиҳатдан Британия империяси ютқазди. Суэц канални ушлаб туриш уни босиб олишдан анча қийин кечди. Натижада Британия империя мақомини йўқотди.
1980-йиллардаги “танкерлар уруши”да Форс кўрфазидаги кема қатновига ҳужумлар АҚШни танкерларга ҳамроҳлик қилишга мажбурлади. Аммо шунда ҳам Вашингтон Форс кўрфазида кемалар хавфсизлигини тўлиқ таъминлай олмади. Вьетнам уруши эса яна бир ҳақиқатни кўрсатиб қўйди: кўпинча урушда қаттиқроқ зарба берган эмас, бу зарбага бардош бера олган томон ғалаба қилади.
Шунинг учун бугунги ҳисоб-китоб ҳам аниқ. Эрон узоқ давом этадиган, оғриқли ва аста секин кучайиб борадиган урушга умид қиляпти. Теҳрон оғир зарбани қабул қилиб бўлса-да, Америка учун уруш баҳосини оширишга, Вашингтонни ғалаба ҳақида эмас, бензин, иттифоқчилар ва урушда тез ғалаба қилиш ҳақида ўйлашга мажбурлаяпти.
Вашингтон эса Ҳурмуз бўғози учун урушда уни тез оча олиши ва тартибни ўрната олишини исботлаши керак.
Аммо бугун кўрдикки, АҚШнинг энг яқин иттифоқчилариям кўрфазга кемалар юборишга шошилмаяпти. Урушга қўшилишдан очиқа бош тортмоқда.
Демак, Ҳурмузда синовдан фақат флотлар эмас, балки коалицияларнинг иродаси ҳам ўтаяпти. Ҳурмуз учун кураш сув йўли учун эмас. Бу обрў, чидам ва сиёсий ирода учун курашдир.
Ҳозирча Эрон камида бир нарсани уддалаётгани аниқ. Теҳрон қарши томон учун урушнинг баҳосини ошиб бормоқда.

Leave a Reply