Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани Мирзо Турсунзода кўчасида қурилган енгил турдаги савдо ва маиший хизмат шохобчалари атрофидаги низо яна жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Маҳалла аҳолиси ва айрим фуқаролар ушбу иншоотлар ноқонуний қурилгани, шаҳарсозлик талабларига зид жойлаштирилгани ҳамда улар юзасидан қабул қилинган сўнгги суд қарори адолатли эмаслигини билдирмоқда.
Фуқароларнинг айтишича, улар “Bobur Invest Group” МЧЖ билан сўнгги уч йил давомида судлашиб келмоқда. Мурожаатларда таъкидланишича, аввалги суд инстанциялари биноларнинг жойлашуви, газ қувури яқинида қурилгани ва автотураргоҳ ҳудудида дўкон қуриш мумкин эмаслиги каби ҳолатларни инобатга олган.
Бироқ норози томон фикрича, Ўзбекистон Республикаси Олий суди мазкур важларни етарлича ҳисобга олмасдан, компания фойдасига қарор чиқарган.
Суд ҳужжатларига кўра, 2026 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати Тошкент шаҳар маъмурий судлари қарорларини қайта кўриб чиққан. Якунда қуйи инстанциялар қарорлари бекор қилиниб, “BOBUR INVEST GROUP” МЧЖнинг шикояти қаноатлантирилган. Қарорга асосан, аввалги суд ҳужжатлари бекор қилинган, давлат божи ва суд харажатлари эса аризачилар зиммасига юклатилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, низо Янгиҳаёт тумани Мирзо Турсунзода кўчасидаги 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8 ва 9-уйлар оралиғида қурилган савдо ва маиший хизмат шохобчалари билан боғлиқ. Суд материалларида “BOBUR INVEST GROUP” МЧЖ ушбу қурилишлар учун лойиҳа-смета ҳужжатлари, айрим идоралар хулосалари ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилган ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлигини келтирган.
Шу билан бирга, Олий суд қарорида аввалги инстанциялар хулосалари ҳам акс этган. Уларда аҳоли мурожаатларида иншоотлар турар жой ҳудудига яқин қурилгани, табиий газ ва ирригация тармоқлари ўтган ҳудудда хавфсизлик масалалари мавжудлиги, шунингдек, умумий фойдаланиш ҳудуди ва автотураргоҳ майдонидан самарали фойдаланишга доир эътирозлар баён қилинган.
Мурожаат муаллифлари масала фақат қурилиш қонунийлиги билан чекланмаслигини, балки сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиши, мансабдорлар билан тил бириктириш ва босим ўтказиш ҳолатлари бўлиши мумкинлигини ҳам иддао қилмоқда. Айни пайтда, бу иддаолар суд ҳужжатлари билан тасдиқланмаган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий хулосаси эса очиқланмаган.
Олий суд ҳужжатида эса баҳсли объектлар бўйича архитектура, қурилиш ва фавқулодда вазиятлар соҳасига оид қатор ҳужжатлар тақдим этилгани қайд этилган. Шу асосда қуйи судлар қарорлари процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келмайди, деган хулоса берилган.

Leave a Reply