ЖИЗЗАХ ЙҲХБ ХОДИМЛАРИ 15 ТА БАЁННОМА ТЎЛДИРИШГА МАЖБУР

ЙҲХБ формасидаги ходим тунги вақтда кўплаб ҳужжатларни тўлдирмоқда. Орқа фонда бошқа ходим ва бинолар кўринмоқда.

Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тизимида хизмат қилаётган ходимлар устидан босим, мажбурий “режа” ва меҳнат қонунчилигига зид тартиблар қўлланилаётгани ҳақида Элтузарга ўта жиддий мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда келтирилган иддаоларга кўра, вилоят ЙҲХБ бошлиғи А. Сайидахмадов йўл-патрул хизмати ходимларидан ҳар куни 15 тадан маъмурий баённома талаб қилмоқда.

Мурожаат муаллифи таъкидлашича, бу очиқча “баённома учун баённома” ёздириш амалиётига айланган. Иддаога кўра, кунлик меъёрни бажармаган ходимлар иш вақти тугагач ҳам қўйиб юборилмайди, аксинча кечки соат 22:00 дан кейин сафга тизилади, ҳақорат эшитади ва кесин танқид қилинади. Бунинг ортидан эса ходимлар яна кўчага чиқиб, ҳар қандай йўл билан баённома тўлдиришга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.

Мурожаатда энг ташвишли нуқталардан бири шуки, бундай босим остида чарчаган, руҳий зўриққан ходимлар фуқаролар билан қўпол муомала қилишга мажбур бўлаётгани қайд этилган. Муаллифнинг иддаосига кўра, кечқурун уйга вақтида кетиш илинжида айрим ходимлар ҳатто ёши улуғ ҳайдовчиларга ҳам асоссиз ёки шошилинч тарзда баённома ёзишга ўтиб кетмоқда.

Мурожаатда яна бир оғриқли масала кўтарилган: ходимларнинг иш куни амалда эрталаб соат 06:30 да бошланади, кечқурун эса яна йиғин, яна ҳисобот бор. Айрим ходимлар хизмат жойига 70-100 километр узоқ туманлардан қатнаб келади. Бир кунда икки марта йиғилишга келиб-кетиш эса уларнинг ҳам вақтини, ҳам ёқилғи ва йўл харажатини, ҳам соғлиғини еб битирмоқда.

Мурожаат муаллифи бундай муҳит охир-оқибат ходимларни коррупцияга мажбурлаётганини очиқ ёзган. Чунки инсондан қонунни адолат билан қўллаш эмас, балки ҳар куни белгиланган сонда баённома “топшириш” талаб қилинса, у бир пайт келиб натижа учун эмас, рақам учун ишлай бошлайди. Бу эса тизимни ичи-ичидан емирувчи хавфли ҳолатдир.

Ҳозирча Жиззах вилояти ИИБ, ЙҲХБ раҳбарияти ёки бошқа ваколатли идоралар мазкур иддаолар юзасидан расмий муносабат билдиргани йўқ. Шу боис хабарда келтирилган ҳолатлар мурожаат муаллифининг даъволари эканини таъкидлаймиз.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *