АНДИЖОНДА ЙҲХХ МАЙОРИ ПОРА БИЛАН ҚЎЛГА ТУШДИ

Андижон вилоятининг Бўстон туманида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ўрнига, шахсий молиявий хавфсизлигини мустаҳкамлашга ўтиб кетган катта инспектор қўлга тушди.

Расмий маълумотларга кўра, Бўстон тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХХ гуруҳи катта инспектори, майор Иқболбек Ўразов фуқародан 500 АҚШ доллари талаб қилганликда гумоланмоқда.

Гап шундаки, у йўл-транспорт ҳодисасига оид ҳужжатларни “ижобий ҳал қилиб бериш” эвазига мазкур суммани сўраган. Оддийроқ айтганда, қонун китобини бир четга суриб, “доллар билан ҳал қилиш” йўлини танлаган.

Фуқаро Бахтиёр Муллажонов бу ҳақда ДХХ деган тегишли идорага мурожаат қилиб, майор жанобларининг “хизмат тарифи”ни фош қилган. Маълум бўлишича, инспектор фақат қоғозни эмас, ҳатто суд-тиббий экспертизаси хулосасини ҳам “мослаштириб бериш” ҳақида ваъда берган.

16 март куни соат 12:50 атрофида ўтказилган тезкор тадбирда майор Иқболбек Ўразов 500 долларни олаётган вақтда уни шаппа босиб олиб кетишди. Пул ҳам узоққа қочмаган экан, хизмат хонасидан чиқди. Қисқаси, “далил” деган нарса бу сафар протоколга ўзи кириб келган.

Ҳозирда майор қамағда. Бир кунда ҳам пора кетди, ҳам обрў, ҳам мансаб. Энди унинг хизмат йўлида янги белгилар пайдо бўлиши мумкин:

“майорлик рутбаси бекор бўлади”,
“ишдан статья билан бўшалади”,
“пенсия бекор бўлади”,
ва энг қизиғи, бир неча йиллик “санаторий йўлланмаси” ҳам тайин майор Иқболбекка.

Шундай қилиб, ЙҲХХда “қўлни кўтаринг” деган ишорани нотўғри тушунган майор, 500 долларга қўл чўзиб, охири темир панжара ортигача етиб борди.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *