Blog

  • ТРАМП ЯНА ҲАММАСИНИ АЙТДИ. ЎЗИГА ЎЗИ ЗИД ГАПНИ ҲАМ ХУДДИ ШУ ОҲАНГДА ТАКРОРЛАДИ.

    ТРАМП ЯНА ҲАММАСИНИ АЙТДИ. ЎЗИГА ЎЗИ ЗИД ГАПНИ ҲАМ ХУДДИ ШУ ОҲАНГДА ТАКРОРЛАДИ.

    Доналд Трампда кам учрайдиган сиёсий “истеъдод” бор: у бир хил гапни қайта-қайта шундай айтадики, ҳар сафар бу янги гапдек туюлаверади. Кеча ва бугун у яна ўзининг севимли жанрида чиқиш қилди: таҳдид, ўзини мақташ, мужмал жумлалар ва тарафдорлари “чуқур стратегия” деб қабул қиладиган тушунарсиз понос гаплар.

    “«Уруш жуда тез тугайди». «У анча тез якунланади». «Бу қисқа муддатли бир чиқиш бўлади». «Бу саёҳатга ўхшайди»”

    Яъни, агар трампча тилдан оддий инсон тилига таржима қилсак, режа тахминан шундай:

    “ҳаммаси деярли тугаган, гарчи ҳали тугамаган бўлса-да, лекин барибир тугайди. “

    Трампда, ҳар доимгидек, қурувчи савдогарларга хос тафаккур бор:

    “Ҳаммасини яхши деявергин, куни келиб яхши бўлиб кетади. “

    Трампр:

     “«Биз кўп жиҳатдан аллақачон ғалаба қозондик, аммо ҳали етарли эмас»,”

     дейди-да орқасидан дарров:

    “Биз душман тўлиқ ва қатъий мағлуб этилмагунча тўхтамаймиз»,”

     деб қўшиб қўяди.

    Уруш тугамасдан ғалабани эълон қилиш ва ортидан нима учун ғалабага ҳали ҳам эришилмаганини тушунтириш. Ғалаба гўё бор, лекин ҳали тўлиқ ғалаба қозонилмаган. Деярли ютиб бўлинган, аммо тўлиқ зафар учун яна бироз уруш, бироз “олов ва ғазаб” керак, кейин қарабсизки, воқеликнинг ўзи сайловолди шиорига мослашиб қолади.

    Кейин эса трампча дипломатия келади, бутун моҳияти бир жумла ичида:

    “«Улар гаплашмоқчи, мен эса гаплашишга рози бўлдим».”

    Трамп умуман алоҳида грамматик замонда мавжуд: унда ҳамма нарса аллақачон содир бўлган, ҳали содир бўлмаган ва тез орада юз беради – бир вақтнинг ўзида аниқ ўтган замон феъли, ҳозирги замон давом феъли ва келажак замон феъли.

    Ғалаба аллақачон бор, уруш тез тугайди, душман ҳали тор-мор этилмаган, музокара гўё бошланиб бўлган, аммо таҳдидлар янада кучаяди.

    Ва бутун дунё шу шизикнинг оғзига қараб туради. Хуллас, ерни тўхтатинглар, тушиб қоламан!

  • ТАЪЛИМ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ НЕГА ШАФФОФ ЭМАС?

    ТАЪЛИМ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ НЕГА ШАФФОФ ЭМАС?

    Қашқадарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва “EXTREME PROFIT” МЧЖ ўртасида 17.12.2025 йилда 74100 дона қўл учун суюқ (антисептик) дезинфекция воситаси учун бюджетдан 1.111.500.000 сўм ўтказиб берилган.

    74 минг дона антисептик восита нархи миллиард сўмдан ошмоқда. Одатда бу каби йирик ҳаридларда товар нархи анча арзонлаштирилиши керак. Шартномадаги товар бошқарма тасарруфидаги мактаб ва боғчаларга етиб бордими ўзи? Бу ҳам бир очиқ савол.

    Давлат ҳаридларида маҳсулот нархини белгилашнинг муайян тартиби йўқ. Товарлар бозордаги реал нархидан анча қиммат баҳоланади. Шунингдек, товарлар тўлиқ етказиб берилдими — бу ҳам очиқ назорат қилинмайди.

    Масалан, Қашқадарё вилояти мактаб боғчалари антисептик маҳсулотни бошқармадан оладими ёки ота-оналар бунинг учун фонд пули йиғишадими?

    Давлат ҳаридлари ҳақида ҳисоботлар реал асос ва далиллар билан тақдим этилмас экан, коррупцияга қарши курашяпмиз деб кўкрагингизга урманг, муҳтарам мутасаддилар.

  • ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ ХУЛОСАЛАРИГА КЎРА, ЭРОНДАГИ МАКТАБГА БЕРИЛГАН ЗАРБАНИ АҚШ АМАЛГА ОШИРГАН — NYT

    ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ ХУЛОСАЛАРИГА КЎРА, ЭРОНДАГИ МАКТАБГА БЕРИЛГАН ЗАРБАНИ АҚШ АМАЛГА ОШИРГАН — NYT

    Дастлабки тергов шуни кўрсатдики, 28 февраль куни Эрон жанубидаги «Шажараи Тойиба» бошланғич мактаби биносига берилган зарба нишонни аниқлашда АҚШ ҳарбийлари йўл қўйган хато натижаси бўлган. Улар Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси базасига зарба берган, мактаб биноси эса илгари ушбу базанинг бир қисми бўлган, деб ёзади New York Times (NYT) хабардор манбаларга таяниб.

    Уларнинг айтишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги офицерлари зарба учун нишон координаталарини Пентагон Разведка бошқармаси томонидан тақдим этилган эскирган маълумотлар асосида тузган.

    Мактаб 28 февраль куни АҚШ ва Исроил операциясининг биринчи кунида ракета ҳужумига учраган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мактаб ёнидаги ҳарбий базага америкаликларнинг Tomahawk ракетаси зарба берган. АҚШ президенти Дональд Трамп эса бу зарба учун жавобгарлик Эрон зиммасида эканини айтган эди.

    NYT суҳбатлашган расмийлар таъкидлашича, бу хулосалар дастлабки ҳисобланади ва эскирган ахборот нима учун қайта текширилмагани ҳақида ҳал этилмаган муҳим саволлар ҳали ҳам мавжуд.

    “Болаларга тўла мактабга қилинган ҳужум, шубҳасиз, сўнгги ўн йилликлардаги энг вайронкор ҳарбий хатолардан бири сифатида тарихга киради. Эрон расмийлари ҳалок бўлганлар сони камида 175 нафарни ташкил этганини, уларнинг аксарияти болалар эканини билдирмоқда”, — деб ёзади NYT.

  • БЛОГЕР ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ. АММО НЕГА АЙНАН ҲОЗИР?

    БЛОГЕР ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ. АММО НЕГА АЙНАН ҲОЗИР?

    YouTube’даги Sirojiddin Media канали муаллифи Сирожиддин Одиловга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш гумони билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Расмий баёнотда айтилишича, мурожаатчи 2024 йил августидаги воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза берган.

    Аммо бу ерда жамоатчиликни ўйлантирадиган жиддий савол бор: нега икки йилга яқин вақт олдинги мавҳум ҳолат айнан бугун кўтарилмоқда? Нега бу иш ҳозир шошилинч тарзда оммага олиб чиқилди?

    Бу саволлар бежиз эмас. Чунки “Sirojiddin Media” сўнгги вақтларда кўпларнинг тинчини бузган, оғриқли мавзуларни кўтарган, ноҳақлик, тизимдаги муаммолар ва ёпиқ қолган масалаларни очиқ муҳокамага олиб чиққан платформалардан бири эди.

    Шу нуқтада масала фақат бир блогер тақдири эмас. Бу ерда гап сўз эркинлиги ҳақида кетмоқда. Агар танқид қилаётган, суриштирув олиб бораётган ёки ноқулай савол бераётган журналист ва блогерларга қарши эски, ноаниқ ёки баҳсли ишлар кетма-кет қўзғатилса, бу усиз ҳам тинкаси қуриётган медиамуҳитни ўласи қилиб калтаклашга тенг бўлади. Бундай ҳолат қамалмай қолган қолган тўртта қўтирга аниқ бир мессежни беради:
    “Қисиб юрмасанг, сенга ҳам навбат келади.”

    Бундай вазиятда жамоатчиликда қонунга эмас, балки танлаб ишлатиладиган босим механизмига шубҳа кучаяди. Қонун устувор бўлган жойда ҳар қандай айблов очиқ, шаффоф, далилларга асосланган ва шубҳаларни бартараф этадиган тарзда кўрилиши керак. Айниқса, гап жамоатчиликка таъсири катта бўлган блогер ёки журналист ҳақида кетаётганда, тергов жараёни ҳам, расмий изоҳлар ҳам мутлақо шаффоф бўлиши шарт.

    Журналист ёки блогер қонундан устун эмас, албатта. Лекин давлат ҳам танқидий овозларни ўчириш учун қонундан қурол сифатида фойдаланмаслиги керак. Агар айблов асосли бўлса, буни суд ҳал қилади. Аммо агар ишнинг ортида танқидий фаолият учун жазолаш, қўрқитиш ёки овозни ўчириш мақсади турган бўлса, бу фақат бир инсонга эмас, бутун жамиятнинг ахборот олиш ҳуқуқига қарши зарба бўлади.

    Бугун Сирожиддин Одиловга нисбатан бўлаётган воқеани навбатдаги “жиноят иши” деб бўлмайди. Бу иш биз сўз эркинлигини ҳақиқатан қадрлаймизми, журналист ва блогерларнинг хавфсиз ишлаши учун кафил бўла оламизми, деган саволга аниқ жавоб беради.

    Эркин журналистика бўлмаган жойда адолат ҳам сустлашади. Блогерлар ва журналистлар қўрқув остида яшайдиган муҳитда коррупция, манфаат тўқнашуви ва зулм янада чуқурлашади. Шунинг учун бугун бир блогерни ҳимоя қилиш масаласи, аслида, эртага ҳар бир фуқаронинг сўз айтиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш демакдир.

    Сирожиддин Одилов иши қонун доирасида, очиқ ва холис кўриб чиқилиши шарт. Жамоатчилик эса бу каби ҳолатларга бефарқ қарамаслиги керак. Чунки бугун блогернинг овози ўчирилса, эртага жамиятнинг ўзи сукутга маҳкум бўлади. Матбуот майдони эса қўрқоқ, конформист ва маддоҳ журналисту блогерларга қолади.

  • ФАРЗАНДИНИ УКРАИНАДА НАЗОРАТСИЗ ҚОЛДИРГАН ОТА СУДЛАНДИ

    ФАРЗАНДИНИ УКРАИНАДА НАЗОРАТСИЗ ҚОЛДИРГАН ОТА СУДЛАНДИ

    Тўрт нафар фарзанднинг отаси С.Ф Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 476-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, 4.120.000 (тўрт миллион бир юз йигирма минг) сўм жаримага тортилганди.

    Бунга сабаб эса вояга етмаган фарзандини Украинада назоратсиз қолдиргани бўлди. Бефарқ ота ўғлини 30 кунлик муддат ичида ватанга қайтариши шарт бўлса-да, бу жараённи пайсалга солиб келгани аниқланди.

    Суд залида ота вояга етмаган фарзандига Украинага қариндошлари билан ишлашга жўнатганини, қайтариб олиб келишга эса пули йўқлигини рўкач қилган.

    Шундай бўлса-да, у ўғли билан ҳар куни телефон орқали кўриб, гаплашиб туришини таъкидлаб, яқин кулар ичида Ўзбекистонга қайтишидан умидворлигини билдирди.

    Суд отани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1221-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди. Ва 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ўғлининг хориждан қайтишини уйда кутади.

  • ТРАМП: ЭРОНДАГИ ОПЕРАЦИЯ — ҲАМ ЭКСКУРСИЯ, ҲАМ УРУШ

    ТРАМП: ЭРОНДАГИ ОПЕРАЦИЯ — ҲАМ ЭКСКУРСИЯ, ҲАМ УРУШ

    АҚШ президенти Доналд Трамп Огайо штатидаги Цинциннати шаҳрида жойлашган корхоналардан бирига ташрифи чоғида яна журналистлар билан мулоқот қилди.

    У Эрондаги можарони яна «экскурсия» деб атади. Бундан аввал ҳам у бу воқеаларни «ёвузликдан қутулиш учун қилинган қисқа муддатли кичик экскурсия» деб таърифлаган эди. Шунингдек, у операция режадан илгарилаб кетаётганини яна таъкидлади.

    Трампнинг фикрича, бозорлар яқин орада «яна нормаллашиши» керак.

    Журналистлардан бири Америка етакчисидан, унингча, Эрондаги операция аслида нима эканини — қисқа муддатли экскурсиями ёки урушми, деб сўради.

    “Иккаласи ҳам. Бу бизни урушдан асрайдиган экскурсия […] улар учун бу уруш. Биз учун эса бу ўйлаганимиздан ҳам осонроқ бўлиб чиқди”
    деб жавоб берди Трамп

  • ТРАМП: ЭРОНДАГИ ОПЕРАЦИЯ — ҲАМ ЭКСКУРСИЯ, ҲАМ УРУШ

    ТРАМП: ЭРОНДАГИ ОПЕРАЦИЯ — ҲАМ ЭКСКУРСИЯ, ҲАМ УРУШ

    АҚШ президенти Доналд Трамп Огайо штатидаги Цинциннати шаҳрида жойлашган корхоналардан бирига ташрифи чоғида яна журналистлар билан мулоқот қилди.

    У Эрондаги можарони яна «экскурсия» деб атади. Бундан аввал ҳам у бу воқеаларни «ёвузликдан қутулиш учун қилинган қисқа муддатли кичик экскурсия» деб таърифлаган эди. Шунингдек, у операция режадан илгарилаб кетаётганини яна таъкидлади.

    Трампнинг фикрича, бозорлар яқин орада «яна нормаллашиши» керак.

    Журналистлардан бири Америка етакчисидан, унингча, Эрондаги операция аслида нима эканини — қисқа муддатли экскурсиями ёки урушми, деб сўради.

    “Иккаласи ҳам. Бу бизни урушдан асрайдиган экскурсия […] улар учун бу уруш. Биз учун эса бу ўйлаганимиздан ҳам осонроқ бўлиб чиқди”
    деб жавоб берди Трамп

  • ЎЗБЕКЛАРНИНГ ДЕПОРТАЦИЯГА УЧРАГАН “АМЕРИКА ОРЗУСИ”

    ЎЗБЕКЛАРНИНГ ДЕПОРТАЦИЯГА УЧРАГАН “АМЕРИКА ОРЗУСИ”

    Дунё жамоатчилиги нафасини ичига ютиб Эрондаги вазиятни кузатаркан, урушнинг мақсадини тушунтириб беролмаётган Трамп маъмурияти яна 72 нафар ўзбекистонликни АҚШдан чиқариб юборди.

    Ҳозирга қадар 1000 нафардан ортиқ ўзбекистонлик Трампнинг муҳожирларга қарши уруши қурбони бўлди.

    Ҳар сафаргидек, АҚШ элчихонаси бу жараённи ташкил этишдаги  “яқин ҳамкорлик” учун ўзбек томонига миннатдорчилик билдирган.

    Аслида, бу хабар фақат депортация ҳақида эмас. Бу иқтисодий ва ижтимоий реаллик ҳақида. Одамлар нима учун ҳаётини хавф остига қўйиб, моли ва жонини тикиб, минглаб километр масофа босиб океан ортига, қонуний ёки ноқонуний бўлсин, барибир боришга ҳаракат қилади? Бу саволга жавоб назаримизда, депортация статистикасида эмас, балки мамлакат ичидаги статистикасида ётибди.

    Расмий баёнотларда “ҳамкорлик” деган сўз жуда чиройли эшитилади. Аммо бу ҳамкорликнинг мазмуни шундай: бир давлат мигрантларни чиқаради, иккинчиси эса уларни қабул қилади. Шу пайтгача экспорт асосан пахта, газ ёки меҳнат кучи бўлган бўлса, эндиликда “қайтарилган фуқаролар логистикаси” ҳам халқаро ҳамкорликнинг бир йўналишига айланиб бормоқда.

    Энг қизиғи, бу каби хабарлар доим рақамлар билан бошланади: 72 нафар, 1000 нафар. Аммо бу рақамлар ортида бир хил сюжет бор: “Америка орзуси”да йўлга чиққан, бироқ Трамп орзусидаги Америка реалликлари билан юзма-юз келган одамлар.

    Аммо Грин-карта статистикасига қаралса, бутун бу депортация ва қийинчиликларга қарамасдан ўзбеклар Америкадаги ҳаётни орзу қилишда давом этишмоқда. Ҳатто Американи ёмон кўрадиганлари ҳам.

    Қисқаси, глобал сиёсатда ҳамма нарсанинг номи бор: санкция, савдо, миграция ва депортация. Фақат битта нарсанинг номи ҳали тўлиқ қўйилмаган- одамларнинг орзуси. Чунки орзуни депортация қилиш мумкин, лекин уни бекор қилиш қийин.

  • CПОРТ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЮРИСТИ КЎЧАДА ҚОЛДИ

    CПОРТ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЮРИСТИ КЎЧАДА ҚОЛДИ

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ–2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом”нинг 5-бандига кўра, юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартириш ёки уларни бошқа таркибий бўлинмаларга қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди. Спорт вазирлигининг юристи бу қарорни билади, лекин билгандан нима фойда? Вазирлик амалдаги юристни ишдан кетқизмоқчи.

    Маълум бўлишича, жорий йил январ ойида вазирликнинг юридик бўлимида штатлар ўзгартирилиб, бўлимда ишлаган бош юрисконсультлардан бири “бўлимда иш ҳажми кам” деган асос билан кадрлар бўлимига ўтказилган. Натижада бутун вазирликда фақат битта юрист қолдирилган.

    Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон қарорига мувофиқ, республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларида ходимлар сони 50–100 нафар бўлган тақдирда, у ерда камида 2 нафар юридик хизмат ходими бўлиши шарт.

    Ҳозир Спорт вазирлигининг юристи битта.  Вазирликнинг барча ҳуқуқий ишларини биргина юристга юклаш қанчалик мантиқий?

    Юрист суд ишларида иштирок этиши, шартномалар ва қарорларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши, норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиши керак.

    Бу каби катта ҳажмдаги ишларни бир нафар юрист қандай қилиб уддалаши мумкин?

    Давлат ташкилотларида айрим ходимлар раҳбариятга ёқмай қолганда, уларни ишдан четлатишнинг “қонуний йўли” сифатида тузилмани ўзгартириш, ротация ёки штатни қисқартириш амалиёти қўлланиши ҳаммага маълум.

    Агар бу ҳолатда ҳам шундай усул қўлланган бўлса, демак Спорт вазирлигида меҳнат муносабатлари, балки қонун устуворлигига жиддий путур етган. Бугун юристларнинг ўзи ҳимоясиз қолса, эртага қонун устуворлигини ким ҳимоя қилади?

  • СЕРГЕЛИ ИИБ ПРОПИСКАСИ ЙЎҚ ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИ ТУТҚУН ҚИЛДИ

    СЕРГЕЛИ ИИБ ПРОПИСКАСИ ЙЎҚ ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИ ТУТҚУН ҚИЛДИ

    Элтузарга Сергели туманидаги 3-сонли ИИБнинг ошиқча ташаббускор ходимлари томонидан 10 март куни жиноят содир этмаган талаба қизлар “вақтинчалик прописканг йўқ” деган асос билан ушлаб турилгани ҳақида шикоятлар келиб тушмоқда.

    Қонунан 22:00 дан эрталаб соат 6:00 гача жиноятчини тергов қилиш ҳам тақиқланган бир вақтда Сергели мелисалари нима сабабдан талаба қизларни тутқун қилишгани номаълум.

    «102га ёрдам сўраб қўнғироқ қилган, ҳали турмушга чиқмаган ёш талаба қизларни соат 21:00 дан 00:25гача, кетишига рухсат бермай, 3 соатдан ортиқ ИИБ биносида ушлаб турилиши – қизларга нисбатан содир этилган зулм», – дейди мурожаатчилар.

    Каримов диктатураси даврига хос прописка назорати янги Ўзбекистонда бўлмаслиги керак. Сергели ички ишлар ходимларининг бундан хабари йўқми?