YouTube’даги Sirojiddin Media канали муаллифи Сирожиддин Одиловга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш гумони билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Расмий баёнотда айтилишича, мурожаатчи 2024 йил августидаги воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза берган.
Аммо бу ерда жамоатчиликни ўйлантирадиган жиддий савол бор: нега икки йилга яқин вақт олдинги мавҳум ҳолат айнан бугун кўтарилмоқда? Нега бу иш ҳозир шошилинч тарзда оммага олиб чиқилди?
Бу саволлар бежиз эмас. Чунки “Sirojiddin Media” сўнгги вақтларда кўпларнинг тинчини бузган, оғриқли мавзуларни кўтарган, ноҳақлик, тизимдаги муаммолар ва ёпиқ қолган масалаларни очиқ муҳокамага олиб чиққан платформалардан бири эди.
Шу нуқтада масала фақат бир блогер тақдири эмас. Бу ерда гап сўз эркинлиги ҳақида кетмоқда. Агар танқид қилаётган, суриштирув олиб бораётган ёки ноқулай савол бераётган журналист ва блогерларга қарши эски, ноаниқ ёки баҳсли ишлар кетма-кет қўзғатилса, бу усиз ҳам тинкаси қуриётган медиамуҳитни ўласи қилиб калтаклашга тенг бўлади. Бундай ҳолат қамалмай қолган қолган тўртта қўтирга аниқ бир мессежни беради:
“Қисиб юрмасанг, сенга ҳам навбат келади.”
Бундай вазиятда жамоатчиликда қонунга эмас, балки танлаб ишлатиладиган босим механизмига шубҳа кучаяди. Қонун устувор бўлган жойда ҳар қандай айблов очиқ, шаффоф, далилларга асосланган ва шубҳаларни бартараф этадиган тарзда кўрилиши керак. Айниқса, гап жамоатчиликка таъсири катта бўлган блогер ёки журналист ҳақида кетаётганда, тергов жараёни ҳам, расмий изоҳлар ҳам мутлақо шаффоф бўлиши шарт.
Журналист ёки блогер қонундан устун эмас, албатта. Лекин давлат ҳам танқидий овозларни ўчириш учун қонундан қурол сифатида фойдаланмаслиги керак. Агар айблов асосли бўлса, буни суд ҳал қилади. Аммо агар ишнинг ортида танқидий фаолият учун жазолаш, қўрқитиш ёки овозни ўчириш мақсади турган бўлса, бу фақат бир инсонга эмас, бутун жамиятнинг ахборот олиш ҳуқуқига қарши зарба бўлади.
Бугун Сирожиддин Одиловга нисбатан бўлаётган воқеани навбатдаги “жиноят иши” деб бўлмайди. Бу иш биз сўз эркинлигини ҳақиқатан қадрлаймизми, журналист ва блогерларнинг хавфсиз ишлаши учун кафил бўла оламизми, деган саволга аниқ жавоб беради.
Эркин журналистика бўлмаган жойда адолат ҳам сустлашади. Блогерлар ва журналистлар қўрқув остида яшайдиган муҳитда коррупция, манфаат тўқнашуви ва зулм янада чуқурлашади. Шунинг учун бугун бир блогерни ҳимоя қилиш масаласи, аслида, эртага ҳар бир фуқаронинг сўз айтиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш демакдир.
Сирожиддин Одилов иши қонун доирасида, очиқ ва холис кўриб чиқилиши шарт. Жамоатчилик эса бу каби ҳолатларга бефарқ қарамаслиги керак. Чунки бугун блогернинг овози ўчирилса, эртага жамиятнинг ўзи сукутга маҳкум бўлади. Матбуот майдони эса қўрқоқ, конформист ва маддоҳ журналисту блогерларга қолади.

Leave a Reply