Дастлабки тергов шуни кўрсатдики, 28 февраль куни Эрон жанубидаги «Шажараи Тойиба» бошланғич мактаби биносига берилган зарба нишонни аниқлашда АҚШ ҳарбийлари йўл қўйган хато натижаси бўлган. Улар Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси базасига зарба берган, мактаб биноси эса илгари ушбу базанинг бир қисми бўлган, деб ёзади New York Times (NYT) хабардор манбаларга таяниб.
Уларнинг айтишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги офицерлари зарба учун нишон координаталарини Пентагон Разведка бошқармаси томонидан тақдим этилган эскирган маълумотлар асосида тузган.
Мактаб 28 февраль куни АҚШ ва Исроил операциясининг биринчи кунида ракета ҳужумига учраган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мактаб ёнидаги ҳарбий базага америкаликларнинг Tomahawk ракетаси зарба берган. АҚШ президенти Дональд Трамп эса бу зарба учун жавобгарлик Эрон зиммасида эканини айтган эди.
NYT суҳбатлашган расмийлар таъкидлашича, бу хулосалар дастлабки ҳисобланади ва эскирган ахборот нима учун қайта текширилмагани ҳақида ҳал этилмаган муҳим саволлар ҳали ҳам мавжуд.
“Болаларга тўла мактабга қилинган ҳужум, шубҳасиз, сўнгги ўн йилликлардаги энг вайронкор ҳарбий хатолардан бири сифатида тарихга киради. Эрон расмийлари ҳалок бўлганлар сони камида 175 нафарни ташкил этганини, уларнинг аксарияти болалар эканини билдирмоқда”, — деб ёзади NYT.

Leave a Reply