Blog

  • ҚИЗ РЕАНИМАЦИЯГА ТУШГАЧГИНА “УЙҒОНГАН” ТИЗИМ: АНГРЕН ИШИДА ТЎРТ КИШИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

    ҚИЗ РЕАНИМАЦИЯГА ТУШГАЧГИНА “УЙҒОНГАН” ТИЗИМ: АНГРЕН ИШИДА ТЎРТ КИШИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

    Ангренда 14 ёшли қизга нисбатан узоқ вақт давом этган зўравонлик иши бўйича тўрт эркакка ҳукм ўқилди.
    Суд уларни айбдор деб топди ва 7 йил 6 ойдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳукм бир жиноят ишининг якунланиши, холос. Аммо у яна бир ҳақиқатни очиб ташлади: Ўзбекистонда болани ҳимоя қилиш тизими фожиа содир бўлгачгина “ишлайди”.

    Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилишича, судланувчилар Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “а” банди ва 119-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилган. С.Қ. 10 йилга, З.У. 12 йилга, Д.Ў. 10 йил 6 ойга, А.У. эса 7 йил 6 ойга қамалди.

    Суд ёпиқ ўтди. Чунки гап вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик ҳақида кетяпти. Қонун шундай дейди.

    Лекин жамиятни ўйлантирадиган бошқа савол бор:
    “нега бу қиз реанимацияга тушмагунча ҳеч ким бу даҳшатни кўрмади? Нега болани ҳимоя қилиши керак бўлган тизимлар доим энг кеч паллада уйғонади?”

    Бу иш ўтган йил май ойида қўзғатилган ва кенг жамоатчиликда қаттиқ муҳокамага сабаб бўлган эди. Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилганидан кейин жамият, фаоллар ва мутасаддилар унинг тақдирини кузатди.

    Яъни, яна ҳаммаси одатдагидек бўлди: аввал фожиа, кейин шов-шув, кейин баёнот, кейин суд.

    Бу воқеани янада оғирроқ савол билан қўйсак:
    “қонунлар қаерда эди? Болани ким асраши керак эди?”
    Ахир бу бир кунлик эмас, узоқ вақт давом этган зўравонлик бўлган. Демак, муаммо фақат тўрт жиноятчида эмас. Муаммо, шунингдек, бола додини эшитмайдиган, хавфни пайқамайдиган ёки пайқаса ҳам вақтида аралашмайдиган тизимда.

    Бу ҳукм жазо сифатида керак эди. Лекин у етарли эмас. Чунки бир қиз болалигидан, соғлиғидан ва хавфсизлигидан айрилган жойда, ҳеч қандай суд қарори жамият виждонини оқлаб беролмайди.

  • БУ ЭНДИ БЕДОДЛИК ЭМАС, ОЧИҚЧАСИГА ХАЛҚНИ МАСХАРА ҚИЛИШ!

    БУ ЭНДИ БЕДОДЛИК ЭМАС, ОЧИҚЧАСИГА ХАЛҚНИ МАСХАРА ҚИЛИШ!

    Сув омбори ёрилиб, ўнлаб қишлоқлар сув тагида қолди. Изоҳ тайёр: “балиқлар тешибди”.

    Бундай аҳмоқона баҳона билан халқни алдашни қачон тўхтатасизлар ўзи?

    Тошкентда ҳали расман топширилмаган кўприк қулаб тушди. Одатидагидек, бир нечта майдароқ мулозимни қурбон қилиб, асосий айбдорлар четда қолиб, ишни босди-босди қилишди. Тамом. Гўё ҳеч нарса бўлмагандек.

    Кеча эса Тошкентда йўл ўтказгичнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Шаҳар ҳокимиятининг дастлабки изоҳи эса кулгили ҳам эмас, ҳақоратли: эмишки, сабаб кучли ёғингарчилик бўлиши мумкин.

    Ёғингарчиликми? Нима, бу иншоот қоғоздан қурилганмиди? Ёки цемент ўрнига лой ишлатилганмиди?

    Бу объект 2024 йил августда фойдаланишга топширилган. Қурилишига 128,6 миллиард сўм сарфланган. Яна хизмат муддати 100 йил деб айтишган. 100 йилга чидайди, дейилган иншоот икки йилга етмай қулаяпти. Нураган пахса девор ҳам бундан ортиқроқ чидайди. Бу қурилиш эмас, бу – бюджетни очиқча талаб, халқ устидан сийишдир. Буларга халқ қирилиб кетсаям фарқи йўқ!

    Президент Шавкат Мирзиёев бир йиғилишда:
    “Ўғри бўл, қароқчи бўл, инсоф билан бўл”, деган эди. Лекин буларда на инсоф бор, на виждон, на масъулият. Буларда фақат ейиш бор. Ўпқонга ўхшайди. Ҳўпла оғзим, ҳўпла, деб, ямламай ютаверишади. Қанча кўп бўлса, шунча яхши. Халқ қирилиб кетмайдими уларга қолса.

    Ҳокимият тепасида ўтирганларнинг энг қўрқинчли жиҳати шуки: улар ҳам ўғри, ҳам инсофсиз. Фақат мансабни эмас, одамларнинг сабрини, ризқини, хавфсизлигини, эртанги кунига бўлган ишончини ҳам ўғирлашяпти. Нақадар даҳшатли симбиоз.

    Тўғри, тан берганмиз! Ўғриламасаларинг тура олмайсанлар. Бу сенларнинг қонингга сингиб кетган. Майли, еб-ичинглар, заҳар заққум бўлсин – бўкканларингача енглар, таланглар. Халқ ҳозиргача чидаган, бундан кейин ҳам чидайди.

    Лекин, ҳеч бўлмаса, ҳаддан ошманглар. Бирйўла 80 фоизни шилиб кетманглар. Инсоф қилиб, ярмини қолдиринглар. Ахир халққа ҳам бирон нарса тегсин. Йўл ҳам, кўприк ҳам, сув омбори ҳам одамлар учун қурилади, сизларнинг чўнтагингиз учун эмас.

    Халқни ҳар томонлама эзиб, устидан яна изоҳларингиз билан ҳақорат қиляпсизлар. Айланиб ҳам зўрлаяпсизлар, ўргилиб ҳам зўрлаяпсизлар. Зўрланадиган жойнинг ўзи ҳам илма-тешик бўлиб кетди.

  • “У БИР СЎМ ҲАМ СЎРАМАГАН”: СИРОЖИДДИН ҲАҚИДА ЭЛТУЗАРГА КЕЛГАН ТАЪСИРЛИ МАКТУБ

    “У БИР СЎМ ҲАМ СЎРАМАГАН”: СИРОЖИДДИН ҲАҚИДА ЭЛТУЗАРГА КЕЛГАН ТАЪСИРЛИ МАКТУБ

    Элтузар таҳририятига Сирожиддин Медиа асосчиси Сирожиддин Одилов ҳақида қуйидаги мазмунда мактуб келди. Унда муаллиф блогерга нисбатан айталаётган айбловларни рад этиб, унинг инсонларга қилган ёрдамини эслайди:

    “Сирожиддин виждонли, мард йигит. Уни пора олди, фирибгарлик қилди, дейишаётганлар ёлғон гапиряпти, деб ҳисоблайман. Ҳа, бугун у қамоқда. Аммо ичкарига тушган одам зиммасига исталган тухматни юклаш мумкинлигини кўпчилик билади.

    Айримлар бу гапларни ҳатто муборак рўза ойида ҳам тарқатяпти. Ахир, кўзингиз билан кўриб, қўлингиз билан ушлаганмисиз? Худодан қўрқинглар.

    Мен вилоятдаги чекка қишлоқда яшайман. Сирожиддин 7-8 ой давомида менинг қизим ва невараларимга ёрдам берди. Қизимни қамоқдан озод қилишга ҳаракат қилди, болаларини бағрига қайтаришга кўмаклашди. Худо кўриб турибди, у бир сўм ҳам олгани йўқ, ҳатто сўрамаган ҳам.

    Тошкентдан Навоийга қатнади, бензинига ҳам пул сўрамади. Бизнинг шароитимиз йўқлигини кўриб турса ҳам, ёрдамини аямады. Мен бошқа таниқли блогерлардан ҳам ёрдам сўраганман. Аммо пулимиз йўқлигини айтганимдан кейин, Сирожиддиндан бошқа ҳеч ким келмаган.

    Бир оёғим гўрда турибди, шунинг учун фақат ҳақиқатни айтяпман. Худо ҳар бир бандасини ўт балосидан ҳам, тухмат балосидан ҳам асрасин. У менинг невараларимга онасини қайтаришга ёрдам берган эди. Илоҳим, Сирожиддин ҳам ўз оиласи бағрига қайтсин. Дуодамиз шундай”.

  • ОДАМЛАРНИ “ЧУВ” ТУШИРГАН ФИРИБГАР УШЛАНДИ

    ОДАМЛАРНИ “ЧУВ” ТУШИРГАН ФИРИБГАР УШЛАНДИ

    Судланувчи М.К фуқаро Х.Х.ни алдаб, унга 300 АҚШ долларини 3.630.000 сўмга алмаштириб беришини ваъда қилган. Жабрланувчини пул санаш вақтида чалғиганидан фойдаланиб, унга бериши керак бўлган жами 3.630.000 сўмдан 1.350.000 сўм кам берган. Жабрланувчининг 1.350.000 сўм маблағини эса фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

    Бундан ташқари, М.К яна бир фуқаро Р.Рни ҳам алдаб, унга 50.000 қирғиз сомини 7.000.000 сўмга алмаштириб беришини ваъда қиллган. Унга бериши керак бўлган жами 7.000.000 сўмдан 2.000.000 сўмини чўнтакка урган.

    “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек, М.К яна бир фуқарони чув туширгани маълум бўлди. Фуқаро Н.Н га 100 АҚШ долларини 1.200.000 сўмга алмаштириб беришини ваъда қилиб, 1.200.000 сўмдан 500.000 сўм кам берган6.

    Фирибгарликни ўзига касб қилиб олган К.М. Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилгач унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Фирибгар ҳунарини ахлоқ тузатиш жараёнида давом эттирса ажабмас…

  • НЕТАНЬЯХУ: АҚШ ВА ИСРОИЛ ЭРОН ҲАМДА «ҲИЗБУЛЛОҲ»НИ ТОР-МОР ЭТДИ

    НЕТАНЬЯХУ: АҚШ ВА ИСРОИЛ ЭРОН ҲАМДА «ҲИЗБУЛЛОҲ»НИ ТОР-МОР ЭТДИ

    “Биз Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»ни тор-мор этдик. «Ҳизбуллоҳ» қуролларимизнинг кучини ҳис қилмоқда ва буни янада кучлироқ ҳис қилади. У ўз тажовузи учун жуда оғир бадал тўлайди”
    — деди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери ўтказилган илк матбуот анжумани чоғида.

    “Исроил ва АҚШ кучларининг мисли кўрилмаган даражада бирлашиши туфайли биз улкан ютуқларга эришдик — шундай ютуқларки, улар Яқин Шарқдаги ва ҳатто ундан ташқари ҳудудлардаги кучлар мувозанатини ўзгартирмоқда“
    , — деб бош вазирдан иқтибос келтиради Times of Israel нашри.

    У, шунингдек, пайшанба куни номидан баёнот эълон қилинган Эроннинг янги олий раҳбари Мужтабо Ҳоманаий ҳалигача жамоатчилик олдида кўринмаганига ҳам эътибор қаратди.

    Брифингдан сал аввал Исроил мудофаа армияси Теҳронда «кенг кўламли ҳужумлар тўлқини» бошланганини маълум қилди. Айтилишича, ушбу ҳужумлар пойтахт бўйлаб Эрон режими инфратузилмасига қаратилган.

  • МУЖТАБО ХОМАНАИЙ: ШАҲИДЛАР УЧУН ҚАСОС ОЛАМИЗ

    МУЖТАБО ХОМАНАИЙ: ШАҲИДЛАР УЧУН ҚАСОС ОЛАМИЗ

    Эроннинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий халққа илк бор мурожаат қилди. У АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар учун қасос олинишини айтди ва Ҳурмуз бўғози блокадаси давом этишини билдирди.

    Шу билан бирга, Эрон минтақадаги давлатларга янги зарбалар берди, яна учта савдо кемаси шикастланди. Бу ҳолат фонида нефть нархи яна кўтарилмоқда.

    Айни пайтда АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудидаги объектларга ҳужумларни давом эттиряпти, ЦАХАЛ эса Ливан ҳудудини ўққа тутмоқда.

    Мурожаат матни Эрон давлат телевидениесида диктор томонидан ўқиб эшиттирилди, Хоманаийнинг ўзи эса оммага кўрсатилмади. Reuters маълумотига кўра, у енгил жароҳат олган бўлиши мумкин.

    Хоманаий ўз баёнотида:
    “«Шаҳидларимизнинг қони учун қасоссиз қолмаймиз»,”
    дея таъкидлади.

  • ТОШКЕНТДА БИР АСР ХИЗМАТ ҚИЛИШИ АЙТИЛГАН ЙЎЛ ЎТКАЗГИЧ 2 ЙИЛГА ЕТМАЙ ЎПИРИЛИБ ТУШДИ

    ТОШКЕНТДА БИР АСР ХИЗМАТ ҚИЛИШИ АЙТИЛГАН ЙЎЛ ЎТКАЗГИЧ 2 ЙИЛГА ЕТМАЙ ЎПИРИЛИБ ТУШДИ

    Темур Малик кўчаси ва Буюк Ипак йўли кўчаси чорраҳасида жойлашган йўл ўтказгичнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Ушбу иншоот 2024 йил август ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, унинг қурилишига 128,6 млрд сўм маблағ сарфланган эди.

    Маълумотларга кўра, йўл ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йилга мўлжаллангани айтилган. Бироқ орадан қарийб икки йил ҳам ўтмасдан, иншоотнинг бир қисмида ўпирилиш содир бўлди. Ҳодиса жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

    Элтузарга келган маълумотларга кўра, ҳодиса жойига Тошкент шаҳар ҳокими, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассислар етиб бориб, вазиятни ўрганишни бошлади. Ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, транспорт ҳаракати вақтинча чекланди.

    Шаҳар ҳокимиятининг дастлабки изоҳига кўра, ҳодисага кучли ёғингарчилик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, мутахассислар томонидан лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ишларининг сифати, шунингдек дренаж ва сув чиқариш тизимининг ҳолати атрофлича текширилмоқда.

    Текширув натижаларига кўра, воқеага аниқ нима сабаб бўлгани ва масъуллар ҳақида қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.

  • КОРЕЯДА ЗАВОДДА ЎЗБЕКИСТОНЛИК ИШЧИ ҲАЛОК БЎЛДИ

    КОРЕЯДА ЗАВОДДА ЎЗБЕКИСТОНЛИК ИШЧИ ҲАЛОК БЎЛДИ

    Жанубий Кореянинг Сосан шаҳридаги металлургия корхонасида ишлаб юрган 50 ёшдан ошган Ўзбекистон фуқароси бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди.

    Полиция маълумотига кўра, 8 март куни соат 21:46 атрофида Seosan Auto Valley саноат ҳудудидаги заводда ишчига юк кўтаргич уриб кетган. Оқибатда у металл буюмлар остида қолиб кетган.

    Жабрланувчи юраги тўхтаган ҳолатда шифохонага олиб борилган, аммо уни сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

    Дастлабки маълумотларга кўра, юк кўтаргич ҳайдовчиси техника олдида турган ишчини пайқамай қолган. Ҳозир фожиа юзасидан полиция ва меҳнат инспекцияси томонидан тергов олиб борилмоқда.

    Қайд этилишича, корхонада беш нафардан ортиқ ходим ишлагани учун ҳолат “ишлаб чиқаришдаги жиддий авариялар” тўғрисидаги қонун доирасида кўриб чиқилмоқда.

  • ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯДАН ҚУТУЛИШНИНГ ЯП-ЯНГИ ФОРМУЛАСИ

    ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯДАН ҚУТУЛИШНИНГ ЯП-ЯНГИ ФОРМУЛАСИ

    Элтузар қўлга киритган норасмий ва яширин маълумотномага кўра, Янги Ўзбекистонда 2025 йилда пора олаётиб энг кўп қўлга тушганлар ҳоким ёрдамчилари бўлиб чиқди. Иккинчи ўринда замҳокимлар экан. Қизиғи – порадан энг ҳазар қиладиганлар шаҳарлар, туманлар ва вилоятлар ҳокимлари бўлиб чиққан. Барча вазирлар энг ҳалол мулозимлар экани аниқ бўлган. Булар ичида шаффофларнинг шаффофи дея Элтузар суйган бош вазир Абдулла Арипов бўлиб чиқди.

    Ушбу маълумотномани ўрганиб чиққан Элтузар мутахассислари коррупцияни йўқотишнинг ягона ва натижаси тўлиқ кафолатланган услубини ўйлаб топишди.

    Ислоҳотнинг илк босқичида зудлик билан барча ҳокимларни ҳоким ёрдамчилари ва замҳоким вазифаларига тайинлаш керак. Энг тоза мулозим – Абдулла Ариповни Чироқчининг ҳокимига ёрдамчи қилиб юбориш зарур. Зойир Мирзаевни МФЙ раиси қилиб юбориш лозим. Бу ишларни бажариш учун янги вазирлик тузиш керак ва номини “коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш” деб қўйиш керак. Бу вазифага ишсиз юрган Абдулла Ариповнинг суюкли издоши Жаҳонгир Ортиқхўжаевни қўйиш керак. Чунки ҳалолликда шогирд устозидан қолишмайди.

    Шундан кейин ислоҳотнинг иккинчи босқичи бошланади. Аввало, ҳар бир ҳокимга иккитадан ҳоким ёрдамчиси эмас, саккизтадан “ҳокимга ёрдам берадиган ҳоким” бириктирилади. Шу тариқа бир туманда битта ҳокимга қараб турган тўққизта ҳоким пайдо бўлади. Натижада пора олишга вақт ҳам қолмайди: бири йиғилишда, бири селекторда, бири очилишда, яна бири шу очилишга бағишланган матбуот анжуманига тайёргарлик кўриб юради.

    Кейин эса замҳокимлар институти янада такомиллаштирилади. Энди ҳар бир замҳокимнинг ҳам ўз замҳокими бўлади. Унинг ҳам ўринбосари бўлади. Энг пастки бўғинда эса “ўринбосарнинг ишчи кайфияти учун масъул маслаҳатчи” лавозими жорий этилади. Бу тизимнинг асосий ютуғи шундаки, эртага бирор нохуш ҳолат чиқса, айбдорни топиш учун камида уч йил хизмат текшируви ўтказишга тўғри келади. Демак, барқарорлик таъминланади.

    Янги тузиладиган “Коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш вазирлиги” эса бундан ҳам улкан ишларни қилади. Масалан, пора деган сўзнинг ўрнига расман “ноқонуний миннатдорчилик инвестицияси” деган атама киритилади. Шунда статистикада пора кескин камайгани кўринади. Халқаро рейтинглар ҳам ҳайрон қолади: кеча 100 та эди, бугун нол.

    Вазирлик ҳузурида алоҳида Илмий кенгаш тузилади. У ерда катта-катта олимлар ўтириб, “нега катта кабинетда ўтирган одам кичик сумкадан қўрқар экан?” деган мавзуда фундаментал тадқиқот олиб борадилар. Тажриба сифатида айрим мансабдорларга бўш портфель, айримларига эса шиширилган папка берилади. Қайси бирига қўли тезроқ борса, ўша психологик жиҳатдан хавф гуруҳига киритилади.

    Учинчи босқичда мамлакат бўйлаб “Порадан ҳазар қилиш ойлиги” эълон қилинади. Ҳар жума куни барча идораларда беш дақиқалик сукут сақланиб, ходимлар стол тортмасини очиб, ичида ҳеч нарса йўқлигини тантанали равишда бир-бирига кўрсатадилар. Энг намунавий туманга эса байроқ эмас, шаффоф сейф топширилади.

    Тўртинчи босқич энг инқилобийси бўлади. Энди давлат хизматчилари даромад декларациясини эмас, хаёл декларациясини топширади. “Кеча кечқурун нимани ўйладингиз?”, “Қайси танишингиз тўйда сизга кўпроқ яқин ўтирди?”, “Нега сизга қараб кейин гаплашамиз деган одамни дарҳол ёдда сақлаб қолдингиз?” каби саволлар жорий қилинади. Тизим сунъий интеллект билан ишлайди, лекин охирги қарорни барибир чойхонадаги икки тажрибали ака чиқаради.

    Бешинчи босқичда эса халқнинг ўзига ҳам масъулият юкланади. Энди бирор идорага кирган одам иши тез битиб қолса, дарров шубҳали деб ҳисобланади. Чунки ҳақиқий шаффофлик шароитида камида учта имзо, тўртта муҳр ва битта “эртага келинг” бўлиши шарт. Агар буларсиз ҳал бўлиб кетса, демак, тизимда ҳали эски одатлар сақланиб қолган.

    Ниҳоят, энг сўнгги ва ҳал қилувчи чора сифатида барча кабинет эшикларига катта ҳарфлар билан шундай ёзув илиб қўйилади:

    “Пора таклиф қилманг. Раҳбарнинг ўзи ҳам ҳозир қаердалигини билмаймиз.” Шунда фуқаро ҳам, амалдор ҳам, котиба ҳам, ҳатто эшик олдидаги гулдон ҳам бир лаҳза ўйланиб қолади. Ана шу ўйланишнинг ўзи янги даврнинг бошланиши бўлади.

    Чунки бизда муаммони ҳал қилишдан ҳам осонроқ бир йўл бор:
    муаммони шундай катталаштириш керакки, у энди муаммо эмас, ислоҳот бўлиб кўринсин.

  • 20 ЯШАР СУКУНАТ КАНАЛИ ЭГАСИГА СУД ҲУКМИ

    20 ЯШАР СУКУНАТ КАНАЛИ ЭГАСИГА СУД ҲУКМИ

    2006 йили туғилган ва умр бўйи бекорчилик қилиб зериккан қизпошша диний радикаллик градуси ошиб, ўзини уммат онаси ролида кўра бошлади. У Афғонистондаги Умомахон ва гўёки Қирғизистонлик Ғуроба деган кимсалар таъсирига тушиб телеграмда диний ақидапарастлик руҳидидаги «Сукунат» каналини очди.

    Канал эгаси 2024 йил май ойидан буён турли экстримистик видео, аудио ва pdf материаллар тарқатиш билан шуғулланиб келган. Тарқатилган манбалар сирасида демоктратия тоғут ва куфур тузим деб номланади, шариат қиличини тутиш шартлиги ҳақида жанговар тарғиботлар аниқланди.

    Чиноз туман суди ҳаваскор уммат энасига 3 йил озодликни чеклаш жазосини қўллади. Энди уйда совчи кутади.