Ўзбекистонда хусусийлаштириш ҳақида гап кетганда одатда “самарали хусусий мулкдор”, “инвестиция”, “ишончли бошқарув” сингари чиройли иборалар ишлатилади. Лекин Enter Engineering, Eriell ва Saneg атрофидаги охирги воқеалар бу моделнинг бошқа томонини ҳам кўрсатмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу гуруҳга тегишли ширкатларда 38 минг ходимнинг 130 миллион доллардан ортиқ маошидан қарздорлик йиғилиб қолган. Расмий изоҳга кўра, шу қарзни ёпиш учун ҳукумат катта активларни сотиш режасини тасдиқлаган.
Сотувга чиқарилиши кутилаётган объектларга қаранг:
-Самарқанд аэропорти
-Silk Road Samarkand меҳмонхоналари
-Фарғона нефтьни қайта ишлаш заводи
-тиббиёт маркази
-офис бинолари ва бошқа активлар
Кечагина “Янги Ўзбекистон туризм маркази”, “инвестиция рамзи”, “миллий ривожланиш лойиҳаси” деб кўрсатилган объектлар бугун, расмий важларга ишониладиган бўлса, маошлардан қарздорликни ёпиш учун сотувга чиқарилмоқда.
ФОЗИЛОВ ИМПЕРИЯСИ
Бу ерда асосий фигура – 51 яшар Бахтиёр Фозилов.
Унинг бизнес тармоғи энергетика, саноат қурилиши ва нефть соҳасидаги энг йирик контрактларни ўз ичига олади.
Eriell – нефть-газ бурғулаш
Enter Engeneering – кўп миллиардлик саноат қурилишлари
Saneg – нефть ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш.
Бу компанияларга кейинги йилларда Ўзбекистондаги энг йирик давлат лойиҳалари берилган.
Булар:
Газ конлари.
Металлургия объектлари.
Нефть заводлари.
Аэропортлар.
Туризм мажмуалари.
Қисқаси, иқтисодиётнинг ярми деярли бир бизнес гуруҳ қўлида жам бўлган эди.
Айни пайтда бу империя фақат маҳаллий ресурслар билан қурилган эмас.
Eriell ривожланишида Газпромбанк каби Россия молиявий институтлари иштирок этгани маълум. Бу банк Кремл ва шахсан Путинга яқин тузилмалардан бири ҳисобланади.
Шу маънода, Eriell, бу – шунчаки маҳаллий хусусий бизнес эмас. Бу-Россия капитали, офшор тармоқлар ва давлат контрактларининг омухтаси ва маълум сиёсий ва саноат-молия гуруҳларининг манфаатлари кесишган нуқта.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодни бошқаришнинг янги, ўзига хос модели шаклланди.
Яъни давлат катта лойиҳаларни бир нечта йирик хусусий гуруҳга топширади.
Мантиқ оддий:
катта бизнес – тез қурилиш – катта инвестиция.
Аммо амалда бошқача сценарий ишлаяпти.
Активлар бир қўлда жамланади.
Рақобат йўқолади.
Молиявий хавф катталашади.
Ҳозир айнан шу нарсани кўряпмиз.
АКТИВЛАР КАРУСЕЛИ
Eriell нинг банкротлиги мисолида юзага чиқаётган схема мана бундай:
Давлатнинг йирик активлари танланган хусусийлар қўлларга берилади;
Улар “миллий чемпион”га айлантирилади;
Қарз ва бошқарув муаммоси юзага келади;
Активлар яна сотилади;
Карусел айланишда давом этади.
38 минг одам ойликсиз қолгани, бу – шунчаки корпоратив муаммо эмас.
Бу- савол:
Ўзбекистонда хусусийлаштириш ҳақиқатан бозор ислоҳотими?
Ёки активларнинг элита ичидаги навбатдаги қайта тақсимотими?
Чунки амалда формула жуда таниш:
Фойда хусусийлашади
Муаммо эса миллийлашади (давлат муаммосига айланади)
Ва бу жараён ҳамон “ислоҳот”деб аталади…