Blog

  • ШОВОТДАГИ ДАВЛАТ МАРКАЗИДА ҚЎРҚУВ, ПУЛ ЙИҒИМЛАРИ ВА ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР

    ШОВОТДАГИ ДАВЛАТ МАРКАЗИДА ҚЎРҚУВ, ПУЛ ЙИҒИМЛАРИ ВА ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР

    Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – номи улуғ, амали эса мутлақо ноинсоний бўлган муассасага айланиб қолгани ҳақида айни марказ ходимлари оғир даъволарни илгари сурмоқда. Давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритадиган ушбу марказда инсон қадр-қиммати “бир тийинга ҳам олинмаслиги” айтилмоқда.

    Элтузга келиб тушган мурожаатларда билдирилишича, марказда нормал иш режими деган тушунча деярли йўқ. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун мажбурий мажлис. Ходимлар айтишича, иш қилишга вақт қолмайди, бутун кун йиғилиш билан ўтади. Расман иш вақти соат 18:00 да тугаса-да, амалда ходимлар 21:00–22:00 гача ушлаб қолинади. Белгиланган вақтда уйига кетган ходим эса “марказ душмани”га айланиб, навбатдаги мажлисларда омма олдида изза қилинади.

    Марказ раҳбари ҳақидаги даъволар ҳам ўта жиддий. Ходимлар уни раҳбарлик салоҳияти йўқ, соҳага оид оддий саволларга жавоб бера олмайдиган шахс сифатида таърифламоқда. Айтилишича, раҳбар ўз саводсизлигини яшириш учун юқори турувчи бошқарма бошлиғига ёқиш мақсадида ходимлар чўнтагидан пул йиғиб, турли “совға-салом”лар бериб келади. Ҳатто бошқарма бошлиғининг туғилган куни баҳонасида икки йилдан бери мунтазам пул йиғилгани айтилмоқда.

    Яна бир даъво жамоатчиликни ларзага солади: бошқарма бошлиғининг туманга келиб-кетиши ходимларга ўртача 2 миллион сўмга тушар экан. Бу маблағлар ҳам марказ ва ижтимоий ходимлардан мажбурий тарзда йиғиб олинади.

    Энг оғир айбловлар етим болалар учун ажратиладиган уй-жойлар билан боғлиқ. Мурожаатларда келтирилишича, уйлар расман 115 миллион сўмга расмийлаштирилади, амалда эса уй эгаси билан 100 миллионга келишилади. Қолган 15 миллион сўм нақд пул сифатида қайтариб олинади. Бу ишлар билан марказдаги вояга етмаганлар бўлими раҳбарияти шуғулланиши айтилмоқда.

    Марказда пул йиғимлари тўхтамайди. Ходимларнинг ойлигининг тахминан учдан бир қисми турли “йиғим”ларга кетиши айтилмоқда. Бундан ташқари, Баҳром исмли шахс ҳақида ҳам қаттиқ шикоятлар бор. У қўлидаги кичик ваколатдан фойдаланиб, ижтимоий ходимларга босим ўтказиши, уларни ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши айтилади. Унинг асосий “иши” Telegram ва YouTube кузатиб, ким топшириққа муносабат билдиргани ёки билдирмаганини текшириш экан. Каналда хабарни ўқиб, фикр қолдирмаган ходим навбатдаги таъқиб объектига айланади.

    Натижада, Шовот туманидаги “Инсон” марказида ходимлар ишга ихтиёрий равишда эмас, қўрқув билан бориши айтилмоқда. Мурожаат муаллифларига кўра, агар бошқа жойдан иш топилса, ходимларнинг камида 99 фоизи дарҳол ариза ёзиб кетишга тайёр.

  • ҲАЖАР УЛ АСВАДНИ ЎПИШ ШАРТМИ?!

    ҲАЖАР УЛ АСВАДНИ ЎПИШ ШАРТМИ?!

    Умра ёки Ҳаж пайтида Ҳажар ул асвадни ўпиш масаласи кўпчилик учун баҳсли мавзулардандир. Айримлар уни ибодатнинг маркази деб билса, айримлар унга етиша олмасликни зиёратнинг камчилиги деб қабул қилади. Аслида эса масала бунчалар содда эмас.

    Ҳажар ул асвадни ўпиш фарз эмас. У ҳатто вожиб ҳам эмас. У суннат амал ҳисобланади. Яъни имконият бўлса қилинади, имконият бўлмаса гуноҳ ҳам йўқ камчилик ҳам йўқ.

    Ислом пайғамбари (сав) уни ўпгани учун мусулмонлар ҳам уни ўпишга интилади. Лекин шу ерда муҳим бир чегара бор. Суннат деб бошқаларга озор етказиш мумкин эмас.

    Ҳаж ва Умранинг асосий мақсади Аллоҳга тақво билан яқинлашиш. Сабр камтарлик ва ахлоқ бу ибодатнинг руҳидир. Агар Ҳажар ул асвадни ўпаман деб, итариш, бақириш, жанжал ёки заиф одамларни эзғилашга ўтиб кетилса, бу ерда суннатнинг руҳи йўқолади. Ибодат шакли қолиб, маъноси йўқолади.

    Бугун айрим зиёратчилар учун Ҳажар ул асвад гўё имон ўлчовига айланиб қолган. Ўпдим, демак, тўлиқ Ҳаж қилдим. Ўпа олмадим, демак, нимадир етмай қолди. Бу хато тушунча.

    Хуллас, Ҳаж майдони имтиҳон жойи эмас у ерда ким кучли эканини кўрсатиш шарт эмас.

  • БАНК, КРЕДИТ ВА КАЗИНО. ЯШНОБОДДАГИ МОЛИЯВИЙ ТРАГИКОМЕДИЯ

    БАНК, КРЕДИТ ВА КАЗИНО. ЯШНОБОДДАГИ МОЛИЯВИЙ ТРАГИКОМЕДИЯ

    Тошкент шаҳри Яшнобод туманида банк тизими янги жанрда чиқиш қилди. Бу гал молия, ҳужжат ва қимор учлиги саҳнага чиқди.

    Номи сир қолдирилган банкнинг Яшнобод филиалидаги бўлим бошлиғига оддий иш куни зерикарли туюлдими ёки “соққа қилиш керак” деган ўзбекона фалсафа кучлилик қилдими, 120 минг долларлик кредитни ишлаб чиқаришга қарор қилди. Албатта, ўз номи билан эмас. Бу даражадаги ижодкорлик учун фирма керак, ҳужжат керак, шерик керак.

    Сценарий шундай. Битта фирма бор, иккинчиси ҳам бор. Бирининг номи билан иккинчисига кредит чиқарилади. Ҳужжатлар қоғозда гўзал, имзолар жуда жиддий. Пул эса жуда тирик. Кейин бу пул нақдлаштирилади ва тўғридан-тўғри интернетдаги қимор ўйинларига тикилади.

    Бу ерда банк ходими энди молиячи эмас, қиморга пул тиккан таваккал устасисига айланади. 120 минг доллар бир зумда “айлантирилди”. Қайси ўйин, қайси сайт, қайси тугма босилгани аниқ эмас, лекин натижа маълум. Пул йўқ. Адреналин бор. Жиноят иши ҳам бор.

    Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти эса бу спектаклни томошабин сифатида эмас, режиссёр сифатида тўхтатди. Терговга қадар текширув ўтказилди ва трагикомедиянинг жанри аниқланди. Талон-торож моддаси.

    Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси ва 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Энди интернет қимори ўрнини тергов ҳаракатлари, бонус ўрнини айблов хулосаси, “ставка” ўрнини суд кутиб турибди.

    Хулоса оддий. Банк пулни айлантириш учун яратилган, лекин рулеткада эмас.

  • ДИННИ ЯНА КИМЛАР НИҚОБ ҚИЛИШИ МУМКИН?

    ДИННИ ЯНА КИМЛАР НИҚОБ ҚИЛИШИ МУМКИН?

    Динни нафақат турли террористик ташкилотлар, балки “бошқа” лар ҳам ниқоб қилиши мумкинлигини сезган бўлсангиз керак.

    Инфобизнесменлар ва коучларнинг “диний ниқоб” кийиши — бу шунчаки тасодиф ёки шахсий иймон масаласи эмас. Бу — совуққонлик билан ҳисоб-китоб қилинган маркетинг стратегиясидир.

    Ўзбекистон шароитида бу стратегия нима учун “бехато” ишлашини 5 та асосий сабаб билан тушунтириб бераман:

    1. Танқидий фикрлашни ўчириш тугмаси (ишонч кредити)

    Ўзбек жамиятида динга бўлган ҳурмат ва ишонч сўзсиз юқори.

    Механизм: Одамлар оддий тадбиркорни кўрганда: “У мени алдаб, пулимни олишни хоҳлайди” деб шубҳа билан қараши мумкин.

    Ниқоб билан: Агар тадбиркор соқол қўйиб, қўлига тасбеҳ олса ва гапини ҳадис билан бошласа, одамлардаги шубҳа автоматик равишда ўчади.

    Натижа: “Намозхон одам алдамайди”, “Аллоҳдан қўрқадиган одам ҳаром емайди” деган стереотип ишга тушади. Бу — мижознинг ишончини қозонишнинг энг арзон ва тез йўли.

    1. Танқиддан “Илоҳий қалқон” (иммунитет)

    Диний ниқоб уларни нафақат сотишда, балки ҳимояланишда ҳам қутқаради.

    Механизм: Агар сиз оддий бизнес тренерини танқид қилсангиз — бу шунчаки фикрлар хилма-хиллиги.

    Ниқоб билан: Агар сиз “диний коуч”ни танқид қилсангиз, улар вазиятни шундай бурадики, гўёки сиз динга ёки уламоларга тош отяпсиз.

    Натижа: танқидчи “дин душмани” ёки “фосиқ”га чиқарилади. Эргашувчилар (“муридлар”) ўз устозини ҳимоя қилиш учун “жиҳод”га чиққандек тажовузкор бўлиб қолишади. Бу — танқидчиларнинг оғзини ёпишнинг энг қулай усули.

    1. Маҳсулот сифати учун жавобгарликнинг йўқлиги

    Бу энг айёрона қисми. Бизнесда KPI (аниқ кўрсаткичлар), фойда ва зарар бор. Диний маркетинг эса ўлчаб бўлмайдиган нарсаларни сотади.

    Механизм: Улар сизга “Аниқ бойиб кетасан” демайди (чунки буни исботлаш керак). Улар сизга “Ишингга БАРАКА киради” дейди.

    Натижа: Агар курсидан кейин ишингиз юришмаса, улар айбдор эмас. Жавоб тайёр: “Демак, ниятингиз холис эмас экан” ёки “Ризқ Аллоҳдан, биз сабабчимиз холос”.

    “Барака” — ҳуқуқий жиҳатдан даъво қилиб бўлмайдиган товар. Уни сотган одам ҳеч қачон судга берилмайди.

    1. Аудиториянинг оғриқли нуқтаси: “Гуноҳкорлик ҳисси”

    Замонавий ўзбек тадбиркори ёки аёли икки ўт орасида яшайди: замонавий ҳаёт (пул, комфорт) ва диний талаблар. Уларда доимий “Мен дунёга берилиб кетдимми?”, “Пулим ҳалолми?” деган ички зиддият бор.

    Механизм: Диний коучлар айнан шу зиддиятни “даволашни” ваъда қилади. “Бизга келсанг, ҳам бой бўласан, ҳам жаннатий бўласан”.

    Натижа: Улар “Индульгенция” (гуноҳларни ювиш қоғози) сотишади. Одамлар ўзларини “яхши мусулмон” ҳис қилиш учун бу тренингларга пул тўлашади.

    1. Чегарасиз ҳукмронлик (Власть)

    Оддий устоз фақат билим беради. Диний устоз эса — ҳаёт тарзини белгилайди.

    Механизм: Диний ниқоб кийган шахс сизнинг нафақат бизнесингизга, балки оилангизга, кийинишингизга, ким билан дўст бўлишингизгача аралашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

    Натижа: Бу — мутлақ ҳокимият. Инсон табиатан ҳукмронликка интилади. “Устоз” бўлиш — минглаб одамларни ўзига бўйсундиришнинг энг юқори чўққисидир.

    Хулоса

    Улар диний ниқобни Аллоҳга яқинлашиш учун эмас, балки мижознинг ҳамёнига яқинлашиш учун кийишади.

    Бу — «Halo Effect» (Орлеан эффекти) дейилади: Одамнинг бир ижобий сифати (масалан, намозхонлиги) кўринса, мия автоматик равишда унинг бошқа сифатларини (профессионаллиги, ҳалоллиги) ҳам ижобий деб қабул қилади. Фирибгарлар буни жуда яхши билишади.

    (Баҳодир Ботиров фейсбук саҳифасидан олинди)

  • ВАЛЮТА ОЛИБ-СОТАРИ ЯНА “ҚЎЛГА ТУШДИ”

    ВАЛЮТА ОЛИБ-СОТАРИ ЯНА “ҚЎЛГА ТУШДИ”

    Самарқандлик Н.Рўзиқулов учун валюта олди-сотдиси оддий иш эмас, балки гўё “ҳаёт тарзи”га айланиб қолган кўринади. У аввал ҳам қонунни унутиб қўйган, кейин судни ҳам унутиб қўйган, энг қизиғи, хулоса чиқаришни эса умуман эсидан чиқарган.

    Маълум бўлишича, у 2025 йил 24 июль куни валюта билан қонунга хилоф шуғуллангани учун 5 сутка маъмурий қамоқда “дам олиб” чиққан. Лекин бу қисқа “таътил” унга сабоқ бўлмаган.

    Натижада, 2025 йил 18 ноябрь куни у яна иш бошлаб, фуқаро М.Икрамовадан 100 АҚШ долларини 1 190 000 сўмга сотиб олган. Аммо бу сафар ҳам омад кулмаган: тезкор ходимлар “валюта операцияси”ни жойида тўхтатишди.

    Текширув давомида Н.Рузиқуловнинг ёнидан яна 500 АҚШ доллари чиқиб, улар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Қисқаси, “захира” ҳам бор экан.

    Суд эса бу сафар ҳазиллашмади. Н.Рузиқулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 57-модда қўлланилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари — 14 миллион 420 минг сўм жарима тўлашга ҳукм қилинди.

    Қиссадан ҳисса шуки, валютада фойда бор, лекин қонунни четлаб ўтсам, деган фикр жуда қимматга тушади.

  • ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ҚИСМАТИГА АРЗОН МАШИНА ОЛИШ ЁЗИЛГАНМИ?

    ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ҚИСМАТИГА АРЗОН МАШИНА ОЛИШ ЁЗИЛГАНМИ?

    Сўнгги йилларда Ўзбекистон автомобиль бозори фаоллашгани кузатилмоқда. 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида 379 мингдан ортиқ автомобиль сотилгани бунга яққол мисол. Бир қарашда бу рақам бозорда имкониятлар кенгайганини англатгандек туюлади. Аммо рақамлар ортидаги манзара бунчалик ижобий эмас.

    Сотув ҳажмларининг асосий қисми арзон сегментга тўғри келяпти. Энг кўп харид қилинаётган моделлар – маҳаллий ишлаб чиқарилган ва техник жиҳатдан содда машиналар. Замонавий ва қимматроқ моделларга қизиқиш бор, аммо у оммавий тус олгани йўқ. Бу ҳолат фуқароларнинг танлови кенглигидан эмас, харид имконияти чекланганидан далолат беради.

    Очиқ маълумотларга кўра, харидорларнинг тахминан 75 фоизи маҳаллий арзон автомобилларни танламоқда. Бу рақам бозор эркин рақобат асосида шаклланган танловни эмас, иқтисодий мажбуриятни акс эттиради.

    Нега маҳаллий арзон машиналар устун?

    Биринчи омил – нарх. Аҳоли даромадлари қиммат автомобил харид қилиш учун етарли эмас. Иккинчи омил – хизмат кўрсатиш инфратузилмаси. Маҳаллий ишлаб чиқарилган машиналар учун эҳтиёт қисмлар осон топилади, таъмирлаш хизматлари нисбатан арзон. Бу эса узоқ муддатли харажатларни ҳисоблайдиган истеъмолчи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

    Бироқ бозорда фаоллик бўлишига қарамай, автомобиль сотиб олиш жараёни ҳануз мураккаб. Машина танлаш, расмийлаштириш, навбатлар ва ҳужжатлар бир неча соатда ҳал бўладиган масала эмас. Бу жараён кўпинча бир кундан ортиқ вақтни олади.

    Кредит сиёсати – бозорни чекловчи омил

    Автомобиль харидида кредитнинг ўрни катта, аммо амалда у осон ечим эмас. Фоиз ставкалари юқори, шартлар эса аниқ ва барқарор эмас. Бу ҳолат кўпчиликни кредитдан воз кечишга ёки имконияти етган энг арзон вариантни танлашга мажбур қилади.

    Чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобилларнинг нархи импорт билан боғлиқ юқори божхона тўловлари ва солиқлар сабаб кескин ошади. Япония, Корея ёки Европа ишлаб чиқарувчиларининг машиналари нархи маҳаллий бозорда аҳоли даромадларига мутаносиб эмас.

    Бундан ташқари, импорт жараёнининг ўзи ҳам мураккаб. Узоқ кутиш муддатлари, норасмий чекловлар ва маъмурий тўсиқлар машиналарни олиб киришни қийинлаштиради. Натижада, ҳатто импорт қилинган автомобилларга нисбатан ҳам ишонч паст.

    Автомобиллашув даражаси нимани кўрсатади?

    Ўзбекистонда автомобил кўпинча нафақат ҳаракат воситаси, балки кундалик эҳтиёж ва даромад манбаи ҳисобланади. Шунга қарамай, автомобиллашув даражаси ҳануз паст. 2023 йилда ҳар 1 000 кишига 100 тадан сал кўпроқ автомобиль тўғри келган. Бу кўрсаткич аҳоли эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаётганини кўрсатади.

    Ўзбекистонда фуқароларнинг арзон автомобиль танлаши эркин бозор натижаси эмас. Бу – чекланган даромадлар, юқори божхона тўловлари, қиммат кредитлар, заиф рақобат ва импортдаги тўсиқлар йиғиндиси.

    Мавжуд шароитда аҳоли кундалик эҳтиёжга жавоб берадиган, техник жиҳатдан оддий ва нисбатан арзон машиналарни танлашга мажбур. Бозор ҳақиқий танлов майдонига айланиши учун эса фақат сотув ҳажмларининг ўсиши эмас, харид имкониятларининг ҳам кенгайиши талаб этилади.

  • ҚИЗИЛТЕПАДА “ЭЧКИ ИСЛОҲОТИ”

    ҚИЗИЛТЕПАДА “ЭЧКИ ИСЛОҲОТИ”

    Қизилтепа туманида жойлашган Аму-Бухоро Машина Каналида янги йилдан “қишлоқ хўжалиги инқилоби” бошланди. Маълум бўлишича, Машина Каналининг биринчи ўринбосари Анвар Нарзиев жорий йилдан бошлаб ҳар бир ишчи-хизматчидан “ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш” баҳонасида бир бош буғоз эчки сотиб олиб, ишхона балансига топширишни талаб қилмоқда. Раҳбарнинг айтишича, бу “вазирлик топшириғи” экан.

    Ишчилар эса янги ташаббусдан ҳаяжонда: ойлик маош 2 миллион 500 минг сўм, бозордаги бир бош эчки эса 1 миллион 500 минг сўм. Қолган пулга нима қилиш керак – сув ичиб яшашми ёки эчки билан бирга ишхонада ётиб қолишми – ҳозирча аниқ эмас.

    Айрим ходимлар “агар кейин сигир, қўй ва туя ҳам қўшилса, канал эмас, тўлиқ ферма бўламиз”, деб ҳазил қилмоқда.

    Ишчилар вазирликдан зудлик билан текширув ўтказиб, “эскича фикрлайдиган, ишчиларни сув хўжалигидан чорва хўжалигига ўтказмоқчи бўлаётган” раҳбарлардан қутқаришни талаб қилмоқда.

    Акс ҳолда, яқин орада канал ёнида “Аму–Бухоро эчки комбинати” очилиб қолиши ҳам мумкин.

  • ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОРОВУЛДАН ТОРТИБ ВАЗИРГАЧА ПОРА ОЛАДИ. НЕГА?

    ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОРОВУЛДАН ТОРТИБ ВАЗИРГАЧА ПОРА ОЛАДИ. НЕГА?

    “Қоровулдан вазиргача ҳамма пора олади” деган ёзувимизни ўқиган Элтуз обуначиси аввал аччиқ кулиб қўяди, кейин айни лаҳзадаёқ бу гапни унутади.

    Аслида бу ибора ҳазил эмас, жамиятда шаклланиб бўлган ички хулосанинг овози. Азиз ўқувчи! Сиз пора олмаган бўлишингиз мумкин, лекин тизимга ишонмайсиз! Гапим тўғрия?!

    Аслида энг хавфли жой ҳам шу ерда. Коррупция фақат пора олган амалдор билан эмас, унга ишонмай қўйган жамият билан тирик қолади.

    Порахўрликни одатда шахсга боғлашади. Абдулла Арипов роса порахўр, алоқага вазири бўлганида ҳам роса оларди, бош вазир бўлганидан кейин аввалгидан ҳам кўпроқ пора оляпти, дейишади. Фалончи ёмон экан, пистончи очкўз экан, ана шунинг учун пора олган дейишади…

    Лекин ўша Элтуздан нафратланадиган бош вазир Абдулла Ариповни бошқа тизимга қўйиб кўринг. Агар у ерда қарорлар очиқ бўлса, Абдулла Арипов ҳар бир имзосининг нархи эмас, жавобгарлиги борлигини ҳис қилса, унинг ҳар бир қадами назорат қилинишини кўрса, ундаги “очкўзлик” ўрнини “қўрқув” эгаллайди. Демак, муаммо инсонда эмас, инсонни шакллантираётган муҳитда. Абдулла Ариповга порани ким беради? Сиз ва биз эмасми?

    Ўзбекистонда пора олиш ва бериш нега барқарор? Чунки у хавфли жиноятлар сирасига кирмайди. Ҳисоб-китоб қилиб бўладиган риск.

    Бир вазир ёки, айтайлик, порахўрлиги билан ном чиқарган бир вилоят ҳокими олсам оламан, ушлансам чиқиб кетаман, чиқмасам ҳам бир неча йилдан кейин яна қайтаман, деб расчёт қилади.

    Шу ҳисоб-китоб бор экан, қонун қанчалик қаттиқ ёзилмасин, улар декларатив бўлиб қолаверади. Порахўрлик йўқолиши учун одам “олсам нима бўлади?” деб эмас, “олсам албатта қамаламан, етти авлодим шарманда бўлади” деб ўйлаши керак. Жазо муқаррар бўлмаган жойда жойда адолат ҳам бўлмайди.

    Лекин фақат жазо билан иш битмайди. Чунки пора кўп ҳолда хоҳишдан эмас, мажбуриятдан туғилади.

    Вазирлар ёки йирик бизнесменлар пора беришни яхши кўргани учун эмас, бошқа йўли қолмагани учун Абдулла Ариповга пора беради. Агар битта имзо учун кабминдаги ўнта эшик қоқиш керак бўлса, агар қонун аниқ бўлса-да, амалга ошиши мансабдорнинг кайфиятига боғлиқ бўлса, у ерда пора табиий равишда пайдо бўлади.

    Бу ерда гап ахлоқ ҳақида эмас, архитектура ҳақида кетяпти. Нотўғри қурилган тизим одамни ҳам нотўғри ҳаракатга мажбур қилади.

    Шунинг учун айрим давлатлар коррупцияга қарши курашни маъруза билан эмас, муҳитни ўзгартириш билан бошлашади.

    Грузияда бир пайтлар йўл-патруль хизмати пора билан танилган эди. Саакашвили мамлакат бўйлаб маънавият дарсини кўпайтирмади, одамларга кўчага плакат илиб чиқинглар, демади.

    Саакашвили шунчаки тизимни парчалади. Кераксиз ГАИ постларини йўқ қилди, хизматларни соддалаштирди, одам билан одам ўртасидаги контактни минимал даражага етказди. Натижада пора олиш учун на фурсат, на манфаат қолди. Коррупция йўқолмади, у маъносиз бўлиб қолди.

    Сингапурда эса бошқа йўл танланди. Давлат хизматчиси яхши маош олади, лекин у сарфлаган ҳар бир доллари учун ҳисобот беради. Сингапурда мансаб бойиш имконияти эмас, катта риск.

    Одамлар қонундан қўрқиб эмас, шармандаликдан қўрқиб ишлайди. Чунки Сингапурда фош бўлиш нафақат ишдан кетиш, балки бутун умрга шарманда бўлиш дегани.

    Ўзбекистонда эса бошқача манзара. Пора билан ушланган одам бир неча йилдан кейин радарда яна пайдо бўлади. Одамлар уни кўриб “барибир қайтибди-ку” дейди.

    Шу лаҳзанинг ўзида давлат бир кишини эмас, минглаб одамларни йўқотади. Чунки адолатга ишонч яна бир бор синган бўлади. Коррупцияни йўқ қилишда энг қийин нарса ҳам шу – ишончни тиклаш.

    Яна бир оғриқли ҳақиқат бор. Коррупция фақат юқорида эмас. У пастда ҳам яшайди. Кичик пора катта порахўрликка замин яратади. “Майда-ку” деган ҳар бир ҳаракат тизимни емириб боради.

    Шунинг учун бу муаммони фақат давлат ҳал қилади, деб ўйлаш – хато. Жамиятнинг ўзи ҳам танлов қилади. Осон йўлни танлайдими ёки тўғри йўлни. Қисқа муддатли фойдани афзал кўрадими ёки узоқ муддатли адолатни.

    Порахўрликни йўқ қилиш – бу бир кампания эмас, бу узоқ, оғриқли жараён. Унда кимдир ютқазади, кимдир норози бўлади. Лекин бошқа йўл йўқ. Ё тизим одамни бузади, ёки одам тизимни тузатади. Ўрта йўл бўлмайди. Шуни англаган жамиятгина “қоровулдан вазиргача” деган гапни ҳазил учун эмас, ўтмишни эслаш учун айтадиган бўлади.

  • ВАҚТ МАШИНАСИ: 4 ЯНВАРЬ – ДУНЁДА ИЛК МАШИНИСТСИЗ ПОЕЗД ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

    ВАҚТ МАШИНАСИ: 4 ЯНВАРЬ – ДУНЁДА ИЛК МАШИНИСТСИЗ ПОЕЗД ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

    1962 йил 4 январда Нью-Йорк метросида юз берган воқеа нафақат транспорт тизими, балки технология дунёси учун ҳам ҳақиқий инқилоб эди. Бу лойиҳа инсониятга “автоном бошқарув” тушунчасини амалда кўрсатиб берган илк қадамлардан бири бўлган.

    Лойиҳа Automated Times Square–Grand Central Shuttle деб номланган. У Нью-Йоркнинг энг гавжум икки нуқтасини боғлайдиган қисқа масофали йўналишда синовдан ўтказилган.

    Поезд махсус магнитли релелар ва йўл четига ўрнатилган сигнал берувчи қурилмалар ёрдамида бошқарилган. Бу тизим поезднинг тезланиши, тўхташи ва эшикларни очиш-ёпишини инсон аралашувисиз амалга оширган.

    Поезд ичида машинист кабинаси бўлмаган, фақат фавқулодда вазиятлар учун телефон алоқаси ва тўхтатиш тугмалари ўрнатилган.

    Қаршиликлар ва хавфсизлик масаласи

    Ўша даврда бу технология жуда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

    Метро ходимлари касаба уюшмаси машинистлар ишсиз қолишидан қўрқиб, бу лойиҳага кескин қарши чиққан. Шу сабабли, поезд автоматик бўлса-да, хавфсизлик учун бошида ичида бир нафар кузатувчи ходим туришига мажбур бўлишган.

    Одамлар “жонсиз машина” бошқараётган транспортга чиқишдан қўрқишган. Аммо синовлар муваффақиятли ўтгач, жамоатчилик ишончи ортган.

    Лойиҳанинг тақдири

    Афсуски, ушбу “келажак поезди” узоқ вақт хизмат қилмади. 1964 йилда Гранд Сентрал станциясида содир бўлган йирик ёнғин натижасида автоматик поезд ва тизимнинг асосий қисмлари вайрон бўлган. Молиявий сабаблар ва техник қийинчиликлар туфайли тизимни қайта тиклаш ўрнига, анъанавий бошқарувга қайтилган.

    Тарихий аҳамияти

    Бу воқеа дунё бўйлаб замонавий метро тизимлари учун пойдевор бўлди. Бугунги кунда биз кўраётган, Парижнинг 14-линияси, Дубай метроси, Тошкент метросининг айрим янги бошқарув тизимлари, — барчаси ўша 1962 йилги Нью-Йорк тажрибасининг мантиқий давомидир