Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – номи улуғ, амали эса мутлақо ноинсоний бўлган муассасага айланиб қолгани ҳақида айни марказ ходимлари оғир даъволарни илгари сурмоқда. Давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритадиган ушбу марказда инсон қадр-қиммати “бир тийинга ҳам олинмаслиги” айтилмоқда.
Элтузга келиб тушган мурожаатларда билдирилишича, марказда нормал иш режими деган тушунча деярли йўқ. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун мажбурий мажлис. Ходимлар айтишича, иш қилишга вақт қолмайди, бутун кун йиғилиш билан ўтади. Расман иш вақти соат 18:00 да тугаса-да, амалда ходимлар 21:00–22:00 гача ушлаб қолинади. Белгиланган вақтда уйига кетган ходим эса “марказ душмани”га айланиб, навбатдаги мажлисларда омма олдида изза қилинади.
Марказ раҳбари ҳақидаги даъволар ҳам ўта жиддий. Ходимлар уни раҳбарлик салоҳияти йўқ, соҳага оид оддий саволларга жавоб бера олмайдиган шахс сифатида таърифламоқда. Айтилишича, раҳбар ўз саводсизлигини яшириш учун юқори турувчи бошқарма бошлиғига ёқиш мақсадида ходимлар чўнтагидан пул йиғиб, турли “совға-салом”лар бериб келади. Ҳатто бошқарма бошлиғининг туғилган куни баҳонасида икки йилдан бери мунтазам пул йиғилгани айтилмоқда.
Яна бир даъво жамоатчиликни ларзага солади: бошқарма бошлиғининг туманга келиб-кетиши ходимларга ўртача 2 миллион сўмга тушар экан. Бу маблағлар ҳам марказ ва ижтимоий ходимлардан мажбурий тарзда йиғиб олинади.
Энг оғир айбловлар етим болалар учун ажратиладиган уй-жойлар билан боғлиқ. Мурожаатларда келтирилишича, уйлар расман 115 миллион сўмга расмийлаштирилади, амалда эса уй эгаси билан 100 миллионга келишилади. Қолган 15 миллион сўм нақд пул сифатида қайтариб олинади. Бу ишлар билан марказдаги вояга етмаганлар бўлими раҳбарияти шуғулланиши айтилмоқда.
Марказда пул йиғимлари тўхтамайди. Ходимларнинг ойлигининг тахминан учдан бир қисми турли “йиғим”ларга кетиши айтилмоқда. Бундан ташқари, Баҳром исмли шахс ҳақида ҳам қаттиқ шикоятлар бор. У қўлидаги кичик ваколатдан фойдаланиб, ижтимоий ходимларга босим ўтказиши, уларни ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши айтилади. Унинг асосий “иши” Telegram ва YouTube кузатиб, ким топшириққа муносабат билдиргани ёки билдирмаганини текшириш экан. Каналда хабарни ўқиб, фикр қолдирмаган ходим навбатдаги таъқиб объектига айланади.
Натижада, Шовот туманидаги “Инсон” марказида ходимлар ишга ихтиёрий равишда эмас, қўрқув билан бориши айтилмоқда. Мурожаат муаллифларига кўра, агар бошқа жойдан иш топилса, ходимларнинг камида 99 фоизи дарҳол ариза ёзиб кетишга тайёр.

Leave a Reply