ҚИЗ РЕАНИМАЦИЯГА ТУШГАЧГИНА “УЙҒОНГАН” ТИЗИМ: АНГРЕН ИШИДА ТЎРТ КИШИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Ангренда 14 ёшли қизга нисбатан узоқ вақт давом этган зўравонлик иши бўйича тўрт эркакка ҳукм ўқилди.
Суд уларни айбдор деб топди ва 7 йил 6 ойдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳукм бир жиноят ишининг якунланиши, холос. Аммо у яна бир ҳақиқатни очиб ташлади: Ўзбекистонда болани ҳимоя қилиш тизими фожиа содир бўлгачгина “ишлайди”.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилишича, судланувчилар Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “а” банди ва 119-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилган. С.Қ. 10 йилга, З.У. 12 йилга, Д.Ў. 10 йил 6 ойга, А.У. эса 7 йил 6 ойга қамалди.

Суд ёпиқ ўтди. Чунки гап вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик ҳақида кетяпти. Қонун шундай дейди.

Лекин жамиятни ўйлантирадиган бошқа савол бор:
“нега бу қиз реанимацияга тушмагунча ҳеч ким бу даҳшатни кўрмади? Нега болани ҳимоя қилиши керак бўлган тизимлар доим энг кеч паллада уйғонади?”

Бу иш ўтган йил май ойида қўзғатилган ва кенг жамоатчиликда қаттиқ муҳокамага сабаб бўлган эди. Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилганидан кейин жамият, фаоллар ва мутасаддилар унинг тақдирини кузатди.

Яъни, яна ҳаммаси одатдагидек бўлди: аввал фожиа, кейин шов-шув, кейин баёнот, кейин суд.

Бу воқеани янада оғирроқ савол билан қўйсак:
“қонунлар қаерда эди? Болани ким асраши керак эди?”
Ахир бу бир кунлик эмас, узоқ вақт давом этган зўравонлик бўлган. Демак, муаммо фақат тўрт жиноятчида эмас. Муаммо, шунингдек, бола додини эшитмайдиган, хавфни пайқамайдиган ёки пайқаса ҳам вақтида аралашмайдиган тизимда.

Бу ҳукм жазо сифатида керак эди. Лекин у етарли эмас. Чунки бир қиз болалигидан, соғлиғидан ва хавфсизлигидан айрилган жойда, ҳеч қандай суд қарори жамият виждонини оқлаб беролмайди.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *