ТОШКЕНТДА ЙПХ ИНСПЕКТОРИНИ УРИБ ЮБОРГАН ЯНА БИР ҲАЙДОВЧИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

ЙПХ инспекторлари йўл четида жароҳатланган инспекторга ёрдам кўрсатмоқда, қаршисида эса BYD Han автомобили тўхтаб турибди.

Тошкент шаҳрида ЙПХ инспекторини уриб юборган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда BYD Han русумли автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳайдовчи тахминан 100 км/соат тезликда ҳаракатланган. Шу вақт ҳудудда хизмат олиб бораётган 4-батальон, 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори уни тўхташга чақирган.

Бироқ ҳайдовчи қонуний талабга бўйсунмаган ва ҳаракатни давом эттириб, инспекторни уриб юборган.

Оқибатда ЙПХ ходими оғир жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. У 8 кун реанимацияда ётган, 34 кундан кейин ҳушига келган. Инспектор 6 ой даволанган ва бир йилдан сўнг хизматга қайтган.

Мазкур иш Чилонзор туман судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди.

Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳисоб-китобларга кўра, узил-кесил 5 йил 2 ой 9 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди.

Айбланувчи суд залининг ўзида қамоққа олинди.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *