АҚШ президенти Дональд Трамп шанба куни бошқа давлатларни Ҳурмуз бўғозига ҳарбий кемалар юборишга чақирди. Бу чақириқ Эрон Вашингтоннинг Форс кўрфазидаги асосий энергетика тугуни саналган Харг оролига берган зарбасидан кейин Яқин Шарқ бўйлаб можарони янада кенгайтириш билан таҳдид қилган бир пайтда янгради.
Ҳурмуз бўғози нефть ва газ ташиш учун энг муҳим денгиз йўлакларидан бири ҳисобланади. Теҳроннинг ушбу бўғоз орқали юк ташишни тўхтатиб қўйиш имконияти АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нисбатан катта босим воситасига айланиши мумкин.
Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида, “Ҳурмуз бўғози орқали нефть оладиган дунё давлатлари ўша йўлак хавфсизлигини таъминлаши керак, биз эса катта ёрдам берамиз. АҚШ ҳам бу давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, барча ишларни тез, равон ва самарали тарзда мувофиқлаштиради”, деб ёзди.
Уруш учинчи ҳафтасига кирган бир пайтда, Эрон АҚШ кучларининг Харг оролидаги ҳарбий объектларга зарбасидан кейин ҳам қаршилик кайфиятини намоён қилди. Мазкур орол Эрон нефть экспортининг қарийб 90 фоизини қабул қиладиган асосий нуқта ҳисобланади. Бу орада дрон ҳужуми Бирлашган Араб Амирликларидаги энергетика маркази фаолиятига ҳам халал берган. АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ўз фуқароларини Ироқни тарк этишга чақирган бўлса, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШдан ўз саноат объектларини минтақадан олиб чиқишни талаб қилди.
Исроил ва АҚШнинг 28 февралдан буён Эронга қарши бошлаган ҳужумлари оқибатида 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Қурбонларнинг асосий қисми Эрон ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, можаро нефть таъминотида тарихдаги энг йирик узилишлардан бирини келтириб чиқариб, жаҳон бозорида нархларни оширган.
Шанба куни Эроннинг марказий Исфаҳон шаҳрида совутгич ва иситгич ишлаб чиқарадиган заводга берилган ҳаво зарбаси оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлгани ҳақида яримрасмий Fars агентлиги хабар қилди. Исроил ҳарбийлари эса бу хабарга дарҳол изоҳ бермади.
Саноат ва савдо манбаларига кўра, БААнинг кемаларга ёқилғи қуйиш бўйича жаҳон миқёсидаги муҳим марказларидан бири саналган Фужайра амирлигида нефть юклашнинг айрим операциялари тўхтатиб қўйилган. Амирлик матбуот хизмати дрон тўхтатиб қолинганини билдирган, аммо шанба кечигача фуқаролик мудофааси кучлари парчалар тушиши ортидан чиққан ёнғинни ўчиришга уринаётгани айтилди.
Эрон ҳарбийлари вакили эса БАА аҳолисини портлар, доклар ва “америкаликларнинг паноҳ жойлари”дан узоқроқ туришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ кучлари айнан шу ҳудудлардан туриб Эрон оролларига зарба берган.

