CПОРТ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЮРИСТИ КЎЧАДА ҚОЛДИ

Юрист  иш жойида бир уюм қоғоз билан ўтирибди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ–2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом”нинг 5-бандига кўра, юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартириш ёки уларни бошқа таркибий бўлинмаларга қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди. Спорт вазирлигининг юристи бу қарорни билади, лекин билгандан нима фойда? Вазирлик амалдаги юристни ишдан кетқизмоқчи.

Маълум бўлишича, жорий йил январ ойида вазирликнинг юридик бўлимида штатлар ўзгартирилиб, бўлимда ишлаган бош юрисконсультлардан бири “бўлимда иш ҳажми кам” деган асос билан кадрлар бўлимига ўтказилган. Натижада бутун вазирликда фақат битта юрист қолдирилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон қарорига мувофиқ, республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларида ходимлар сони 50–100 нафар бўлган тақдирда, у ерда камида 2 нафар юридик хизмат ходими бўлиши шарт.

Ҳозир Спорт вазирлигининг юристи битта.  Вазирликнинг барча ҳуқуқий ишларини биргина юристга юклаш қанчалик мантиқий?

Юрист суд ишларида иштирок этиши, шартномалар ва қарорларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши, норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиши керак.

Бу каби катта ҳажмдаги ишларни бир нафар юрист қандай қилиб уддалаши мумкин?

Давлат ташкилотларида айрим ходимлар раҳбариятга ёқмай қолганда, уларни ишдан четлатишнинг “қонуний йўли” сифатида тузилмани ўзгартириш, ротация ёки штатни қисқартириш амалиёти қўлланиши ҳаммага маълум.

Агар бу ҳолатда ҳам шундай усул қўлланган бўлса, демак Спорт вазирлигида меҳнат муносабатлари, балки қонун устуворлигига жиддий путур етган. Бугун юристларнинг ўзи ҳимоясиз қолса, эртага қонун устуворлигини ким ҳимоя қилади?

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *