ЎЗБЕКЛАРНИНГ ДЕПОРТАЦИЯГА УЧРАГАН “АМЕРИКА ОРЗУСИ”

Аэропортда самолётдан тушаётган ва сумкалар кўтариб кетаётган ғамгин одам.

Дунё жамоатчилиги нафасини ичига ютиб Эрондаги вазиятни кузатаркан, урушнинг мақсадини тушунтириб беролмаётган Трамп маъмурияти яна 72 нафар ўзбекистонликни АҚШдан чиқариб юборди.

Ҳозирга қадар 1000 нафардан ортиқ ўзбекистонлик Трампнинг муҳожирларга қарши уруши қурбони бўлди.

Ҳар сафаргидек, АҚШ элчихонаси бу жараённи ташкил этишдаги  “яқин ҳамкорлик” учун ўзбек томонига миннатдорчилик билдирган.

Аслида, бу хабар фақат депортация ҳақида эмас. Бу иқтисодий ва ижтимоий реаллик ҳақида. Одамлар нима учун ҳаётини хавф остига қўйиб, моли ва жонини тикиб, минглаб километр масофа босиб океан ортига, қонуний ёки ноқонуний бўлсин, барибир боришга ҳаракат қилади? Бу саволга жавоб назаримизда, депортация статистикасида эмас, балки мамлакат ичидаги статистикасида ётибди.

Расмий баёнотларда “ҳамкорлик” деган сўз жуда чиройли эшитилади. Аммо бу ҳамкорликнинг мазмуни шундай: бир давлат мигрантларни чиқаради, иккинчиси эса уларни қабул қилади. Шу пайтгача экспорт асосан пахта, газ ёки меҳнат кучи бўлган бўлса, эндиликда “қайтарилган фуқаролар логистикаси” ҳам халқаро ҳамкорликнинг бир йўналишига айланиб бормоқда.

Энг қизиғи, бу каби хабарлар доим рақамлар билан бошланади: 72 нафар, 1000 нафар. Аммо бу рақамлар ортида бир хил сюжет бор: “Америка орзуси”да йўлга чиққан, бироқ Трамп орзусидаги Америка реалликлари билан юзма-юз келган одамлар.

Аммо Грин-карта статистикасига қаралса, бутун бу депортация ва қийинчиликларга қарамасдан ўзбеклар Америкадаги ҳаётни орзу қилишда давом этишмоқда. Ҳатто Американи ёмон кўрадиганлари ҳам.

Қисқаси, глобал сиёсатда ҳамма нарсанинг номи бор: санкция, савдо, миграция ва депортация. Фақат битта нарсанинг номи ҳали тўлиқ қўйилмаган- одамларнинг орзуси. Чунки орзуни депортация қилиш мумкин, лекин уни бекор қилиш қийин.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *