ФАРҒОНАДАГИ ТЕРГОВЛАР ОРТИДА НИМА БОР?

Ҳужжат ушлаб турган ва изоҳ бераётган Йўлчибой Исмоилов. Ороқда ҳужжатлар ва бир гуруҳ одамлар кўринган коридор.

Фарғона вилояти Учкўприк тумани жамоатчилик назорати фаоли Йўлчибой Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев номига очиқ мурожаат йўллаб, вилоятдаги айрим прокурорлар ва тергов органлари фаолияти юзасидан кескин иддаоларни илгари сурди.

Мурожаатда Учкўприк тумани прокурори Ў. Йўлчиев, Данғара тумани прокурори М. Абдураҳимов ҳамда Фарғона вилояти прокурори Б. Исмоилов номи тилга олинган.

Муаллиф фикрича, айрим жиноят ишлари қонуний асосдан кўра, манфаатлар тўқнашуви, маҳаллий таъсир доиралари ва шахсий адоват эҳтимоли билан боғлиқ ҳолда юритилаётгандек таассурот қолдирмоқда.

Йўлчибой Исмоилов мурожаатида икки қўшни туман прокурорлари ҳаракатлари бир нуқтага қаратилгани, тергов органлари эса мустақил эмас, балки муайян топшириқлар асосида иш олиб бораётгандек кўринаётганини таъкидлайди.

Унинг ёзишича, бу ҳолатлар давлат идораларининг ваколатлари шахсий мақсадлар йўлида ишлатилаётгани ҳақида жиддий саволларни кун тартибига чиқармоқда.

Мурожаат муаллифи, шунингдек, Учкўприкдаги ер билан боғлиқ ҳолатларни ҳам тилга олиб, 0,06 гектар ернинг 0,26 гектарга айланиб қолгани билан боғлиқ жараёнлар, шунингдек, эҳтимолий манфаатдорлик алоқалари очиқ ва холис текширилмаганини иддао қилган. Унга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан жамоатчиликка аниқ ва расмий изоҳ берилмаган.

Мурожаатда яна бир муҳим нуқтага эътибор қаратилган: муаллифнинг таъкидлашича, Фарғона вилоятидан ташқарида кўрилган айрим суд ишларида маҳаллий даражада шаклланган айбловлар ўз тасдиғини топмаган.

У буни тергов ва прокуратура фаолиятини чуқур қайта кўриб чиқиш учун асос бўладиган жиддий сигнал сифатида баҳолаган.

Йўлчибой Исмоилов Бош прокуратурадан мазкур ҳолатларни шахсий назоратга олиш, холис хизмат текшируви тайинлаш, мурожаатда номи тилга олинган мансабдорлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш ва жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этишни сўраган.

Таҳририят расмий муносабат тақдим этилган тақдирда, уни ҳам эълон қилишга тайёр.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *