МТРК таркибидаги Bolajon телеканали болаларга тарбия, билим ва эртак улашиши керак. Аммо каналда фитна-фасод ғужғон қайнаб, самимий муҳит йўқ бўлиб кетганидан жамоанинг ўзи ҳам норози.
Канал раҳбари Дилбар Усмонова бир неча бор “Элтуз звезда” бўлгач, жамоадошлари орасида қора рўйхат шакллантира бошлади.
Каналнинг самарали ижодкорларидан бири – Чарос Наримонова ёшлар орасида бир пайтлар жуда машҳур бўлган “Рўзғор мактаби” кўрсатувининг муаллифи сифатида танилган.
Бироқ манбаларга кўра, ҳозир Наримонова канал ичида деярли “кўринмас одам”га айлантирилган.
Наримонова жамоанинг телеграм гуруҳларидан чиқариб юборилган, мажлисларга чақирилмайди, тадбирларга таклиф қилинмайди, утайёрлаган кўрсатувлар тасдиқланмайди.
Сабаб эса жуда жўн – раҳбарият билан муносабат яхши эмас. Бош оператор Илдар Юнусов ҳам асоссиз равишда лавозимидан туширилган.
Кўп йиллик тажрибага эга режиссёр Шерзод Расулов ҳам канални тарк этди. Манбаларга кўра, унинг ролик ва кўрсатувлари қайта-қайта кўрикдан ўтмай қолавергач, у “ўз хоҳишига кўра” ишдан кетган. Худди шундай ҳолат Mоҳир Солиев билан ҳам бўлгани айтилмоқда.
Бошқа томондан канал раҳбарининг жияни ярим штатда ишлаб бирваракайига уч кўрсатув билан эфирни эгаллаган.
“Бошқа ижодкорлар эса бир дона кўрсатув очиш учун йиллаб рухсат кутиб юради. Баъзи кўрсатувлар эфирга бир кун олдин топширилмаса, бекор қилинади. Аммо айрим “махсус” лойиҳалар эфирга 3–4 соат қолганда ҳам чиқиб кетаверади” – дейди ходимлар
Телканал студияларида мусиқали катта кўрсатувлар очиш ҳам осон эмас. Чунки бундай лойиҳа раҳбар муаллифлигидаги “Болажон шоу”га рақобат бўлиб қолиши мумкин.
Шу сабаб, баъзи ижодкорлар янги ғояларни тарғиб қилиш ўрнига ҳадиксираб эҳтиёткорлик билан ишлашга мажбур бўлмоқда.

Leave a Reply