БЎЛГУСИ ШИФОКОРЛАР ТАҚДИРИ ХАВФ ОСТИДАМИ?

Кўринишида ғамгин турган талабалар, орқа фонда амалёт хонаси, бемор ва тиббий ходимлар тасвири.

«Биз, Бухородаги Осиё Халқаро Университетининг медицина йўналишида таҳсил олаётган юқори курс талабалари, университетдаги таълим сифати, амалий шароитлар, баҳолашдаги шаффофлик ва талабалар билан ишлаш тизими бўйича жиддий муаммолар борлиги сабабли ушбу очиқ мурожаатни йўллашга мажбур бўлмоқдамиз.

Ҳурматли университет раҳбари Деҳқонов Суҳроб Собирович, талабалар олий таълим муассасасига шунчаки контракт тўлаш учун эмас, балки сифатли билим олиш, амалий кўникмага эга бўлиш ва келажакда етук мутахассис бўлиб етишиш учун келади. Айниқса медицина соҳасида бу масала ўта муҳим. Чунки бу йўналишда таҳсил олаётган талаба эртага инсон саломатлиги ва ҳаётига масъул бўлади.

Аммо юқори курсларда таҳсил олаётган кўплаб медицина талабаларини қийнаб келаётган асосий савол шу: биз бу шароитда қандай шифокор бўлиб етишамиз?

1–2-курсларда ўқиган пайтимизда амалий машғулотлар учун етарли муляж хоналари, кўникма синфлари ва замонавий ўқув муҳити тўлиқ яратилмаган ҳолда контракт тўлаб таҳсил олдик. Кейинчалик талабаларнинг эътироз ва шикоятларидан сўнг айрим биноларда, жумладан 4-бинода ва “Кардио Мед” ҳудудида қисқа муддатли тарзда муляж хоналари ташкил этилгандек кўрсатилди. Лекин амалда талабалар улардан эркин ва доимий фойдалана олмади. Кўп ҳолатларда эшиклар ёпиқ бўлди, кириш чекланди, натижада бу имкониятлар реал таълим манбаи эмас, балки кўпроқ ташқи кўриниш учун қилинган тадбирдек таассурот қолдирди.

Медицина назария билан эмас, амалиёт билан шаклланади. Агар талаба йиллар давомида амалий муҳитсиз ўқиса, эртага унинг билим ва кўникмаси қандай бўлади? Бу савол фақат биз талабаларни эмас, келажакда жамият саломатлиги учун ҳам хавотирлидир.

Яна бир муҳим масала — талабалар билан очиқ мулоқотнинг етишмаслиги. Нега юқори курс талабалари билан алоҳида очиқ учрашувлар ташкил этилмайди? Нега уларнинг муаммоси, таклифи ва фикри эшитилмайди? Ахир юқори курс талабалари ҳам қуйи босқичдагилар каби бир хил контракт суммасини тўламоқда. Контракт бир хил бўлса, муносабат ва шароит ҳам муносиб бўлиши керак.

Грант ва баҳолаш масаласида ҳам кўплаб саволлар бор. Талабаларга грант соҳибига айланиш учун оралиқ ва якуний баҳолар юқори бўлиши лозимлиги айтилади. Бу тўғри. Аммо айрим ҳолатларда оғзаки савол-жавоб ва оралиқ назоратларда энг юқори балл қўйилмаслиги, бунинг сабаби сўралганда эса турли изоҳлар билан чекланилиши талабалар орасида адолатга нисбатан ишончни сусайтирмоқда. Агар тизим шаффоф бўлса, нега талабалар орасида бу қадар норозилик ва саволлар йиғилиб қолган?

Шунингдек, айрим кураторлар, гуруҳ назоратчилари ва масъул ходимлар талабанинг дардига ечим топиш ўрнига, уларга босим қилиш, НБ билан қўрқитиш, ортиқча қоғозбозликка жалб қилиш ва вазифасига тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган юкламалар билан безовта қилиш орқали иш олиб бораётгани ҳақида талабалар орасида кўплаб шикоятлар бор.

Хусусан, талабалар орасида Юлдошев Ойбек Умидович фаолияти юзасидан ҳам кўплаб эътирозлар билдирилмоқда. Талабаларнинг айтишича, у кишининг медицина таълими жараёни билан боғлиқ назоратдаги ўрни, талабалар билан ишлаш услуби ва юклама бериш тартиби юзасидан очиқ саволлар бор. Агар гуруҳ назорати ва талабалар билан ишлаш тизими ҳақиқатан таълим сифатини оширишга қаратилган бўлса, нега бу жараён талабаларда қўрқув, босим ва норозилик уйғотмоқда?

Бундан ташқари, цикл дарслар ташкил этилаётгани айтилса-да, уларнинг давлат таълим стандарти асосида, тўлиқ, сифатли ва амалиётга йўналтирилган шаклда ўтилаётгани бўйича ҳам жиддий саволлар мавжуд. Кўп талабалар назарида, айрим ҳолатларда асосий мақсад билим бериш эмас, балки талабани НБ олмаслик ташвиши билан юритишдек кўринмоқда. Бу эса таълим мазмунига путур етказади.

Ҳурматли Деҳқонов Суҳроб Собирович, университет ривожи фақат янги бинолар, ташқи реклама ва талабалар сони орқали эмас, балки реал таълим сифати, талабага яратилган муҳит, устоз ва маъмуриятнинг инсофли муносабати, баҳолашдаги адолат ва амалий база билан ўлчанади. Айниқса медицина соҳасида бу масала икки карра масъулият талаб қилади.»

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *