Йўл қурилиши соҳасида яна бир сермазмун “ислоҳот” фош бўлди. Қорақалпоғистондаги мансабдорлардан бири, чамаси, давлат тизимини тендер орқали эмас, “таниш-билиш” орқали бошқариш мумкин, деб ўйлаган.
Хабарга кўра, “Ўзйўлкўприк” кластери давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали мансабдор шахси қурилиш билан шуғулланувчи МЧЖга жуда “қулай” таклиф берган: “Беруний-Тўрткўл” А380 магистрал йўли қурилишидаги 5 километрлик иш ҳажмини олиб бераман, фақат хизмат ҳақи сифатида 10 минг доллар узатасиз”.
Яъни давлат буюртмаси, очиқлик, ҳалол танлов, қонуний тендер деган тушунчалар бир ёқда, “юқорида танишлар бор” деган қадимий ва синақдан ўтган коррупцион технология бир ёқда. Мансабдор, кўринадики, йўл қуришдан кўра “йўл қилиб бериш”ни яхшироқ ўзлаштирган.
Энг қизиғи, 5 километрлик иш ҳажми ҳали расман бошланмасиданоқ, 10 минг долларлик “руҳий тайёргарлик” пули сўралган. Шундай пайтда одам ўйлаб қолади: бу йўлга асфальт ётқизиладими ёки аввал поранинг устидан смета тузиладими?
Бироқ режа қоғозда чиройли кўрингани билан, амалда у қадар узоққа бормади. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тезкор тадбир ўтказиб, мансабдорни сўралган маблағни МЧЖ раҳбаридан олаётган пайтда шаппа босди. Қисқаси, у 5 километрлик йўлни “олиб бериш”га улгурмади, лекин ўзи тўғридан тўғри қамаққа йўл олди.
Ҳозирда унга нисбатан тегишли моддалар асосида жиноят иши қўзғатилган, тергов кетмоқда.
Бу воқеадан чиқадиган хулоса оддий: айрим амалдорлар йўл соҳасида ишласа-да, ўзлари доим айланма йўл қидиради. Лекин бу сафар айланма йўл ҳам ёрдам бермади.

Leave a Reply