БУХОРО ҲОКИМЛИГИ АРХИВАРУСНИ СИҚУВГА ОЛДИ

Ҳужжатлар устида ўтирган ва хавотирли кўринаётган архивариус аёл, атрофида қоғозлар ва калитлар бор.

Бухоро вилояти ҳокимлигида архивариус лавозимида ишлаб келаётган Равшанова Мафтуна Бахшиллоевна ноҳақ ишдан бўшатилгач, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб ишга қайтди. Бироқ унга нисбатан маъмурий босим ортмоқда.

2025 йил 22 декабрь куни ходимга штат қисқартирилиши ҳақида огоҳлантириш берилган. Қизиғи шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 июлдаги 465-сон қарорида архивариус штати норматив бўйича кўрсатилган. Яъни ҳужжатларга кўра архивчи бўлиши керак. Лекин амалда бу лавозим “кераксиз” деб топилди.

Равшанова судга мурожаат қилишини айтганидан кейин эса вазият янада қизиқ тус олди. Уни 2026 йил 24 февраль куни архивариус лавозимига қайта ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарилди.

Буйруқ чиққанидан кейинги воқеалар эса бюрократик сериални эслатади.

Умумий бўлимда штатлари қисқартирилган яна уч нафар ходим бор эди. Уларга ишга келмаслик “тавсия қилинди”. Барча иш Равшановага юкланди. Устига-устак, иш вақти кечки соат 23:00 гача эканлиги таъкидланди.

Яъни бир ходим — тўрт штат ишчининг вазифаларини бажариши керак.

2026 йил 25 февраль куни бўлим мудири Собир Абдуллаев ходимга босим ўтказиб, ҳақорат қилди ва ҳатто уни хонадан туртиб чиқарди. Равшанова бу ҳақда ҳокимга айтишини айтганида эса “бор, айтгин” деган жавоб олган.

2026 йил 9 март куни ишга чиққан ходим 12 март куни яна бир “сюрприз”га дуч келди. Кадрлар инспектори уни чақириб, янги қисқартириш бўйича огоҳлантириш ва ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруққа қўл қўйишни талаб қилди.

Ҳали ишга қабул қилиш буйруғи чиққанидан 10 кун ҳам ўтмаган.

Қисқартириш учун асос сифатида ПФ-228 кўрсатилди. Аммо ҳокимликнинг идоравий архив фонди сақланиб турибди. Ҳужжатлар ҳажми эса жуда катта — 55 минг сақлов бирлиги бор.

Вазирлар Маҳкамасининг нормативига кўра эса 6000 та ҳужжатга бир архивчи бўлиши шарт. Яъни аслида архивчи керак, аммо амалда архивчи “ортиқча”.

Бундан ҳам қизиғи — архив ҳужжатлари ҳокимлик биносида жой йўқлиги сабабли хизмат уйининг бир хонасида сақланмоқда. Калит эса архивчида эмас, кадрлар бўлимида. Ҳужжатлар архивчининг иштирокисиз олиб чиқилаётгани ҳам айтилмоқда.

Шу ҳолатда савол туғилади: архив учун жавобгар ким?

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *