Сўнгги йилларда Тошкентнинг кўчмас мулк бозори жадал ўсмоқда. Янги турар-жой мажмуалари қурилиши, ипотека дастурлари ва шаҳарга бўлган миграция уй-жойга талабни кескин оширди. Ҳозир пойтахтда 1м² нархи 1000—1200 АҚШ доллари атрофида. Отточенто ремонт қилинган, масжидга яқин квартиралар нархи квадратига 1500 доллардан бошланиши мумкин. Умуман олганда ҳожака маклерлар «суннатига келишилинадиган» жойлари бор дея тилини жингалак қилишни одат айлашган.
Нархлар ўсиши бир неча омиллар билан боғлиқ. Тошкент мамлакатнинг иқтисодий ва таълим маркази бўлгани учун ҳар йили минглаб одамлар бу ерга кўчиб келади. Бу эса уй-жойга бўлган талабни доимий равишда ошириб боради. Бундан ташқари, кўчмас мулк кўпчилик учун ишончли инвестиция воситасига айланган. Инфляция шароитида одамлар ўз жамғармаларини сақлаб қолиш учун квартира харид қилишни афзал кўришмоқда.
Мутахассислар фикрича, яқин йилларда Тошкентда кўчмас мулк бозори кескин инқирозга учраши эҳтимоли паст. Аксинча, юқори ўсишдан кейин бозор аста-секин барқарорлашиши мумкин.
Агар қурилиш ҳажми юқори даражада сақланса ва ипотека шартлари қаттиқлашса, Янги Ҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида нархлар қисман пасайиши ҳам мумкин. Инвестиция деб устма-уст уй кўпайтирадиган бойларни чекловчи чораларни йўлга қўйиш зарур. Бир кишида икки-уч дона уй бўлса, солиқлар ва коммунал тўловлар қимматлаштирилиши керак. Ижарачилар учун махсус лойиҳалар асосида давлат бошчилигида хонадонлар тақдим этиш, хусусий ижара бозорини назоратга олиш шарт.
Ҳозирги пайтда уй бозори аста-секин барқарорлашиш босқичига ўтаётгандек кўриняпти. Юқоридаги чоралар ўз вақтида кўрилса келгуси йилларда ҳам нархлар кескин ўзгармасдан, мувозанатли ва секин ўсиш динамикасига эга бўлади.

Leave a Reply