ҚАШҚАДАРЁ МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ ХОДИМЛАРИ: “24 СОАТ ИШЛАБ, 12 СОАТ ҲАҚ ОЛЯПМИЗ”

Қашқадарё магистрал электр тармоқлари корхонаси тасарруфидаги подстанцияларда хизмат қилаётган электр монтёрлар Элтузга мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, тезкор ходимлар 24 соатлик сменада ишласа-да, маош фақат 12 соатлик 6 кунлик тартиб асосида ҳисобланмоқда.

Мурожаатчилар ўзларини подстанцияларга хизмат кўрсатувчи тезкор ходимлар сифатида таништирди. Айтишларича, иш режими смена асосида ташкил этилган бўлиб, бир смена 24 соат давом этади. Шундан 12 соати кундузги, 12 соати эса тунги вақтга тўғри келади.

“Биз 24 соат ишлаймиз. Кундузими, кечасими – авариявий ўчишлар, тезкор ёқиб-ўчириш ишлари бўлади. Дам оламиз дейиш имкони йўқ. Смена давомида тўлиқ хизматда бўламиз. Лекин маош 12/6 нисбатда тўланяпти”, – дейди ходимлар.

Уларнинг таъкидлашича, иш жуда масъулиятли ва хавфли. Минглаб хонадонларга электр энергияси узлуксиз етиб бориши учун подстанцияларда доимий назорат ва тезкор ҳаракат талаб этилади. Ҳар қандай носозлик ёки кечикиш катта ҳудудда электр таъминоти узилишига олиб келиши мумкин.

“Агар биздан бирор хато ўтса, дарҳол чора кўрилади. Лекин ишлаган соатларимиз тўлиқ ҳисобланмайди. Нега ҳақимиз тўланмайди?” – дейди мурожаатчилар.

Шунингдек, улар меҳнат шароитларидан ҳам норози эканини билдирди. Айтишларича, айрим ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари етарли эмас, махсус кийим-бош билан таъминлаш масаласида ҳам муаммолар бор.

“8 ойдан бери шу аҳволда ишлаяпмиз. Корхона турли техник жиҳозлар, камералар ва бошқа харажатларга маблағ ажратади. Лекин ходимларнинг маоши ва ҳимояси масаласи эътиборсиз қолмоқда”, – дейди улар.

Мазкур ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар муносабати ҳозирча маълум эмас. Меҳнат қонунчилигига кўра, ходимнинг амалда ишлаган вақти тўлиқ ҳисобланиши ва тунги соатлар учун алоҳида тўлов белгиланиши керак. Шу нуқтаи назардан, мазкур мурожаат тегишли идоралар томонидан ўрганилиши мақсадга мувофиқ.

Comments

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *