Category: Ўзбекистон

  • Нефть нархи кўтарилди Ўзбекистон иқтисодига путур етмоқда

    Нефть нархи кўтарилди Ўзбекистон иқтисодига путур етмоқда

    Дунёда нефть нархи 100 доллардан ошиб кетди

    АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши ҳамда Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши фонида нефт нархи 2022 йилдан бери илк бор 100 АҚШ долларидан ошиб кетди. Европада эталон ҳисобланган Brent маркали нефт фючерслари 9 март, душанба куни савдо бошида вақтинча қарийб 20 фоизга қимматлашиб, бир баррел (159 литр) учун 111,04 долларгача кўтарилди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.

    Американинг WestTexasIntermediate (WTI) маркали нефт фючерслари эса 16,8 фоизга ўсиб, 106,17 долларга етди. Бу нарх савдо жараёнида бундан ҳам юқори — 111,24 долларгача чиққан эди.

    6март, жума куни, май ойида етказиб бериш учун мўлжалланган Brent нефти 2024 йил апрелидан бери биринчи марта 90 доллардан юқори нархда савдо қилинди. Ҳолбуки, 28 февралдан бери давом этаётган Эронга қарши ҳарбий операция бошланишидан олдин, унинг нархи бир баррел учун тахминан 70 доллар атрофида эди.

    Нефтьнархининг кескин ошиши Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакат нефть маҳсулотларининг бир қисмини импорт қилади, шунинг учун жаҳон бозорида нархлар ошса, бензин, дизел ёқилғиси ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари қимматлашиши эҳтимоли ортиб боради. Бу эса транспорт харажатларининг кўпайишига олиб келади. Натижада озиқ-овқат ҳамда бошқа маҳсулотлар нархининг ўсишига сабаб бўлади.

    Ёқилғи нархининг ошиши ишлаб чиқариш харажатларини ҳам кўпайтиради. Корхоналар энергия ва транспорт учун кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлади, бу эса маҳсулоттаннархининг ошишига сабаб бўлади. Натижада инфляция кучайиши, аҳоли харид қобилияти пасайиши ва иқтисодий барқарорликка сезиларли таъсир қилади.

  • ҚАРЗ БЕРГАНГА ЖАРИМА

    ҚАРЗ БЕРГАНГА ЖАРИМА

    Намунали уй бекаси бўлмиш С.Уринбоева шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш ва ҳақорат қилгани учун жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 (бир) баравари, яъни 375.000 (уч юз етмиш беш минг) сўм жаримага тортилганди.

    Бўлиб ўтган воқеадан тегишли хулоса чиқариш ўрнига, таниши Г.Тураева билан бўлган пул олди-берди масаласи бўйича юзага келган келишмовчилик сабабли танишини ҳақоратлаб смслар ёзган.

    С.Уринбоева дугонаси Г.Тураева ундан 5000 доллар қарз олгани ва уни бир ойда қайтариб бериш керак бўлса-да, ваъдасида турмаган.

    Вазият жиддийлашгач, таниши устидан ариза билан ИИБга мурожаат қилган. Аммо ИИБ ходимлари унинг мурожаатини кўриб чиқиб, фуқаролик судига мурожаат қилинглар, деб жиноят иши қўзғатишни рад этишган.

    Шундан сўнг С.Уринбоева қарзини сўраб тинмай қўнғироқ қилиб, смс ёзаверган. Қарз олишга олиб, энди уни қайтаришга келганда қочиб юрган Г.Тураева дугонасини қора рўйхатга тиқиб қўйган. Мол аччиғида С.Уринбоева дугонасини ҳақорат қилиб, смс ёзаверган. Охир-оқибат иш судгача етиб келди.

    Қарз берган С.Уринбоева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

    Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 (қирқ) баравари миқдорида 16.480.000 (ўн олти миллион тўрт юз саксон минг) сўм жарима жазоси тайинланди.

    У энди берган 5000 доллари камдек давлат даромадига ҳам жарима тўлайди.

  • ҚАШҚАДАРЁ МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ ХОДИМЛАРИ: “24 СОАТ ИШЛАБ, 12 СОАТ ҲАҚ ОЛЯПМИЗ”

    ҚАШҚАДАРЁ МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ ХОДИМЛАРИ: “24 СОАТ ИШЛАБ, 12 СОАТ ҲАҚ ОЛЯПМИЗ”

    Қашқадарё магистрал электр тармоқлари корхонаси тасарруфидаги подстанцияларда хизмат қилаётган электр монтёрлар Элтузга мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, тезкор ходимлар 24 соатлик сменада ишласа-да, маош фақат 12 соатлик 6 кунлик тартиб асосида ҳисобланмоқда.

    Мурожаатчилар ўзларини подстанцияларга хизмат кўрсатувчи тезкор ходимлар сифатида таништирди. Айтишларича, иш режими смена асосида ташкил этилган бўлиб, бир смена 24 соат давом этади. Шундан 12 соати кундузги, 12 соати эса тунги вақтга тўғри келади.

    “Биз 24 соат ишлаймиз. Кундузими, кечасими – авариявий ўчишлар, тезкор ёқиб-ўчириш ишлари бўлади. Дам оламиз дейиш имкони йўқ. Смена давомида тўлиқ хизматда бўламиз. Лекин маош 12/6 нисбатда тўланяпти”, – дейди ходимлар.

    Уларнинг таъкидлашича, иш жуда масъулиятли ва хавфли. Минглаб хонадонларга электр энергияси узлуксиз етиб бориши учун подстанцияларда доимий назорат ва тезкор ҳаракат талаб этилади. Ҳар қандай носозлик ёки кечикиш катта ҳудудда электр таъминоти узилишига олиб келиши мумкин.

    “Агар биздан бирор хато ўтса, дарҳол чора кўрилади. Лекин ишлаган соатларимиз тўлиқ ҳисобланмайди. Нега ҳақимиз тўланмайди?” – дейди мурожаатчилар.

    Шунингдек, улар меҳнат шароитларидан ҳам норози эканини билдирди. Айтишларича, айрим ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари етарли эмас, махсус кийим-бош билан таъминлаш масаласида ҳам муаммолар бор.

    “8 ойдан бери шу аҳволда ишлаяпмиз. Корхона турли техник жиҳозлар, камералар ва бошқа харажатларга маблағ ажратади. Лекин ходимларнинг маоши ва ҳимояси масаласи эътиборсиз қолмоқда”, – дейди улар.

    Мазкур ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар муносабати ҳозирча маълум эмас. Меҳнат қонунчилигига кўра, ходимнинг амалда ишлаган вақти тўлиқ ҳисобланиши ва тунги соатлар учун алоҳида тўлов белгиланиши керак. Шу нуқтаи назардан, мазкур мурожаат тегишли идоралар томонидан ўрганилиши мақсадга мувофиқ.

  • МАЛАКА ОШИРИШ МАРКАЗИДА ХОДИМЛАР УСТИДАН КУЛИШ ҚАЧОН ТЎХТАЙДИ?

    МАЛАКА ОШИРИШ МАРКАЗИДА ХОДИМЛАР УСТИДАН КУЛИШ ҚАЧОН ТЎХТАЙДИ?

    «Биз, Тошкент вилояти малака ошириш марказининг бир гуруҳ ўқитувчилари, марказимиздаги вазият ҳақида очиқ мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Агар раҳбарият тенглик ва адолат тамойиллари асосида иш олиб борганида, бундай мурожаатга эҳтиёж қолмас эди.

    Сўнгги 5-6 ой давомида марказ Элтуз нашрининг танқидий материалларида тилга олинмоқда. Ҳар бир мақоладан сўнг директор Тимур Калмуратов жамоа ичидан “айбдор” излашга тушади. Бироқ танқид сабаблари бартараф этилмаяпти, аксинча, ходимларга босим кучаймоқда.

    Сўнгги вақтларда кафедра мудирлари ва методистларнинг мажбурий хорижий сафарлари кўпайди. Ходимларга чет элга сафар ташкил этиш учун гуруҳ тўплаган тақдирда ойликларига қўшимча ҳақ берилиши ваъда қилинган. Аммо амалда сафарга борган ва бораётганлар харажатларни ўз ҳисобидан қопламоқда. Бу ҳолат жамоада ички норозиликни кучайтирди. Айримлар сафарларга ихтиёрий эмас, босим остида рози бўлаётганини айтмоқда.

    Директор назоратидаги бухгалтерия фаолияти билан боғлиқ жиддий саволлар ҳам мавжуд. Ходимларнинг ойлик маошидан асоссиз ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган. Жумладан, инглиз тили ўқитувчиси Ҳамраева Нафиса ва рус тили ўқитувчиси Қурбанова Кларанинг бир ойлик иш ҳақи тўлиқ берилмаган. Ушбу ҳолатдан раҳбариятнинг хабардор экани айтилмоқда. Ходимларга бу масалани ошкор қилмаслик тайинланган. Икки ой ўтган бўлса-да, муаммо ҳал этилмади.

    Шу билан бирга, директор томонидан олиб келинган айрим ходимларга юқори устамалар белгиланмоқда. Бошқа ходимлар эса бундай имкониятлардан четда қолмоқда. Йиллик малака ошириш режалари бошқа муассасаларга тақсимлангани сабабли марказ юкламаси камайди, натижада профессор-ўқитувчилар штатларида қисқаришлар бўлиб, айримлар ишдан бўшатилди. Айрим шахслар таянч докторантурада ўқиб, стипендия олаётган бўлса-да, марказдаги лавозими учун ҳам тўлиқ маош ва юқори устамаларни олишда давом этмоқда.

    Бу ҳолатлар жамоада адолат ва тенглик тамойилларига ишончни сусайтирмоқда. Биз можарони эмас, адолатни истаймиз. Биз қаршиликни эмас, соғлом муҳитни истаймиз. Маҳаллийчилик, “менинг одамим” деган қарашлар эмас, бир жамоа деган ғоя устувор бўлишини хоҳлаймиз.

    Малака ошириш маркази шахсий манфаатлар учун эмас, таълим сифати ва жамоа бирлиги учун хизмат қилиши керак. Биз бир жамоамиз ва марказда тенглик, шаффофлик ҳамда қонун устувор бўлишини талаб қиламиз.»

  • ФИРИБГАР ЎҚИТУВЧИ ПОРА БИЛАН УШЛАНДИ

    ФИРИБГАР ЎҚИТУВЧИ ПОРА БИЛАН УШЛАНДИ

    Ф.Хайруллаева “Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми”да инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб келган.

    У таълим муассасасига қабул қилиш бўйича ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган.

    Шунга қарамай, у фуқаро Л.Фаттоҳовага таниш мансабдорлар орқали техникумга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.

    Бу хизмат учун мансабдор шахсга пора бериш баҳонасида 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

    Белгиланган пулни олган вақтида у ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

    Судда айбланувчи пулга эҳтиёжи бўлгани учун жиноятга қўл урганини айтиб, пушаймонлик билдирган.

    Қоровулбозор туман суди уни ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 45-моддаси асосида 1 йил 6 ойга таълим тизими ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

    Шунингдек, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

    Бундан ташқари, ЖКнинг 28,211-моддаси 1-қисмига мувофиқ, яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

  • ЎЗБЕКИСТОН “ИНФОРМАЦИОН ҚАМАЛ”ГА ЯҚИНЛАШЯПТИМИ?

    ЎЗБЕКИСТОН “ИНФОРМАЦИОН ҚАМАЛ”ГА ЯҚИНЛАШЯПТИМИ?

    Сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида танқидий руҳдаги саҳифаларга нисбатан босимлар кучайгани кузатилмоқда. Facebook ва Instagram’да оммавий “spam report” ҳужумлари, Telegram’да каналларни ёпиш, YouTube’да контентни чеклаш, блогерларга қарши троллар фаоллиги ва аноним таҳдидлар – буларнинг барчаси ахборот майдонида янги тенденция пайдо бўлаётганини кўрсатади.

    Бу ҳолатни таҳлил қилишда эҳтиёткорлик керак. Чунки ҳар қандай блоклаш ёки шикоят автоматик равишда давлат буюртмаси эканини англатмайди. Бироқ усуллар тизимли ва такрорий тус олаётган бўлса, бу алоҳида таҳлилни талаб қилади.

    Қандай механизм ишлаяпти?

    Биринчи усул – алгоритмлар орқали босим. Ижтимоий тармоқлар автоматик тизимлар асосида ишлайди. Агар бир саҳифага қисқа вақт ичида минглаб шикоят тушса, платформа уни вақтинча чеклайди. Бу механизм аслида спам ва зўравонликка қарши кураш учун яратилган. Аммо у ташкил этилган ҳолда қўлланса, танқидий овозни ўчириш воситасига айланиши мумкин.

    Иккинчи усул – ахборот муҳитини заҳарлаш. Танқидий пост остида юзлаб сохта аккаунтлар пайдо бўлиб, муҳокамани мазмундан шахсий ҳақоратга буриб юборади. Натижада муаллиф эмас, унинг шахсияти муҳокама марказига айланади. Бу жамоатчиликка сигнал беради: “Танқид қилсанг, сенам шу аҳволга тушасан.”

    Учинчи усул – психологик босим. Аноним “огоҳлантиришлар”, қўрқитишлар, оилага ишоралар. Бу очиқ репрессия эмас, лекин сукут маданиятини шакллантириш учун етарли.

    Тўртинчи йўналиш – обрўсизлантириш кампаниялари. “Компромат”, шахсий ҳаётга аралашиш, ярим ҳақиқат ва тўқима маълумотларни аралаштириш орқали ишончни йўқотишга уриниш. Ахборот урушида энг самарали қурол – ишончни синдириш.

    Бу нимага олиб келади?

    Агар танқидий майдон системали равишда қисқарса, икки хавф юзага келади.

    Биринчи хавф – “информацион фильтр”. Олий раҳбариятга фақат мақтов ва расмий ҳисоботлар етиб боради. Жойлардаги муаммолар, коррупция, маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчалиги яширилади. Бу эса стратегик қарорларнинг реал вазиятдан узилишига олиб келиши мумкин.

    Иккинчи хавф – жамият ичида ишонч танқислиги. Одамлар расмий манбаларга ишонмаса, ахборот бўшлиғини миш-миш ва радикал контент тўлдиради. Назорат қилинган муҳит барқарорликни эмас, ички зўриқишни кучайтиради.

    “Шимолий Корея сценарийси” ҳақиқатан мумкинми?

    Шимолий Корея тўлиқ ёпиқ ахборот моделига эга. Давлат интернетни қатъий назорат қилади, ташқи ахборот деярли кирмайди. Ўзбекистон бу даражада эмас. Мамлакатда халқаро платформалар ишлаяпти, VPN’лар оммалашган, мустақил журналистика тўлиқ йўқ қилинмаган.

    Аммо агар танқидий овозлар системали равишда сиқиб чиқарилса, ахборот муҳити табиий равишда бир ёқлама тус олади. Ўзбекистондаги бугунги вазиятни тўлиқ ёпиқ тизим эмас, лекин ярим изоляция десак бўлади.

    Бу кимга фойдали?

    Танқидни чеклаш қисқа муддатда айрим амалдорлар учун қулай. Чунки жамоатчилик назорати сусаяди. Лекин узоқ муддатда бу марказий ҳокимиятнинг ўзига ҳам зарар. Чунки назоратсиз тизим ичида коррупция чуқурлашади.

    Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик ва ислоҳотлар шиори илгари сурилган эди. Агар ахборот майдони сунъий равишда тозаланса, бу ислоҳот риторикаси билан амалиёт ўртасидаги зиддиятни кучайтиради.

    Танқидий овозларни ўчириш барқарорлик кафолати эмас. Аксинча, у тизим ичидаги муаммоларни яширишга хизмат қилади. Очиқ ахборот майдони – бу хавф эмас, балки хавфларни барвақт аниқлаш механизми.

    Муаммо ошкор этилса, унга ечим изланади. Муаммо яширилса, у чирийди ва бир куни портлайди.

    Ўзбекистон қайси йўлни танлайди – очиқ муҳокама йўлиними ёки изоляция йўлиними – бу нафақат ахборот сиёсатининг, балки давлатчиликнинг ҳам келажагини белгилаб беради.

  • ҚОРОВУЛХОНАНИ ИСЛОВАТХОНАГА АЙЛАНТИРГАН ҚОРОВУЛ

    ҚОРОВУЛХОНАНИ ИСЛОВАТХОНАГА АЙЛАНТИРГАН ҚОРОВУЛ

    Каттақўрғонлик Д.Шодмонов ўзи ишлаб келаётган автотураргоҳ қоровулхонасини фоҳишахонага айлантириб, тезкор тадбирга жалб қилинган фуқаролардан 450 000 сўм эвазига шароит яратиб бераётганида қўлга тушди.

    Қоровулнинг айтишича, 1 ой олдин бир ошхонада Баҳор исмли аёл билан танишиб қолган. Бу воқеадан кейин улар бир неча марта телефонда суҳбатлашишган. Тезкор тадбир амалга оширилган кун Баҳор телефон қилиб, қоровулдан ярим соатга бир алоҳида хона кераклигини, ўзи билан бирга яхши кўрган йигитини олиб келишини айтган.

    Қоровул эса ўз навбатида хонани ижарага бериш 450 000 сўм бўлишини билдирган. Йигит ва қиз белгиланган вақтда келиб, сўралган пулни тақдим этган. “Қўшимча даромад”дан кайфияти тоғдек кўтарилган қоровул “ошиқ-маъшуқлар”ни ёлғиз қолдириб, қоровулхонани тарк этиши билан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари етиб келган.

    Д.Шодмонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми билан 1 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Қоровулхонасидан чиқмай ўтираверади.

  • ШОВОТДАГИ ДАВЛАТ МАРКАЗИДА ҚЎРҚУВ, ПУЛ ЙИҒИМЛАРИ ВА ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР

    ШОВОТДАГИ ДАВЛАТ МАРКАЗИДА ҚЎРҚУВ, ПУЛ ЙИҒИМЛАРИ ВА ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР

    Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – номи улуғ, амали эса мутлақо ноинсоний бўлган муассасага айланиб қолгани ҳақида айни марказ ходимлари оғир даъволарни илгари сурмоқда. Давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритадиган ушбу марказда инсон қадр-қиммати “бир тийинга ҳам олинмаслиги” айтилмоқда.

    Элтузга келиб тушган мурожаатларда билдирилишича, марказда нормал иш режими деган тушунча деярли йўқ. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун мажбурий мажлис. Ходимлар айтишича, иш қилишга вақт қолмайди, бутун кун йиғилиш билан ўтади. Расман иш вақти соат 18:00 да тугаса-да, амалда ходимлар 21:00–22:00 гача ушлаб қолинади. Белгиланган вақтда уйига кетган ходим эса “марказ душмани”га айланиб, навбатдаги мажлисларда омма олдида изза қилинади.

    Марказ раҳбари ҳақидаги даъволар ҳам ўта жиддий. Ходимлар уни раҳбарлик салоҳияти йўқ, соҳага оид оддий саволларга жавоб бера олмайдиган шахс сифатида таърифламоқда. Айтилишича, раҳбар ўз саводсизлигини яшириш учун юқори турувчи бошқарма бошлиғига ёқиш мақсадида ходимлар чўнтагидан пул йиғиб, турли “совға-салом”лар бериб келади. Ҳатто бошқарма бошлиғининг туғилган куни баҳонасида икки йилдан бери мунтазам пул йиғилгани айтилмоқда.

    Яна бир даъво жамоатчиликни ларзага солади: бошқарма бошлиғининг туманга келиб-кетиши ходимларга ўртача 2 миллион сўмга тушар экан. Бу маблағлар ҳам марказ ва ижтимоий ходимлардан мажбурий тарзда йиғиб олинади.

    Энг оғир айбловлар етим болалар учун ажратиладиган уй-жойлар билан боғлиқ. Мурожаатларда келтирилишича, уйлар расман 115 миллион сўмга расмийлаштирилади, амалда эса уй эгаси билан 100 миллионга келишилади. Қолган 15 миллион сўм нақд пул сифатида қайтариб олинади. Бу ишлар билан марказдаги вояга етмаганлар бўлими раҳбарияти шуғулланиши айтилмоқда.

    Марказда пул йиғимлари тўхтамайди. Ходимларнинг ойлигининг тахминан учдан бир қисми турли “йиғим”ларга кетиши айтилмоқда. Бундан ташқари, Баҳром исмли шахс ҳақида ҳам қаттиқ шикоятлар бор. У қўлидаги кичик ваколатдан фойдаланиб, ижтимоий ходимларга босим ўтказиши, уларни ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши айтилади. Унинг асосий “иши” Telegram ва YouTube кузатиб, ким топшириққа муносабат билдиргани ёки билдирмаганини текшириш экан. Каналда хабарни ўқиб, фикр қолдирмаган ходим навбатдаги таъқиб объектига айланади.

    Натижада, Шовот туманидаги “Инсон” марказида ходимлар ишга ихтиёрий равишда эмас, қўрқув билан бориши айтилмоқда. Мурожаат муаллифларига кўра, агар бошқа жойдан иш топилса, ходимларнинг камида 99 фоизи дарҳол ариза ёзиб кетишга тайёр.

  • БАНК, КРЕДИТ ВА КАЗИНО. ЯШНОБОДДАГИ МОЛИЯВИЙ ТРАГИКОМЕДИЯ

    БАНК, КРЕДИТ ВА КАЗИНО. ЯШНОБОДДАГИ МОЛИЯВИЙ ТРАГИКОМЕДИЯ

    Тошкент шаҳри Яшнобод туманида банк тизими янги жанрда чиқиш қилди. Бу гал молия, ҳужжат ва қимор учлиги саҳнага чиқди.

    Номи сир қолдирилган банкнинг Яшнобод филиалидаги бўлим бошлиғига оддий иш куни зерикарли туюлдими ёки “соққа қилиш керак” деган ўзбекона фалсафа кучлилик қилдими, 120 минг долларлик кредитни ишлаб чиқаришга қарор қилди. Албатта, ўз номи билан эмас. Бу даражадаги ижодкорлик учун фирма керак, ҳужжат керак, шерик керак.

    Сценарий шундай. Битта фирма бор, иккинчиси ҳам бор. Бирининг номи билан иккинчисига кредит чиқарилади. Ҳужжатлар қоғозда гўзал, имзолар жуда жиддий. Пул эса жуда тирик. Кейин бу пул нақдлаштирилади ва тўғридан-тўғри интернетдаги қимор ўйинларига тикилади.

    Бу ерда банк ходими энди молиячи эмас, қиморга пул тиккан таваккал устасисига айланади. 120 минг доллар бир зумда “айлантирилди”. Қайси ўйин, қайси сайт, қайси тугма босилгани аниқ эмас, лекин натижа маълум. Пул йўқ. Адреналин бор. Жиноят иши ҳам бор.

    Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти эса бу спектаклни томошабин сифатида эмас, режиссёр сифатида тўхтатди. Терговга қадар текширув ўтказилди ва трагикомедиянинг жанри аниқланди. Талон-торож моддаси.

    Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси ва 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Энди интернет қимори ўрнини тергов ҳаракатлари, бонус ўрнини айблов хулосаси, “ставка” ўрнини суд кутиб турибди.

    Хулоса оддий. Банк пулни айлантириш учун яратилган, лекин рулеткада эмас.

  • ДИННИ ЯНА КИМЛАР НИҚОБ ҚИЛИШИ МУМКИН?

    ДИННИ ЯНА КИМЛАР НИҚОБ ҚИЛИШИ МУМКИН?

    Динни нафақат турли террористик ташкилотлар, балки “бошқа” лар ҳам ниқоб қилиши мумкинлигини сезган бўлсангиз керак.

    Инфобизнесменлар ва коучларнинг “диний ниқоб” кийиши — бу шунчаки тасодиф ёки шахсий иймон масаласи эмас. Бу — совуққонлик билан ҳисоб-китоб қилинган маркетинг стратегиясидир.

    Ўзбекистон шароитида бу стратегия нима учун “бехато” ишлашини 5 та асосий сабаб билан тушунтириб бераман:

    1. Танқидий фикрлашни ўчириш тугмаси (ишонч кредити)

    Ўзбек жамиятида динга бўлган ҳурмат ва ишонч сўзсиз юқори.

    Механизм: Одамлар оддий тадбиркорни кўрганда: “У мени алдаб, пулимни олишни хоҳлайди” деб шубҳа билан қараши мумкин.

    Ниқоб билан: Агар тадбиркор соқол қўйиб, қўлига тасбеҳ олса ва гапини ҳадис билан бошласа, одамлардаги шубҳа автоматик равишда ўчади.

    Натижа: “Намозхон одам алдамайди”, “Аллоҳдан қўрқадиган одам ҳаром емайди” деган стереотип ишга тушади. Бу — мижознинг ишончини қозонишнинг энг арзон ва тез йўли.

    1. Танқиддан “Илоҳий қалқон” (иммунитет)

    Диний ниқоб уларни нафақат сотишда, балки ҳимояланишда ҳам қутқаради.

    Механизм: Агар сиз оддий бизнес тренерини танқид қилсангиз — бу шунчаки фикрлар хилма-хиллиги.

    Ниқоб билан: Агар сиз “диний коуч”ни танқид қилсангиз, улар вазиятни шундай бурадики, гўёки сиз динга ёки уламоларга тош отяпсиз.

    Натижа: танқидчи “дин душмани” ёки “фосиқ”га чиқарилади. Эргашувчилар (“муридлар”) ўз устозини ҳимоя қилиш учун “жиҳод”га чиққандек тажовузкор бўлиб қолишади. Бу — танқидчиларнинг оғзини ёпишнинг энг қулай усули.

    1. Маҳсулот сифати учун жавобгарликнинг йўқлиги

    Бу энг айёрона қисми. Бизнесда KPI (аниқ кўрсаткичлар), фойда ва зарар бор. Диний маркетинг эса ўлчаб бўлмайдиган нарсаларни сотади.

    Механизм: Улар сизга “Аниқ бойиб кетасан” демайди (чунки буни исботлаш керак). Улар сизга “Ишингга БАРАКА киради” дейди.

    Натижа: Агар курсидан кейин ишингиз юришмаса, улар айбдор эмас. Жавоб тайёр: “Демак, ниятингиз холис эмас экан” ёки “Ризқ Аллоҳдан, биз сабабчимиз холос”.

    “Барака” — ҳуқуқий жиҳатдан даъво қилиб бўлмайдиган товар. Уни сотган одам ҳеч қачон судга берилмайди.

    1. Аудиториянинг оғриқли нуқтаси: “Гуноҳкорлик ҳисси”

    Замонавий ўзбек тадбиркори ёки аёли икки ўт орасида яшайди: замонавий ҳаёт (пул, комфорт) ва диний талаблар. Уларда доимий “Мен дунёга берилиб кетдимми?”, “Пулим ҳалолми?” деган ички зиддият бор.

    Механизм: Диний коучлар айнан шу зиддиятни “даволашни” ваъда қилади. “Бизга келсанг, ҳам бой бўласан, ҳам жаннатий бўласан”.

    Натижа: Улар “Индульгенция” (гуноҳларни ювиш қоғози) сотишади. Одамлар ўзларини “яхши мусулмон” ҳис қилиш учун бу тренингларга пул тўлашади.

    1. Чегарасиз ҳукмронлик (Власть)

    Оддий устоз фақат билим беради. Диний устоз эса — ҳаёт тарзини белгилайди.

    Механизм: Диний ниқоб кийган шахс сизнинг нафақат бизнесингизга, балки оилангизга, кийинишингизга, ким билан дўст бўлишингизгача аралашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

    Натижа: Бу — мутлақ ҳокимият. Инсон табиатан ҳукмронликка интилади. “Устоз” бўлиш — минглаб одамларни ўзига бўйсундиришнинг энг юқори чўққисидир.

    Хулоса

    Улар диний ниқобни Аллоҳга яқинлашиш учун эмас, балки мижознинг ҳамёнига яқинлашиш учун кийишади.

    Бу — «Halo Effect» (Орлеан эффекти) дейилади: Одамнинг бир ижобий сифати (масалан, намозхонлиги) кўринса, мия автоматик равишда унинг бошқа сифатларини (профессионаллиги, ҳалоллиги) ҳам ижобий деб қабул қилади. Фирибгарлар буни жуда яхши билишади.

    (Баҳодир Ботиров фейсбук саҳифасидан олинди)