Tag: Хабар

  • ФАРҒОНАДАГИ ТЕРГОВЛАР ОРТИДА НИМА БОР?

    ФАРҒОНАДАГИ ТЕРГОВЛАР ОРТИДА НИМА БОР?

    Фарғона вилояти Учкўприк тумани жамоатчилик назорати фаоли Йўлчибой Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев номига очиқ мурожаат йўллаб, вилоятдаги айрим прокурорлар ва тергов органлари фаолияти юзасидан кескин иддаоларни илгари сурди.

    Мурожаатда Учкўприк тумани прокурори Ў. Йўлчиев, Данғара тумани прокурори М. Абдураҳимов ҳамда Фарғона вилояти прокурори Б. Исмоилов номи тилга олинган.

    Муаллиф фикрича, айрим жиноят ишлари қонуний асосдан кўра, манфаатлар тўқнашуви, маҳаллий таъсир доиралари ва шахсий адоват эҳтимоли билан боғлиқ ҳолда юритилаётгандек таассурот қолдирмоқда.

    Йўлчибой Исмоилов мурожаатида икки қўшни туман прокурорлари ҳаракатлари бир нуқтага қаратилгани, тергов органлари эса мустақил эмас, балки муайян топшириқлар асосида иш олиб бораётгандек кўринаётганини таъкидлайди.

    Унинг ёзишича, бу ҳолатлар давлат идораларининг ваколатлари шахсий мақсадлар йўлида ишлатилаётгани ҳақида жиддий саволларни кун тартибига чиқармоқда.

    Мурожаат муаллифи, шунингдек, Учкўприкдаги ер билан боғлиқ ҳолатларни ҳам тилга олиб, 0,06 гектар ернинг 0,26 гектарга айланиб қолгани билан боғлиқ жараёнлар, шунингдек, эҳтимолий манфаатдорлик алоқалари очиқ ва холис текширилмаганини иддао қилган. Унга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан жамоатчиликка аниқ ва расмий изоҳ берилмаган.

    Мурожаатда яна бир муҳим нуқтага эътибор қаратилган: муаллифнинг таъкидлашича, Фарғона вилоятидан ташқарида кўрилган айрим суд ишларида маҳаллий даражада шаклланган айбловлар ўз тасдиғини топмаган.

    У буни тергов ва прокуратура фаолиятини чуқур қайта кўриб чиқиш учун асос бўладиган жиддий сигнал сифатида баҳолаган.

    Йўлчибой Исмоилов Бош прокуратурадан мазкур ҳолатларни шахсий назоратга олиш, холис хизмат текшируви тайинлаш, мурожаатда номи тилга олинган мансабдорлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш ва жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этишни сўраган.

    Таҳририят расмий муносабат тақдим этилган тақдирда, уни ҳам эълон қилишга тайёр.

  • “РОССИЯ-УКРАИНА” УРУШИДАН ҚОЧГАН ЎЗБЕК

    “РОССИЯ-УКРАИНА” УРУШИДАН ҚОЧГАН ЎЗБЕК

    Косонлик А.Н Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, ўзга юртда яшаш қоидаларини бузгани сабабли полиция ходимлари томонидан ушланди.

    Жавобгарликка тортилмаслик мақсадида эса Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган 1 йиллик “Россия-Украина” урушида иштирок этиш бўйича шартномани имзолаб, Россия Федерациясининг ҳарбий хизматига кирган.

    Кейин эса Россия Федерацияси Ханты-Мансийск шаҳрида жойлашган ҳарбий полигонидан қочиб, Москвадаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасига мурожаат қилган.

    Шу билан ватанга эсон-омон қайтиб келдию, аммо “қилмиш-қидирмиш”, деганлар. Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. А.Н

    Ўзбекистон Республикаси ЖК 1541-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараварида 8 миллион 240 минг сўм жарима тайинланди.

  • ХИТОЙЛИК “САВДОГАР”75 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

    ХИТОЙЛИК “САВДОГАР”75 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

    Хитой Халқ Республикаси фуқароси чет элда ишлаб чиқарилган акциз маркасиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш тақиқланган, таркибида никотин бўлган электрон сигареталарни келгусида ўтказиш мақсадида сақлаб келган.

    Хитойлик “савдогар” жами 36 дона электрон сигарета (20 дона Chirs Bown ва 16 дона Panthr Bar)ни  3.840.000 сўм эвазига “шартли харидор”га сотган вақтида ушланди.

    Ц.Цнинг яшаш жойи тинтув қилинганда  Ўзбекистон Республикасига кириб келгани тўғрисидаги ҳужжатлари бўлмаган 27 дона картон қутида 11  хил номдаги жами 4 036 дона электрон сигарета топилди. Электрон сигареталар қиймати 976.010.000 сўмни ташкил этиши аниқланди.

    Ц.Ц Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1861-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ҳисоблаш миқдорининг 200 (икки юз) баравари миқдорида, яъни 75.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

  • АФҒОНИСТОНДА ТОЖИКИСТОНЛИК ШИФОКОР АЁЛ СИРЛИ ТАРЗДА ЎЛДИРИЛДИ

    АФҒОНИСТОНДА ТОЖИКИСТОНЛИК ШИФОКОР АЁЛ СИРЛИ ТАРЗДА ЎЛДИРИЛДИ

    Афғонистонда қарийб саккиз йил давомида муҳтож аёллар ва қизларга тиббий хизмат кўрсатиб келган тожикистонлик аёл шифокор Кундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманида сирли тарзда ўлдирилди.

    Марҳума Адолат Ҳамидованинг яқинлари маълум қилишича, 54 ёшли тожикистонлик шифокор 12 март куни ўз уйида номаълум шахслар томонидан пичоқланиб ўлдирилган. Оиласининг айтишича, унга орқа томондан бир марта ва юрак соҳасига икки марта пичоқ урилган.

    Қўшнилар ёрдам чақириқ овозини эшитиб, уни қутқаришга уринган ва шифохонага етказган. Бироқ шифокорнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

    Адолат Ҳамидова сўнгги саккиз йил ичида Имом Соҳиб туманидаги хусусий шифохоналардан бирида ишлаб келган. У ҳаётининг катта қисмини тиббий хизматдан етарлича фойдалана олмайдиган аёллар ва қизларни даволашга бағишлаган эди.

    Маълумотларга кўра, у Рамазон ҳайити арафасида оиласи билан кўришиш учун Тожикистонга қайтмоқчи бўлган. Аммо яқинлари билан учрашиш ўрнига унинг жасади Кўлоб шаҳрига олиб кетилиб, ўша ерда дафн этилган. Унинг ортидан 14 ёшли қизи қолди.

    Хабарларга кўра, ушбу иш доирасида унинг афғон турмуш ўртоғи қўлга олинган. Аммо қотиллик сабаби ҳозирча аниқ эмас. Толибон расмийлари ҳамда Тожикистон ҳукумати ҳозиргача бу воқеа бўйича расмий изоҳ бергани йўқ.

    Бу қотиллик Афғонистонда, айниқса аёл шифокорлар етишмовчилиги кескинлашган бир пайтда содир бўлди. Толибоннинг қизлар таълимига қўйган кенг кўламли чекловлари ва уларнинг тиббий ўқув муассасаларида таҳсил олишини тақиқлаши аёллар учун тиббий хизмат келажаги борасида хавотирларни янада кучайтирмоқда.

    Сўнгги йилларда Афғонистондаги кўплаб аёл шифокорлар ҳам чекловлар ва хавфсизлик муаммолари туфайли мамлакатни тарк этди. Бу эса аёллар ва қизларнинг даволаниш имкониятларини янада қийинлаштирди.

  • ЛАРИЖОНИЙ ИСЛОМ ДАВЛАТЛАРИНИ ЭРОННИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ЧАҚИРДИ

    ЛАРИЖОНИЙ ИСЛОМ ДАВЛАТЛАРИНИ ЭРОННИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ЧАҚИРДИ

    Эроннинг таниқли сиёсий арбоби Али Ларижоний мусулмонлар ва исломий давлатлар ҳукуматларига йўллаган очиқ мактубида Эронга қарши ҳужумларни кескин қоралади ва минтақадаги вазият юзасидан ислом оламини бирликка чақирди.

    Ларижоний мактубида Эрон музокаралар жараёнида “Америка-сионист ҳужуми”га учраганини таъкидлаб, бу ҳужум оқибатида юқори мартабали шахслар, тинч аҳоли ва ҳарбий қўмондонлар ҳалок бўлганини билдирди. Унинг айтишича, шунга қарамай, Эрон халқи ҳужумларга қарши қатъий қаршилик кўрсатган.

    Мактубда айрим истиснолардан ташқари, аксарият ислом давлатлари Эрон халқи ёнида турмагани танқид қилинган. Ларижоний шу билан бирга, Эрон ўз иродаси билан рақиб томонни стратегик босим остида қолдирганини иддао қилди.

    Шунингдек, у баъзи мусулмон давлатларининг позициясини танқид қилиб, Америка ва Исроилга қарши курашда Эрон ҳамда қаршилик кучлари билан бир сафда туришга чақирди. Ларижонийга кўра, ўз ҳудудидаги Америка базаларидан Эронга қарши фойдаланилаётган бир пайтда Теҳроннинг жавобисиз қолиши мумкин эмас.

    Мурожаатнинг якуний қисмида Ларижоний ислом оламининг келажаги ҳақида ўйлашга чақириб, АҚШни ишончли ҳамкор эмас, Исроилни эса душман деб атади. У Эрон минтақада ҳукмронликка интилмаётганини, балки ўзини “самимий маслаҳатчи” деб билишини қайд этди.

    Ларижоний, шунингдек, ислом умматининг бирлиги таъминланса, бу барча мусулмон давлатлар учун хавфсизлик, тараққиёт ва мустақилликка замин яратишини таъкидлади.

  • ТУҲМАТЧИ КУЁВ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

    ТУҲМАТЧИ КУЁВ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

    Фарғоналик ишсиз ва такасалтанг М.У 500 та обуначиси бўлган телеграмм гуруҳларига қайнотасини ҳақоратлаб ва унга туҳмат қилиб турли смслар ёзиб қолдирган.

    Жумладан,  “Хотини билан ҳажга бориш учун қизларни сотиб, пулига кетяпти”, “Шу одамга ҳажга боришига пул йиғиб беринглар”, “Куёвининг уйини сотиб, пулига ҳажга кетяпти” мазмунидаги хабарлар билан бирга қайнотасининг суратларини ҳам давомий жойлаб борган.

    Қонун кучга киргач эса тимсоҳ кўз ёшларини тўка бошлаган куёв бу ишларни оилавий низо сабаб қилганини айтиб, пушаймонлик билдирган. Аммо унинг сохта кўз ёшларига қайнотаси ишонмаганда одил суд ишонармиди?

    М.У Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “г” банди, 140-моддаси 2-қисми ва 1412-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

    Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари яъни, 10.300.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

    Қайнота – отадек гап. Уни уни ўз отасидек севиб, ардоқламаса ҳам, ҳеч бўлганда унга туҳмат қилмаш керак! Аммо буни тушунадиган куёв қайда дейсиз…

  • РАССОМ ТУЗ ТЕЛЕГРАМ КАНАЛИ БЛОКЛАНДИ

    РАССОМ ТУЗ ТЕЛЕГРАМ КАНАЛИ БЛОКЛАНДИ

    Телеграмда Рассом Туз сатирик канали блокланди. Кўпчилик 7 мингдан зиёд телеграм каналининг ёпилишини Ўзбекистон ҳукуматидаги айрим мулозимларнинг “сай ҳаракатлари” натижаси деб ҳисобламоқда.

    Бир ойча олдин Рассом Тузнинг фейсбукдаги саҳифаси блокланган эди.

    Икки ҳафта муқаддам эса Элтуз телеграм канали айни шаклда блокланган эди. Элтуз журналистлари ҳозирда Элтузар бренди билан барча платформаларда фаолият олиб бормоқда.

    Ўзбекистон ҳукумати томонидан мухолиф ёки танқидий контентлар ёпилиши сўнгги кунларда авжига чиқди.

    Ҳукумат ҳар қанча информацион майдонни назорат қилишга, танқидий журналистикани чеклашга ҳаракат қилмасин, бу ҳаракатлари зое кетаётганини кўриш мумкин.

    Канал – фақатгина ёзиладиган дафтар, у йиртиб ташлангани билан ёзадиган қалам бошқа вароқ олиб бўлса ҳам ёзаверади.

    Конституцияда қатъий белгиланган цензура мавжуд бўлмаслиги ҳақидаги принсип ҳукуматнинг ўзи томонидан бузиб турилса, фуқаролар олдида нима деган ҳукумат бўлади у?

    Медиа майдонида қанчадан-қанча экстремизм ёки жиноятга алоқадор саҳифалар бор, аммо давлат реал хавф билан эмас, уни айтовчилар билан курашар экан, ҳали-бери рўшнолик кўрмаса керак.

  • “ЎЗЙЎЛКЎПРИК” МАНСАБДОРИ ПОРА БИЛАН УШЛАНДИ

    “ЎЗЙЎЛКЎПРИК” МАНСАБДОРИ ПОРА БИЛАН УШЛАНДИ

    Йўл қурилиши соҳасида яна бир сермазмун “ислоҳот” фош бўлди. Қорақалпоғистондаги мансабдорлардан бири, чамаси, давлат тизимини тендер орқали эмас, “таниш-билиш” орқали бошқариш мумкин, деб ўйлаган.

    Хабарга кўра, “Ўзйўлкўприк” кластери давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали мансабдор шахси қурилиш билан шуғулланувчи МЧЖга жуда “қулай” таклиф берган: “Беруний-Тўрткўл” А380 магистрал йўли қурилишидаги 5 километрлик иш ҳажмини олиб бераман, фақат хизмат ҳақи сифатида 10 минг доллар узатасиз”.

    Яъни давлат буюртмаси, очиқлик, ҳалол танлов, қонуний тендер деган тушунчалар бир ёқда, “юқорида танишлар бор” деган қадимий ва синақдан ўтган коррупцион технология бир ёқда. Мансабдор, кўринадики, йўл қуришдан кўра “йўл қилиб бериш”ни яхшироқ ўзлаштирган.

    Энг қизиғи, 5 километрлик иш ҳажми ҳали расман бошланмасиданоқ, 10 минг долларлик “руҳий тайёргарлик” пули сўралган. Шундай пайтда одам ўйлаб қолади: бу йўлга асфальт ётқизиладими ёки аввал поранинг устидан смета тузиладими?

    Бироқ режа қоғозда чиройли кўрингани билан, амалда у қадар узоққа бормади. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тезкор тадбир ўтказиб, мансабдорни сўралган маблағни МЧЖ раҳбаридан олаётган пайтда шаппа босди. Қисқаси, у 5 километрлик йўлни “олиб бериш”га улгурмади, лекин ўзи тўғридан тўғри қамаққа йўл олди.

    Ҳозирда унга нисбатан тегишли моддалар асосида жиноят иши қўзғатилган, тергов кетмоқда.

    Бу воқеадан чиқадиган хулоса оддий: айрим амалдорлар йўл соҳасида ишласа-да, ўзлари доим айланма йўл қидиради. Лекин бу сафар айланма йўл ҳам ёрдам бермади.

  • БЎКАДА СОЛИҚ ҚАРЗИНИ ЧЎЗИШ 10 МИЛЛИОНДАН БОШЛАНАР ЭКАН

    БЎКАДА СОЛИҚ ҚАРЗИНИ ЧЎЗИШ 10 МИЛЛИОНДАН БОШЛАНАР ЭКАН

    Тошкент вилоятининг Бўка туманида яна бир “жонкуяр” мансабдор халқ дардига малҳам қўйишнинг ўзига хос усулини танлабди. Туман солиқ инспекциясининг бош инспектори фермер хўжалиги раҳбарининг оғирини енгил қилиш учун, аниқроғи 165,6 миллион сўмлик солиқ қарзини “таниш-билиш” орқали узайтириб бериш эвазига 10 миллион сўм сўрагани айтилмоқда.

    Гўёки расмий тартиб-қоидалар камлик қилгандек, инспектор вилоят солиқ бошқармасидаги танишини ҳам ишга солиб, муаммони “осонлаштириб” беришга бел боғлаган. Хуллас, давлат хизмати яна бир бор “хизмат ҳақи” билан аралаштириб юборилган кўринади.

    Аммо режа қоғозда чиройли тузилган бўлса-да, амалда унчалик ўхшамай қолган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда бош инспектор сўралган пулни ўз хизмат хонасида олаётган пайтда ашёвий далиллар билан шаппа ушланган. Қисқаси, “кабинетда ҳал қиламиз” деган масала кабинетнинг ўзидаёқ ҳал бўлибди.

    Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов бошлатилган.

  • ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА ИЛМИЙ ИШЛАР САВДОСИ ВА ПЛАГИАТ

    ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА ИЛМИЙ ИШЛАР САВДОСИ ВА ПЛАГИАТ

    Фарғона давлат университети фаолияти юзасидан Элтузарга келиб тушган мурожаатда олийгоҳда илмий ишлар тайёрлаш ва ҳимоя жараёнлари билан боғлиқ жиддий қоидабузарликлар мавжудлиги ҳақида иддаолар билдирилган. Мурожаат муаллифига кўра, университетда айрим илмий ишлар очиқдан-очиқ “сотилаётган”, уларнинг катта қисми эса плагиат, яъни кўчирмачилик асосида тайёрланаётган бўлиши мумкин.

    Мурожаатда таъкидланишича, айрим ўқитувчилар ва тадқиқотчилар бу ҳолатлардан норози бўлса-да, масала очиқ кўтарилмаяпти. Шунингдек, университет раҳбарияти томонидан илмий салоҳиятни ошириш бўйича босим кучайгани, бироқ барча ходимлар учун тенг имконият ва шароит яратилмаётгани айтилган.

    Мурожаат муаллифи айрим шахслар учун илмий кенгаш ва ҳимоя жараёнлари енгиллаштирилгани, бошқа тадқиқотчилар учун эса сунъий тўсиқлар ва кутиш ҳолатлари юзага келаётганини даъво қилган. Унинг ёзишича, ҳақиқий илмий ишлар ойлаб кўриб чиқилмасдан қолиб кетаётган бир пайтда, сохта ва шубҳали диссертациялар тезлаштирилган тарзда ўтказилмоқда.

    Иддаоларда яна шу ҳам қайд этилганки, айрим ҳужжатлар, жумладан кафедра муҳокамаси баённомалари, далолатномалар ва жорий этишга оид материаллар расмий тартибда эмас, балки бир жойда тайёрланаётган бўлиши мумкин. Мурожаатда бу жараёнлар “Фалсафа” кафедраси мисолида алоҳида тилга олинган.

    Шу билан бирга, муаллиф коррупцияга қарши курашишга масъул тузилмалар ва назорат органлари ҳам бундай мурожаатларга етарлича эътибор қаратмаётганини билдирган. Унинг фикрича, бу ҳолат университетда сохта диссертациялар ва ноқонуний илмий амалиётлар илдиз отишига шароит яратмоқда.

    Мурожаатда келтирилган барча иддаолар расман тасдиқланмаган. Шу боис, мазкур ҳолатлар юзасидан ваколатли идоралар, Олий аттестация комиссияси ва тегишли назорат органлари томонидан холис ва шаффоф текширув ўтказилиши, айбдорлар аниқланса, қонуний чора кўрилиши жамоатчилик учун муҳим аҳамият касб этади.