Author: eltuzarmedia

  • АНДИЖОНДА ЙҲХХ МАЙОРИ ПОРА БИЛАН ҚЎЛГА ТУШДИ

    АНДИЖОНДА ЙҲХХ МАЙОРИ ПОРА БИЛАН ҚЎЛГА ТУШДИ

    Андижон вилоятининг Бўстон туманида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ўрнига, шахсий молиявий хавфсизлигини мустаҳкамлашга ўтиб кетган катта инспектор қўлга тушди.

    Расмий маълумотларга кўра, Бўстон тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХХ гуруҳи катта инспектори, майор Иқболбек Ўразов фуқародан 500 АҚШ доллари талаб қилганликда гумоланмоқда.

    Гап шундаки, у йўл-транспорт ҳодисасига оид ҳужжатларни “ижобий ҳал қилиб бериш” эвазига мазкур суммани сўраган. Оддийроқ айтганда, қонун китобини бир четга суриб, “доллар билан ҳал қилиш” йўлини танлаган.

    Фуқаро Бахтиёр Муллажонов бу ҳақда ДХХ деган тегишли идорага мурожаат қилиб, майор жанобларининг “хизмат тарифи”ни фош қилган. Маълум бўлишича, инспектор фақат қоғозни эмас, ҳатто суд-тиббий экспертизаси хулосасини ҳам “мослаштириб бериш” ҳақида ваъда берган.

    16 март куни соат 12:50 атрофида ўтказилган тезкор тадбирда майор Иқболбек Ўразов 500 долларни олаётган вақтда уни шаппа босиб олиб кетишди. Пул ҳам узоққа қочмаган экан, хизмат хонасидан чиқди. Қисқаси, “далил” деган нарса бу сафар протоколга ўзи кириб келган.

    Ҳозирда майор қамағда. Бир кунда ҳам пора кетди, ҳам обрў, ҳам мансаб. Энди унинг хизмат йўлида янги белгилар пайдо бўлиши мумкин:

    “майорлик рутбаси бекор бўлади”,
    “ишдан статья билан бўшалади”,
    “пенсия бекор бўлади”,
    ва энг қизиғи, бир неча йиллик “санаторий йўлланмаси” ҳам тайин майор Иқболбекка.

    Шундай қилиб, ЙҲХХда “қўлни кўтаринг” деган ишорани нотўғри тушунган майор, 500 долларга қўл чўзиб, охири темир панжара ортигача етиб борди.

  • ШАҲЗОД “GOLD” ТЎРТ ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

    ШАҲЗОД “GOLD” ТЎРТ ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

    Шаҳзод “Gold” уй қамоғи қоидаларини бузгани учун ҳақиқий қамоққа олинди.

    ММА шоу жангларида қатнашиб юрадиган блогер Шаҳзод “Gold” аввал суд қарори билан 4 йилга уй қамоғига ҳукм қилинган эди. Кейинроқ у жазони ўташ тартибини қўпол равишда бузгани сабабли, суд уй қамоғини ҳақиқий қамоқ жазоси билан алмаштирди.

    Маълум бўлишича, Шаҳзод “Gold” икки шериги билан 2025 йил ноябрь ойида Тошкентдаги Себзор кўприги устида йўл талашиб, икки фуқарони калтаклаб, воқеа жойидан қочиб кетган.

    Шундан сўнг суд унга 4 йиллик уй қамоғи жазосини тайинлаган.

    Аммо у белгиланмаган вақтда кўчага чиқиш ва жазо ўтаётган шахслар учун тақиқланган бошқа фаолиятлар билан шуғулланиш орқали тартибни мунтазам равишда бузиб келган.

    Натижада прокуратура протест киритган, суд эса унинг уй қамоғи жазосини ҳақиқий қамоқ жазоси билан алмаштирган.

  • СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ ЭКСПОРТЧИ ТАДБИРКОРЛАРДАН ҲУЖЖАТ ТАЛАБ ҚИЛАЁТГАНИ НОРОЗИЛИК КЕЛТИРИБ ЧИҚАРМОҚДА

    СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ ЭКСПОРТЧИ ТАДБИРКОРЛАРДАН ҲУЖЖАТ ТАЛАБ ҚИЛАЁТГАНИ НОРОЗИЛИК КЕЛТИРИБ ЧИҚАРМОҚДА

    Президент фармонига кўра, ўз маҳсулотини четга экспорт қилувчи тадбиркорлар айрим солиқ имтиёзларига эга. Яъни экспортчи тадбиркор шу пайтгача фақат ҳисобот асосида солиқнинг муайян қисмини тўлаб келган. Энди эса қўмита ҳисобот билан бирга асословчи ҳужжатларни талаб қилмоқда.

    Мақсад – тадбиркор ростан экспорт билан шуғулланганми, шартнома қиймати қанча эканлигини билиш. Тадбиркорлар экспортни асословчи ҳужжатлар, шартнома ва божхона қайдларини тақдим этишдан бош тортмоқда.

    Тадбиркорлар таъкидлашича, бундай ҳужжатларни сўраш ноқонуний текширув билан баробар ва коррупцияни келтириб чиқаради.

    Шу сабабдан тадбиркорлар экспортни асословчи ҳужжатлар билан бирга ҳисобот жадвалини тўлдиришдан норози.

  • АНДИЖОНДА ММТБ МУДИРИ НАВРЎЗ КЎЧАТИ БАҲОНАСИДА ЙИРИК КОРРУПЦИЯГА ҚЎЛ УРДИ

    АНДИЖОНДА ММТБ МУДИРИ НАВРЎЗ КЎЧАТИ БАҲОНАСИДА ЙИРИК КОРРУПЦИЯГА ҚЎЛ УРДИ

    Андижон шаҳрида Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мудири Азиз Усмонов мактаб директорлари ва боғча мудирларидан 2 миллион 300 минг сўмдан ўлпон йиғиб олаётгани ҳақида жиддий айбловлар келиб тушмоқда.

    Элтузарга йўлланган шикоятга кўра, шаҳардаги 13 мактаб директори Наргиза Абдураҳмонова Наврўз сайлига “Андижон сити”ни безаш учун 120 та ташкилот раҳбаридан 276 миллион сўм маблағ йиғиб олган.

    Дарров бир Треккер ва бир Оникс мошинди пулини ҳисоблашга ўтиб кетманг, пийпл. Чунки бу йиғимдан сўнг яна 500 минг сўмдан, жами 60 миллион сўм йиғилгани маълум бўлмоқда.

    “Йиғилган маблағнинг фақат бир қисмига кўчат олиб Андижон ситида экилди. Қолган маблағ қаерга кетди? Буни текширадиган прокуратура, ДХХ масъуллари борми? Ҳадеб пул йиғиб беришдан чарчадик,” – дейди мурожаатчилар.

    Текширадиган орган расман ариза билан мурожаат қилинсагина бош қашлаб ишга киришиши мумкин. Лекин аниқ эмас. Бу ҳам бир эҳтимол-да, ҳурматли устозлар. Чиқмаган жондан умид…

  • ХОРАЗМДА ҲОКИМЛИК АЁЛЛАР ФАОЛЛАРИ ЧЎНТАГИГА КЎЗ ТИКДИ

    ХОРАЗМДА ҲОКИМЛИК АЁЛЛАР ФАОЛЛАРИ ЧЎНТАГИГА КЎЗ ТИКДИ

    Шовот туманида 52 та маҳалла бор, аммо аёллар фаоллари сони 33 та. Айрим аёллар фаоллари бир пайтнинг ўзида 2-3 та маҳаллага бириктирилган.

    Қизиғи шундаки, ҳар йили Наврўз байрами арафасида истироҳат боғида сайил ўтказилади ва ҳокимлик томонидан ҳар бир маҳалла учун биттадан байрам столи безатиш топширилади. Бир столни безатиш харажати тахминан 300–400 минг сўмни ташкил қилади.

    Афсуски, бу харажатлар амалда аёллар фаолларининг ўз чўнтагидан тўланади. Ҳолбуки, уларнинг ўзи ҳам бир неча маҳалла масъулиятини кўтариб юрибди.

    Жаноб ҳоким, болаларимиз ва оиламиз ризқига тегманг, дея ўтинади тадбирбозлик ва кўзбўямачи байрамлардвн чарчагян аёллар фаоллари.

  • ФАРҒОНАДАГИ ТЕРГОВЛАР ОРТИДА НИМА БОР?

    ФАРҒОНАДАГИ ТЕРГОВЛАР ОРТИДА НИМА БОР?

    Фарғона вилояти Учкўприк тумани жамоатчилик назорати фаоли Йўлчибой Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев номига очиқ мурожаат йўллаб, вилоятдаги айрим прокурорлар ва тергов органлари фаолияти юзасидан кескин иддаоларни илгари сурди.

    Мурожаатда Учкўприк тумани прокурори Ў. Йўлчиев, Данғара тумани прокурори М. Абдураҳимов ҳамда Фарғона вилояти прокурори Б. Исмоилов номи тилга олинган.

    Муаллиф фикрича, айрим жиноят ишлари қонуний асосдан кўра, манфаатлар тўқнашуви, маҳаллий таъсир доиралари ва шахсий адоват эҳтимоли билан боғлиқ ҳолда юритилаётгандек таассурот қолдирмоқда.

    Йўлчибой Исмоилов мурожаатида икки қўшни туман прокурорлари ҳаракатлари бир нуқтага қаратилгани, тергов органлари эса мустақил эмас, балки муайян топшириқлар асосида иш олиб бораётгандек кўринаётганини таъкидлайди.

    Унинг ёзишича, бу ҳолатлар давлат идораларининг ваколатлари шахсий мақсадлар йўлида ишлатилаётгани ҳақида жиддий саволларни кун тартибига чиқармоқда.

    Мурожаат муаллифи, шунингдек, Учкўприкдаги ер билан боғлиқ ҳолатларни ҳам тилга олиб, 0,06 гектар ернинг 0,26 гектарга айланиб қолгани билан боғлиқ жараёнлар, шунингдек, эҳтимолий манфаатдорлик алоқалари очиқ ва холис текширилмаганини иддао қилган. Унга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан жамоатчиликка аниқ ва расмий изоҳ берилмаган.

    Мурожаатда яна бир муҳим нуқтага эътибор қаратилган: муаллифнинг таъкидлашича, Фарғона вилоятидан ташқарида кўрилган айрим суд ишларида маҳаллий даражада шаклланган айбловлар ўз тасдиғини топмаган.

    У буни тергов ва прокуратура фаолиятини чуқур қайта кўриб чиқиш учун асос бўладиган жиддий сигнал сифатида баҳолаган.

    Йўлчибой Исмоилов Бош прокуратурадан мазкур ҳолатларни шахсий назоратга олиш, холис хизмат текшируви тайинлаш, мурожаатда номи тилга олинган мансабдорлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш ва жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этишни сўраган.

    Таҳририят расмий муносабат тақдим этилган тақдирда, уни ҳам эълон қилишга тайёр.

  • ПАХТАКОР ММТБНИНГ СУДЛАНГАН РАҲБАРИ НЕГА ҲАЛИ ҲАМ ЎЗ КУРСИСИДА?

    ПАХТАКОР ММТБНИНГ СУДЛАНГАН РАҲБАРИ НЕГА ҲАЛИ ҲАМ ЎЗ КУРСИСИДА?

    Жиззах вилояти Пахтакор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими атрофидаги ҳолат жамоатчиликда жиддий саволларни пайдо қилган. Элтузарга тақдим этилган суд ҳужжати ва 17 март куни вилоят прокурорининг фаоллар билан учрашуви стенограммасида келтирилган маълумотлар бир нарсани кўрсатади: гап катта миқдордаги бюджет маблағлари билан боғлиқ жиноятлар ҳақида кетяпти, аммо айрим мансабдорлар ҳануз тизимда ишлаб юрибди.

    Тақдим этилган материалларга кўра, Пахтакор тумани ММТБ раҳбари Мадина Турғунова ва бош ҳисобчи Абдумалик Эрматовга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, яъни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек 209-моддаси 2-қисми “а” банди, яъни мансаб сохтакорлиги билан боғлиқ айбловлар қайд этилган.

    Суд ҳужжатидан англашилишича, улар якка тартибдаги тадбиркор билан тил бириктириб, 2025 йил 13 январда тузилган шартнома доирасида эҳтиёт қисмларини қимматлаштирилган нархларда харид қилиш орқали давлат маблағларига зарар етказган. Ҳужжатда 4909 дона эҳтиёт қисмидан 404 миллион 987,5 минг сўм миқдорида ортиқча харажат қилингани кўрсатилган. Шунингдек, 2024-2025 йилларда харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг 894 миллион сўмлик қисми ортиқча олингани ва манзилли тарқатилмагани ҳақида ҳам қайдлар бор. Умумий моддий зарар миқдори эса 1 миллиард 431 миллион 495,3 минг сўм деб баҳоланган.

    Янада диққатга сазовор жиҳат шундаки, тақдим этилган ҳужжатга кўра, Зафаробод туман судининг 2026 йил 4 мартдаги ҳукми билан Мадина Турғунова ва Абдумалик Эрматовга нисбатан жазо тайинланган. Ҳужжатда улар 2 йилга таълим тизими ҳамда давлат улуши мавжуд ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилгани кўрсатилади.

    Суд ҳукми чиққан бўлса, нега бу шахслардан бири – Мадина Турғунова ҳали ҳам лавозимида қолмоқда? Нега таълим соҳасида миллиардлаб сўмлик зарар ҳақида гап кетар экан, Мадина Турғуновага нисбатан зудлик билан қатъий чора кўрилмаган?

    17 март куни вилоят прокурорининг фаоллар билан учрашуви стенограммасида ҳам бу масала кескин оҳангда тилга олингани айтилади. Унда таълим тизимида бюджет маблағларидан мақсадсиз ва қимматлаштирилган харидлар орқали фойдаланиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилган. Вилоят прокурори мажлисда қатнашаётган Турғуновадан нима учун ҳалигача ўз лавозимида қолаётганини сўраган ва мажлис залидан чиқиб кетишни талаб қилган.

    Элтузга етказилган қўшимча маълумотларда Турғунованинг ишдан олинмай келаётгани Жиззах вилояти ММТБ раҳбариятидаги айрим мансабдорлар, хусусан ҳозирда вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажараётган Шоҳида Даманова билан муносабатлар фонида изоҳланмоқда. Бироқ бу даъволар расмий идоралар томонидан очиқ ва аниқ тарзда рад этилмаса ёки тасдиқланмаса, жамоатчиликда “судланган кадрни ким ҳимоя қиляпти?” деган савол янада кучаяди.

    Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда мутасадди ташкилотлар жамоатчилик олдида очиқ жавоб бериши керак. Мадина Турғунова нега ишдан олинмаган? Суд ҳукми ижроси нега тўлиқ таъминланмади?

  • УРУШ ТАҚДИРИНИ ФРОНТ ЭМАС, ҲУРМУЗ ҲАЛ ҚИЛАДИ

    УРУШ ТАҚДИРИНИ ФРОНТ ЭМАС, ҲУРМУЗ ҲАЛ ҚИЛАДИ

    Ҳурмуз бўғози бу урушнинг ҳақиқий синов майдонига айланмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида қай томоннинг ғолиб бўлиши айнан шу бўғозини ким назорат қилишига боғлиқ. Ҳурмуз орқали дунёдаги денгиз йўли билан ташиладиган нефтнинг тахминан бешдан бир қисми ўтади. Шунинг учун бу ерда география дарҳол сиёсий қудратга айланади.

    Трамп учун хавф фақат уруш жабҳаси эмас. Олдинда Конгресс оралиқ сайловлари турибди, ёқилғи нархининг сакраши эса ички сиёсатга ҳар қандай ҳарбий ҳисоботдан кўра тезроқ ва қаттиқроқ зарба беради.

    Тарихда бунга ўхшаш ҳодисалар кўп бўлган. 1956 йилда Британия Суэц канали устидан ҳарбий назорат ўрнатди. Аммо сиёсий жиҳатдан Британия империяси ютқазди. Суэц канални ушлаб туриш уни босиб олишдан анча қийин кечди. Натижада Британия империя мақомини йўқотди.

    1980-йиллардаги “танкерлар уруши”да Форс кўрфазидаги кема қатновига ҳужумлар АҚШни танкерларга ҳамроҳлик қилишга мажбурлади. Аммо шунда ҳам Вашингтон Форс кўрфазида кемалар хавфсизлигини тўлиқ таъминлай олмади. Вьетнам уруши эса яна бир ҳақиқатни кўрсатиб қўйди: кўпинча урушда қаттиқроқ зарба берган эмас, бу зарбага бардош бера олган томон ғалаба қилади.

    Шунинг учун бугунги ҳисоб-китоб ҳам аниқ. Эрон узоқ давом этадиган, оғриқли ва аста секин кучайиб борадиган урушга умид қиляпти. Теҳрон оғир зарбани қабул қилиб бўлса-да, Америка учун уруш баҳосини оширишга, Вашингтонни ғалаба ҳақида эмас, бензин, иттифоқчилар ва урушда тез ғалаба қилиш ҳақида ўйлашга мажбурлаяпти.

    Вашингтон эса Ҳурмуз бўғози учун урушда уни тез оча олиши ва тартибни ўрната олишини исботлаши керак.

    Аммо бугун кўрдикки, АҚШнинг энг яқин иттифоқчилариям кўрфазга кемалар юборишга шошилмаяпти. Урушга қўшилишдан очиқа бош тортмоқда.

    Демак, Ҳурмузда синовдан фақат флотлар эмас, балки коалицияларнинг иродаси ҳам ўтаяпти. Ҳурмуз учун кураш сув йўли учун эмас. Бу обрў, чидам ва сиёсий ирода учун курашдир.
    Ҳозирча Эрон камида бир нарсани уддалаётгани аниқ. Теҳрон қарши томон учун урушнинг баҳосини ошиб бормоқда.

  • “РОССИЯ-УКРАИНА” УРУШИДАН ҚОЧГАН ЎЗБЕК

    “РОССИЯ-УКРАИНА” УРУШИДАН ҚОЧГАН ЎЗБЕК

    Косонлик А.Н Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, ўзга юртда яшаш қоидаларини бузгани сабабли полиция ходимлари томонидан ушланди.

    Жавобгарликка тортилмаслик мақсадида эса Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган 1 йиллик “Россия-Украина” урушида иштирок этиш бўйича шартномани имзолаб, Россия Федерациясининг ҳарбий хизматига кирган.

    Кейин эса Россия Федерацияси Ханты-Мансийск шаҳрида жойлашган ҳарбий полигонидан қочиб, Москвадаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасига мурожаат қилган.

    Шу билан ватанга эсон-омон қайтиб келдию, аммо “қилмиш-қидирмиш”, деганлар. Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. А.Н

    Ўзбекистон Республикаси ЖК 1541-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараварида 8 миллион 240 минг сўм жарима тайинланди.

  • ХИТОЙЛИК “САВДОГАР”75 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

    ХИТОЙЛИК “САВДОГАР”75 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

    Хитой Халқ Республикаси фуқароси чет элда ишлаб чиқарилган акциз маркасиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш тақиқланган, таркибида никотин бўлган электрон сигареталарни келгусида ўтказиш мақсадида сақлаб келган.

    Хитойлик “савдогар” жами 36 дона электрон сигарета (20 дона Chirs Bown ва 16 дона Panthr Bar)ни  3.840.000 сўм эвазига “шартли харидор”га сотган вақтида ушланди.

    Ц.Цнинг яшаш жойи тинтув қилинганда  Ўзбекистон Республикасига кириб келгани тўғрисидаги ҳужжатлари бўлмаган 27 дона картон қутида 11  хил номдаги жами 4 036 дона электрон сигарета топилди. Электрон сигареталар қиймати 976.010.000 сўмни ташкил этиши аниқланди.

    Ц.Ц Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1861-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ҳисоблаш миқдорининг 200 (икки юз) баравари миқдорида, яъни 75.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди.