«Биз, Тошкент вилояти малака ошириш марказининг бир гуруҳ ўқитувчилари, марказимиздаги вазият ҳақида очиқ мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Агар раҳбарият тенглик ва адолат тамойиллари асосида иш олиб борганида, бундай мурожаатга эҳтиёж қолмас эди.
Сўнгги 5-6 ой давомида марказ Элтуз нашрининг танқидий материалларида тилга олинмоқда. Ҳар бир мақоладан сўнг директор Тимур Калмуратов жамоа ичидан “айбдор” излашга тушади. Бироқ танқид сабаблари бартараф этилмаяпти, аксинча, ходимларга босим кучаймоқда.
Сўнгги вақтларда кафедра мудирлари ва методистларнинг мажбурий хорижий сафарлари кўпайди. Ходимларга чет элга сафар ташкил этиш учун гуруҳ тўплаган тақдирда ойликларига қўшимча ҳақ берилиши ваъда қилинган. Аммо амалда сафарга борган ва бораётганлар харажатларни ўз ҳисобидан қопламоқда. Бу ҳолат жамоада ички норозиликни кучайтирди. Айримлар сафарларга ихтиёрий эмас, босим остида рози бўлаётганини айтмоқда.
Директор назоратидаги бухгалтерия фаолияти билан боғлиқ жиддий саволлар ҳам мавжуд. Ходимларнинг ойлик маошидан асоссиз ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган. Жумладан, инглиз тили ўқитувчиси Ҳамраева Нафиса ва рус тили ўқитувчиси Қурбанова Кларанинг бир ойлик иш ҳақи тўлиқ берилмаган. Ушбу ҳолатдан раҳбариятнинг хабардор экани айтилмоқда. Ходимларга бу масалани ошкор қилмаслик тайинланган. Икки ой ўтган бўлса-да, муаммо ҳал этилмади.
Шу билан бирга, директор томонидан олиб келинган айрим ходимларга юқори устамалар белгиланмоқда. Бошқа ходимлар эса бундай имкониятлардан четда қолмоқда. Йиллик малака ошириш режалари бошқа муассасаларга тақсимлангани сабабли марказ юкламаси камайди, натижада профессор-ўқитувчилар штатларида қисқаришлар бўлиб, айримлар ишдан бўшатилди. Айрим шахслар таянч докторантурада ўқиб, стипендия олаётган бўлса-да, марказдаги лавозими учун ҳам тўлиқ маош ва юқори устамаларни олишда давом этмоқда.
Бу ҳолатлар жамоада адолат ва тенглик тамойилларига ишончни сусайтирмоқда. Биз можарони эмас, адолатни истаймиз. Биз қаршиликни эмас, соғлом муҳитни истаймиз. Маҳаллийчилик, “менинг одамим” деган қарашлар эмас, бир жамоа деган ғоя устувор бўлишини хоҳлаймиз.
Малака ошириш маркази шахсий манфаатлар учун эмас, таълим сифати ва жамоа бирлиги учун хизмат қилиши керак. Биз бир жамоамиз ва марказда тенглик, шаффофлик ҳамда қонун устувор бўлишини талаб қиламиз.»