(Бу хат муаллифи шахси сир сақланишини сўрайди)
Андижон шаҳридаги 48-мактабнинг битирувчи синфларида ўқиётган ўқувчилардан турли важлар билан пул йиғилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифининг билдиришича, унинг эгизак икки синглиси ҳам айнан шу мактабда битирувчи ҳисобланади.
Уларнинг айтишича, битирув тадбири учун саҳна безакларига ҳар бир ўқувчидан 100 минг сўм, якуний олтита имтиҳонга доир “расмиятчилик ишлари” ва ўқитувчиларнинг тушлиги учун 200 минг сўм, битирув лентаси учун эса мажбурий тарзда 50 минг сўм талаб қилинмоқда.
Бундан ташқари, мактаб таъмири учун яна 60 минг сўмдан пул йиғиш айтилган.
Энг ачинарлиси, бу пулларни топширмаган ўқувчилар синф раҳбарлари томонидан бошқалар олдида шарманда қилинаётгани ҳақида иддао бор.
Ҳолатнинг кўламига эътибор қаратсак, бу йил мазкур мактабни жами 9 та синф битиради. Айрим синфларда 39-40 нафаргача ўқувчи бор.
Ҳатто ҳар бир синфда ўртача 30 нафардан ўқувчи бор деб ҳисоблаганда ҳам, фақат “имтиҳон расмиятчилиги” ва ўқитувчилар тушлиги учун йиғилаётган 200 минг сўмнинг ўзи 54 миллион сўмга етади. Саҳна безаклари учун йиғилаётган 100 минг сўм эса яна 27 миллион сўмни ташкил қилади.
Мурожаатда таъкидланишича, мактаб таъмири учун пул йиғиш ҳам тушунарсиз кўринади. Чунки ушбу мактаб ўтган йили “Очиқ бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлиб, битта янги бино қурилган, эски бинолари эса капитал таъмирланган.
Шундай экан, савол туғилади: давлат мактабида битирувчи ўқувчилардан нега бунча миқдорда пул йиғиляпти? “Расмиятчилик” деган тушунча ортида нима яширинган? Давлатдан маош оладиган ўқитувчиларнинг тушлиги нима учун ўқувчилар ҳисобига тушмоқда?
Мутасадди ташкилотлардан ушбу ҳолат юзасидан холис ва қонуний текширув ўтказиш, айбдорларга чора кўриш ҳамда мактабларда мажбурий пул йиғиш амалиётига чек қўйиш сўралади.









