Author: eltuzarmedia

  • БУХОРОДАГИ СПОРТ МАРКАЗИДАГИ МУАММОЛАРГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?

    БУХОРОДАГИ СПОРТ МАРКАЗИДАГИ МУАММОЛАРГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?

    Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази атрофида янграётган иддаолар одамни ўйлантириб қўяди. Элтузарга келган мурожаатда айтилишича, марказ директори Х.М. Хусенов ва спорт ишлари бўйича директор ўринбосари Ф.Р. Файзуллоев фаолияти юзасидан коррупцияга оид оғир шикоятлар бор.

    Иддаоларга кўра, спортчиларни марказга ўқишга қабул қилиш жараёнида пул талаб қилинади. Ҳатто бу маблағлар АҚШ долларида сўралаётгани ҳақида гап-сўзлар бор.

    Мурожаатларда яна бир жиддий ҳолат тилга олинади: тренерлар ва спортчиларнинг хизмат сафари учун ажратилган маблағларидан эркаклардан 15 фоиз, аёллардан 10 фоиз миқдорида ушлаб қолинаётгани айтилмоқда.

    Мурожаатга кўра, мусобақаларда чемпион бўлиб, марказга ўқиш учун ҳужжат топширган айрим ёшлар ҳам талаб қилинган пулни бера олмагани учун четда қолдирилган.

    Яна бир иддаога кўра, текширув келгунча кўргазмали тартиб ўрнатилади, аммо назорат сусайиши билан яна эски муҳит қайтиб келади. Ходимлар “овоз чиқарсак, ўзимизга ёпишиб олишади”, деган хавотир билан яшайди.

    Хўш, бундай бедодликдан Спорт вазирлигининг хабари борми? Спорт вазири ҳадеб қўлида микрофон олиб қўшиқ айтавермасдан ҳолатга эътибор қаратса фойдадан холи бўлмасди. Йўқ, агар хабари бўлса, нега чора кўрмаяпти?

  • ERIELL ВА ENTER ENGINEERING: ФОЙДА – ХУСУСИЙ, МУАММО-ДАВЛАТНИКИ

    ERIELL ВА ENTER ENGINEERING: ФОЙДА – ХУСУСИЙ, МУАММО-ДАВЛАТНИКИ

    Ўзбекистонда хусусийлаштириш ҳақида гап кетганда одатда “самарали хусусий мулкдор”, “инвестиция”, “ишончли бошқарув” сингари  чиройли иборалар ишлатилади. Лекин Enter Engineering, Eriell ва Saneg атрофидаги охирги воқеалар бу моделнинг бошқа томонини ҳам кўрсатмоқда.

    Расмий маълумотларга кўра, ушбу гуруҳга тегишли ширкатларда 38 минг ходимнинг 130 миллион доллардан ортиқ маошидан қарздорлик йиғилиб қолган.  Расмий изоҳга кўра, шу қарзни ёпиш учун ҳукумат катта активларни сотиш режасини тасдиқлаган.

    Сотувга чиқарилиши кутилаётган объектларга қаранг:

    -Самарқанд аэропорти

    -Silk Road Samarkand меҳмонхоналари

    -Фарғона нефтьни қайта ишлаш заводи

    -тиббиёт маркази

    -офис бинолари ва бошқа активлар

    Кечагина Янги Ўзбекистон туризм маркази”, “инвестиция рамзи”, “миллий ривожланиш лойиҳаси” деб кўрсатилган объектлар бугун, расмий важларга ишониладиган бўлса,  маошлардан  қарздорликни ёпиш учун сотувга чиқарилмоқда.

    ФОЗИЛОВ ИМПЕРИЯСИ

    Бу ерда асосий фигура – 51 яшар Бахтиёр Фозилов.

    Унинг бизнес тармоғи энергетика, саноат қурилиши ва нефть соҳасидаги энг йирик контрактларни ўз ичига олади.

    Eriell – нефть-газ бурғулаш

    Enter Engeneering – кўп миллиардлик саноат қурилишлари

    Saneg – нефть ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш.

    Бу компанияларга кейинги йилларда Ўзбекистондаги энг йирик давлат лойиҳалари берилган.

    Булар:

    Газ конлари.

    Металлургия объектлари.

    Нефть заводлари.

    Аэропортлар.

    Туризм мажмуалари.

    Қисқаси, иқтисодиётнинг ярми деярли бир бизнес гуруҳ қўлида жам бўлган эди.

    Айни пайтда бу империя фақат маҳаллий ресурслар билан қурилган эмас.

    Eriell ривожланишида Газпромбанк каби Россия молиявий институтлари иштирок этгани маълум. Бу банк Кремл ва шахсан Путинга яқин тузилмалардан бири ҳисобланади.

    Шу маънода, Eriell, бу – шунчаки маҳаллий хусусий бизнес эмас. Бу-Россия капитали, офшор тармоқлар ва давлат контрактларининг омухтаси ва маълум сиёсий ва саноат-молия гуруҳларининг манфаатлари кесишган нуқта.

    Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодни бошқаришнинг янги, ўзига хос модели шаклланди.

    Яъни давлат катта лойиҳаларни бир нечта йирик хусусий гуруҳга топширади.

    Мантиқ оддий:

    катта бизнес – тез қурилиш – катта инвестиция.

    Аммо амалда бошқача сценарий ишлаяпти.

    Активлар бир қўлда жамланади.

    Рақобат йўқолади.

    Молиявий хавф катталашади.

    Ҳозир айнан шу нарсани кўряпмиз.

    АКТИВЛАР КАРУСЕЛИ

    Eriell нинг банкротлиги мисолида юзага чиқаётган схема мана бундай:

    Давлатнинг йирик активлари танланган хусусийлар қўлларга берилади;

    Улар “миллий чемпион”га айлантирилади;

    Қарз ва бошқарув муаммоси юзага келади;

    Активлар яна сотилади;

    Карусел айланишда давом этади.

    38 минг одам ойликсиз қолгани, бу – шунчаки корпоратив муаммо эмас.

    Бу- савол:

    Ўзбекистонда хусусийлаштириш ҳақиқатан бозор ислоҳотими?

    Ёки активларнинг элита ичидаги навбатдаги қайта тақсимотими?

    Чунки амалда формула жуда таниш:

    Фойда хусусийлашади

    Муаммо эса миллийлашади (давлат муаммосига айланади)

    Ва бу жараён ҳамон “ислоҳот”деб аталади…

  • УКРАИНАДА ЖАНГ ҚИЛГАН ЎЗБЕК БИР ЙИЛ АХЛОҚ ТУЗАТАДИ

    УКРАИНАДА ЖАНГ ҚИЛГАН ЎЗБЕК БИР ЙИЛ АХЛОҚ ТУЗАТАДИ

    Фарғоналик фуқаро С.А.А. 2022 йилда Россиянинг Челябинск вилоятига пул топиш учун бориб куръер сифатида иш бошлади. Орадан уч ой ўтиб, 8 августда куръер навбатдаги буюртмани етказиб бераётган пайтда қўлга олинди. Буюртма ичида 200 грамм героин наркотик моддаси яширилгани маълум бўлгани сабаб ўзбекистонлик куръер 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

    Белгиланган муддатнинг 2 йилини ўтагаган маҳкум Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб озодликда Украина урушига сафарбар қилинди. 1 ой ичида Украина дрон зарбасидан жароҳатланган С.А. ҳарбий госпиталдан қочиб, Қирғизистогача етиб келди ва Қирғизистон Ўзбекистон чегарасидан ўтиб ватанга қайтди.

    Қува туман суди хорижий давлат армияси таркибида босқинчи урушда қатнашишга мажбур бўлган 24 яшар йигитга 1 йил муддат ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

  • РОССИЯГА ҚУРОЛ ЕТКАЗИБ БЕРГАН ЭРОН ЭНДИ УКРАИНАГА ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    РОССИЯГА ҚУРОЛ ЕТКАЗИБ БЕРГАН ЭРОН ЭНДИ УКРАИНАГА ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    Украина Исроилга дронлар билан ёрдам бераётгани сабаб Эрон Украинани ўзининг қонуний зарба нишони деб эълон қилди.

    Эрон парламенти Миллий хавфсизлик комиссияси раиси Иброҳим Азизий Украинага зарба бериш билан таҳдид қилди. Сабаб — Яқин Шарқдаги уруш фонида Украинанинг Исроилга дронлар билан ёрдам бераётгани ҳақидаги даъволар бўлмоқда.

    Киев ва Теҳрон орасидаги масофа тахминан 2 300 километрни ташкил қилади. Эроннинг “Хуррамшаҳр”, “Сижжил” ва “Шаҳоб-3” каби ракеталари 2 000 километрдан ортиқ масофага уча олади, шунинг учун улар Украина шаҳарларигача етиб бориши мумкин.

    Эслатиб ўтиш жоизки, 2022 йил бошидан бери Эрон Россияга Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 3 миллиард долларлик қурол-яроқ сотган. Бироқ Украина ҳеч қачон Эронга бевосита ҳужум билан таҳдид қилмаган эди.

  • СЕНАТОР КРИС МЁРФИ: «ТРАМП ЭРОН БИЛАН УРУШ УСТИДАН НАЗОРАТНИ ЙЎҚОТДИ»

    СЕНАТОР КРИС МЁРФИ: «ТРАМП ЭРОН БИЛАН УРУШ УСТИДАН НАЗОРАТНИ ЙЎҚОТДИ»

    Демократ сенатор Крис Мёрфи Дональд Трамп маъмурияти Эрон билан бўлаётган уруш устидан «назоратни йўқотганини» ва Теҳроннинг жавоб бериш салоҳиятини жиддий баҳоламаганини билдирди.

    Мёрфининг айтишича, асосий муаммолардан бири – Эрон томонидан Ҳурмуз бўғозининг ёпилиши бўлди. Унинг таъкидлашича, Трамп бу ҳолатни амалга ошиши мумкин эмас деб ҳисоблаган.

    Сенатор огоҳлантиришича, агар бўғоз ёпиқ ҳолда қолса, бу бутун дунё учун жиддий иқтисодий ва сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин.

    Унинг сўзларига кўра, АҚШда ҳозирча кемалар ҳаракатини тиклаш бўйича аниқ режа йўқ. Чунки Эронда кўп сонли дронлар, тезюрар қайиқлар ва денгиз миналари мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш жуда қийин.

    Мёрфи шунингдек, уруш «дронлар уруши»га айланиб бораётганини, Эрон эса минтақадаги нефть инфратузилмасига зарбалар беришни давом эттира олишини айтди.

    Сенатор можаро янада кенгайиб, Ливан, Сурия ва Яманни ҳам қамраб олиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

    У Трамп маъмуриятини ҳарбий операцияни тўхтатишга чақириб, қуруқликдаги ҳарбий босқин «Охирзамон уруши»га ва минглаб америкалик аскарлар ҳалок бўлишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

  • FINANCIAL TIMES: ЭРОНДАГИ УРУШ САБАБ ДУНЁГА ГЛОБАЛ ОЗИҚ-ОВҚАТ ИНҚИРОЗИ ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    FINANCIAL TIMES: ЭРОНДАГИ УРУШ САБАБ ДУНЁГА ГЛОБАЛ ОЗИҚ-ОВҚАТ ИНҚИРОЗИ ТАҲДИД ҚИЛМОҚДА

    Карбамид, яъни муҳим азотли ўғит етказиб беришдаги узилишлар жаҳон таъминот занжирларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

    Ҳозирнинг ўзида Форс кўрфазида 1,1 миллион тоннадан ортиқ карбамид тўпланиб қолган.

    Яқин Шарқ ўғитлар ва энергия ресурслари етказиб беришда ҳал қилувчи ўрин тутади.

    Жаҳон карбамид экспортининг тахминан учдан бир қисми Эрон томонидан ёпилган Ҳурмуз бўғози орқали ўтади.

    Бундан ташқари, табиий газ танқислиги сабаб Осиёдаги айрим ўғит ишлаб чиқарувчи заводлар ўз фаолиятини тўхтатган.

    Можаро бошланганидан бери карбамид нархи 40 фоиздан зиёд ошган.

  • ҚЎШНИНИНГ МОЛЛАРИНИ ЎҒИРЛАГАНЛАР УШЛАНДИ

    ҚЎШНИНИНГ МОЛЛАРИНИ ЎҒИРЛАГАНЛАР УШЛАНДИ

    Қашқадарёлик бир гала бекорчилар муштипар аёлнинг уйига ўғриликка тушишни режа қилишди. А.Ю илгари ўғрилик содир этгани учун жазо муддати ўтаб келаётганига қарамай, яна хумори тутди.

    У қишлоқдоши Р.А билан олдиндан ўзаро тил бириктириб, тунги соат 01:30 ларда ўзлари билан бир қишлоқда яшовчи Ш.Ининг ҳовлисидан бозор баҳоси 1.500.000 сўм бўлган 3 бош майда шохли чорва молларини ўғирлашди. Ва бу жинояттдан хабардор бўлган бошқа бир ҳамқишлоғи Б.Жга  чорва молларини 3.000.000 сўмга пуллаб юборишди. Бизнес!

    А.Ю Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шуниггдек, жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўтилиши кўзда тутилади.

    Яна бир жиноятчи Р.А Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Ҳамда унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

    Молларни сотиб олган Б.Ж эса  Ўзбекистон Республикаси ЖК 171-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

  • ОТАСИНИ ЎЛДИРГАН ФАРЗАНД. КИМ АЙБДОР?

    ОТАСИНИ ЎЛДИРГАН ФАРЗАНД. КИМ АЙБДОР?

    Отасининг спиртли ичимлик ичиб, тинимсиз жанжал қилишидан безор бўлган фарзанд навбатдаги жанжалда онасининг ёнини олишга ҳаракат қилди. Қўлидаги таёқ билан хотинига таҳдид қилаётган “ЭР”нинг таёғини тортиб олган унинг вояга етмаган фарзанди ушбу таёқ билан отасининг бошига бир марта “пақ” этиб урган. Бунинг оқибатида эса зўравон эр-ота ўлиб қолди. Ўзи бир калтак ейишлик жонинг бор экан, нима қилардинг бўкиб ичиб дейдиган одам йўқ.

    Суд залида фарзанд онасини ҳимоя қилмоқчи бўлганини, отасига қасддан шикаст етказишни кўзламагани ва бўлган уриш-жанжаллар унинг руҳиятини синдирганини айтиб, енгиллик сўради.

    Вояга етмаган фуқаро Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 106-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилди. Унга нисбатан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ашёвий далил – бир дона таёқ  эса йўқ қилинди. Ота гўрда, ўғил уй қамағида.

  • ҚОРАКЎЛ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ БЎЛИМИ НОГИРОНЛАР ПУЛИНИ “ТУЯ” ҚИЛИШДАН УЯЛМАЙДИМИ?

    ҚОРАКЎЛ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ БЎЛИМИ НОГИРОНЛАР ПУЛИНИ “ТУЯ” ҚИЛИШДАН УЯЛМАЙДИМИ?

    Бухоро вилояти Қоракўл тумани ижтимоий ҳимоя бўлимида коррупция очиқчасига кучайиб кетган. Президентимиз томонидан ўзгалар парваришига муҳтож 1-гуруҳ ногиронлари  ҳолидан хабар олиб, уларга қараб туриш учун пуллик хизмат ташкил этилганди.

    Ушбу туман ижтимоий ҳимоя бўлими ногиронларга қараб туришга бириктирилган ҳар бир кишидан сертификат учун 200 000 сўмдан олишди.

    Ногиронларга қаровчиларга ҳар ой давлат томонидан 700 000 сўм деб тўланиши белгиланган бўлишига қарамай, 450 000 сўмини ушлаб қолишади.

    Юртбошимиз томонидан рўза ойи муносабати билан ногиронларга берилиши керак булган 1 000 000 сўм ҳам эгаларига етиб келмаяпти. 1140 ишонч телефонига мурожаат қилдим.

    Бироқ улар мендан ариза қабил қилишмади. Бунинг ўрнига 712020600 рақамига йўналтиришди.

    Берилган рақам билан боғланиб, муаммони тушунтириб, текширув ўтказишларини сўрасам, телефонни ўчириб қўйишди.

    Менинг турмуш ўртоғим ҳам 1-гуруҳ ногирони. Биз каби адолат излаётганлар кўп.

    Аммо дардимизни эшитадиган бирон ташкилот йўқ. Ногиронларниг устидан кулиш ва уларнинг ҳақини ейиш қайси меъзонга тўғри келади?

  • ТРАМП ҲУРМУЗ БЎҒОЗИНИ ҚЎРИҚЛАШ УЧУН БОШҚА ДАВЛАТЛАРНИ ҲАРБИЙ КЕМАЛАР ЮБОРИШГА ЧАҚИРДИ

    ТРАМП ҲУРМУЗ БЎҒОЗИНИ ҚЎРИҚЛАШ УЧУН БОШҚА ДАВЛАТЛАРНИ ҲАРБИЙ КЕМАЛАР ЮБОРИШГА ЧАҚИРДИ

    АҚШ президенти Дональд Трамп шанба куни бошқа давлатларни Ҳурмуз бўғозига ҳарбий кемалар юборишга чақирди. Бу чақириқ Эрон Вашингтоннинг Форс кўрфазидаги асосий энергетика тугуни саналган Харг оролига берган зарбасидан кейин Яқин Шарқ бўйлаб можарони янада кенгайтириш билан таҳдид қилган бир пайтда янгради.

    Ҳурмуз бўғози нефть ва газ ташиш учун энг муҳим денгиз йўлакларидан бири ҳисобланади. Теҳроннинг ушбу бўғоз орқали юк ташишни тўхтатиб қўйиш имконияти АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нисбатан катта босим воситасига айланиши мумкин.

    Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида, “Ҳурмуз бўғози орқали нефть оладиган дунё давлатлари ўша йўлак хавфсизлигини таъминлаши керак, биз эса катта ёрдам берамиз. АҚШ ҳам бу давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, барча ишларни тез, равон ва самарали тарзда мувофиқлаштиради”, деб ёзди.

    Уруш учинчи ҳафтасига кирган бир пайтда, Эрон АҚШ кучларининг Харг оролидаги ҳарбий объектларга зарбасидан кейин ҳам қаршилик кайфиятини намоён қилди. Мазкур орол Эрон нефть экспортининг қарийб 90 фоизини қабул қиладиган асосий нуқта ҳисобланади. Бу орада дрон ҳужуми Бирлашган Араб Амирликларидаги энергетика маркази фаолиятига ҳам халал берган. АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ўз фуқароларини Ироқни тарк этишга чақирган бўлса, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШдан ўз саноат объектларини минтақадан олиб чиқишни талаб қилди.

    Исроил ва АҚШнинг 28 февралдан буён Эронга қарши бошлаган ҳужумлари оқибатида 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Қурбонларнинг асосий қисми Эрон ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, можаро нефть таъминотида тарихдаги энг йирик узилишлардан бирини келтириб чиқариб, жаҳон бозорида нархларни оширган.

    Шанба куни Эроннинг марказий Исфаҳон шаҳрида совутгич ва иситгич ишлаб чиқарадиган заводга берилган ҳаво зарбаси оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлгани ҳақида яримрасмий Fars агентлиги хабар қилди. Исроил ҳарбийлари эса бу хабарга дарҳол изоҳ бермади.

    Саноат ва савдо манбаларига кўра, БААнинг кемаларга ёқилғи қуйиш бўйича жаҳон миқёсидаги муҳим марказларидан бири саналган Фужайра амирлигида нефть юклашнинг айрим операциялари тўхтатиб қўйилган. Амирлик матбуот хизмати дрон тўхтатиб қолинганини билдирган, аммо шанба кечигача фуқаролик мудофааси кучлари парчалар тушиши ортидан чиққан ёнғинни ўчиришга уринаётгани айтилди.

    Эрон ҳарбийлари вакили эса БАА аҳолисини портлар, доклар ва “америкаликларнинг паноҳ жойлари”дан узоқроқ туришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ кучлари айнан шу ҳудудлардан туриб Эрон оролларига зарба берган.