Category: Ўзбекистон

  • ФАРЗАНДИНИ УКРАИНАДА НАЗОРАТСИЗ ҚОЛДИРГАН ОТА СУДЛАНДИ

    ФАРЗАНДИНИ УКРАИНАДА НАЗОРАТСИЗ ҚОЛДИРГАН ОТА СУДЛАНДИ

    Тўрт нафар фарзанднинг отаси С.Ф Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 476-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, 4.120.000 (тўрт миллион бир юз йигирма минг) сўм жаримага тортилганди.

    Бунга сабаб эса вояга етмаган фарзандини Украинада назоратсиз қолдиргани бўлди. Бефарқ ота ўғлини 30 кунлик муддат ичида ватанга қайтариши шарт бўлса-да, бу жараённи пайсалга солиб келгани аниқланди.

    Суд залида ота вояга етмаган фарзандига Украинага қариндошлари билан ишлашга жўнатганини, қайтариб олиб келишга эса пули йўқлигини рўкач қилган.

    Шундай бўлса-да, у ўғли билан ҳар куни телефон орқали кўриб, гаплашиб туришини таъкидлаб, яқин кулар ичида Ўзбекистонга қайтишидан умидворлигини билдирди.

    Суд отани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1221-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди. Ва 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ўғлининг хориждан қайтишини уйда кутади.

  • CПОРТ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЮРИСТИ КЎЧАДА ҚОЛДИ

    CПОРТ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЮРИСТИ КЎЧАДА ҚОЛДИ

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ–2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом”нинг 5-бандига кўра, юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартириш ёки уларни бошқа таркибий бўлинмаларга қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди. Спорт вазирлигининг юристи бу қарорни билади, лекин билгандан нима фойда? Вазирлик амалдаги юристни ишдан кетқизмоқчи.

    Маълум бўлишича, жорий йил январ ойида вазирликнинг юридик бўлимида штатлар ўзгартирилиб, бўлимда ишлаган бош юрисконсультлардан бири “бўлимда иш ҳажми кам” деган асос билан кадрлар бўлимига ўтказилган. Натижада бутун вазирликда фақат битта юрист қолдирилган.

    Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон қарорига мувофиқ, республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларида ходимлар сони 50–100 нафар бўлган тақдирда, у ерда камида 2 нафар юридик хизмат ходими бўлиши шарт.

    Ҳозир Спорт вазирлигининг юристи битта.  Вазирликнинг барча ҳуқуқий ишларини биргина юристга юклаш қанчалик мантиқий?

    Юрист суд ишларида иштирок этиши, шартномалар ва қарорларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши, норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиши керак.

    Бу каби катта ҳажмдаги ишларни бир нафар юрист қандай қилиб уддалаши мумкин?

    Давлат ташкилотларида айрим ходимлар раҳбариятга ёқмай қолганда, уларни ишдан четлатишнинг “қонуний йўли” сифатида тузилмани ўзгартириш, ротация ёки штатни қисқартириш амалиёти қўлланиши ҳаммага маълум.

    Агар бу ҳолатда ҳам шундай усул қўлланган бўлса, демак Спорт вазирлигида меҳнат муносабатлари, балки қонун устуворлигига жиддий путур етган. Бугун юристларнинг ўзи ҳимоясиз қолса, эртага қонун устуворлигини ким ҳимоя қилади?

  • СЕРГЕЛИ ИИБ ПРОПИСКАСИ ЙЎҚ ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИ ТУТҚУН ҚИЛДИ

    СЕРГЕЛИ ИИБ ПРОПИСКАСИ ЙЎҚ ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИ ТУТҚУН ҚИЛДИ

    Элтузарга Сергели туманидаги 3-сонли ИИБнинг ошиқча ташаббускор ходимлари томонидан 10 март куни жиноят содир этмаган талаба қизлар “вақтинчалик прописканг йўқ” деган асос билан ушлаб турилгани ҳақида шикоятлар келиб тушмоқда.

    Қонунан 22:00 дан эрталаб соат 6:00 гача жиноятчини тергов қилиш ҳам тақиқланган бир вақтда Сергели мелисалари нима сабабдан талаба қизларни тутқун қилишгани номаълум.

    «102га ёрдам сўраб қўнғироқ қилган, ҳали турмушга чиқмаган ёш талаба қизларни соат 21:00 дан 00:25гача, кетишига рухсат бермай, 3 соатдан ортиқ ИИБ биносида ушлаб турилиши – қизларга нисбатан содир этилган зулм», – дейди мурожаатчилар.

    Каримов диктатураси даврига хос прописка назорати янги Ўзбекистонда бўлмаслиги керак. Сергели ички ишлар ходимларининг бундан хабари йўқми?

  • БЛОГЕР СИРОЖИДДИН ОДИЛОВ ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ: ҲИМОЯ ҲУҚУҚИ ЧЕКЛАНДИМИ?

    БЛОГЕР СИРОЖИДДИН ОДИЛОВ ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ: ҲИМОЯ ҲУҚУҚИ ЧЕКЛАНДИМИ?

    Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани суди бир неча соат аввал Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси — товламачилик билан гумонланаётган блогер Сирожиддин Одиловга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида қарор чиқарди.

    Sirojiddin Odilov ижтимоий тармоқларда кенг танилган эди. Фаолияти давомида кўплаб мурожаатларни жамоатчиликка олиб чиққан, муаммоларни кўтарган, одамларга ёрдам берган блогер сифатида танилган.

    Маълум бўлишича, эҳтиёт чораси муҳокамасига пойтахтдан етиб келган икки нафар адвокат ордери бўлишига қарамай, суд жараёнига киритилмаган. Уларнинг ўрнига давлат томонидан тайинланган адвокат иштирок этган.

  • СУВ ТАЬМИНОТИ ХОДИМИНИ КАЛТАКЛАГАН ФУҚАРОГА ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

    СУВ ТАЬМИНОТИ ХОДИМИНИ КАЛТАКЛАГАН ФУҚАРОГА ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

    Фарғона вилоятида сув таъминоти ходимини калтаклаган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дейди Бош прокуратура матбуот хизмати.

    Маълум бўлишича, ҳодиса 9-март куни содир бўлган. Сув таъминоти ходими Сочтепа кўчасидаги хонадонлардан бирига борган. Текширув давомида инспектор рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич мавжудлигини аниқлаган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима қўлланиши маълум қилингач, хонадонда яшовчи фуқаро Фазлиддин Пардаев жанжал чиқарган.

    Жанжал пайтида Пардаев воқеа жойида бўлган ёғоч билан инспекторнинг бошига уриб жароҳат етказган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Аввалроқ тармоқларда можаро давомида инспекторнинг хизмат автомобили ҳам шикастлангани хабар қилинганди. Жабрланган ходимга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган, шунингдек, ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига хабар берилган.

  • МАСТ ОТА ОЛТИ ОЙЛИК ҚИЗИНИ ТЕЛЕФОН БИЛАН УРИБ ЎЛДИРДИ

    МАСТ ОТА ОЛТИ ОЙЛИК ҚИЗИНИ ТЕЛЕФОН БИЛАН УРИБ ЎЛДИРДИ

    Вақтинчалик ишсиз Ш.Н қўлига бир-икки сўм тушиб, шу пулни “ювмасам бўлмас” дедию, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан кафеда овқатланишга борди.

    Овқатнинг ўзи силлиқ кетмайди. Ёнига томоқни қиздирадиган яна нимадир керак, дея спиртли ичимликдан ҳам яхшигина урволди.

    Уйга қайтишда эса рулга ўтирмоқчи бўлганини кўрган хотини унга маст ҳолда машина ҳайдашига рухсат бермади. Бундан жаҳли чиққан эр ўта маст ҳолатда қўлидаги ўзига тегишли бўлган “Redmi” русумли телефон аппаратини отиб юборди. Ва ушбу телефон хотинининг қўлида бўлган 6 ойлик қизчасига келиб тегди. Қизалоқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этди.

    “Меҳрибон” ота Ш.Н Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 102-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

    Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Сизнинг-ча, бу адолатли қарорми?

  • МОЛБОҚАРНИ ГЎРГА ТИҚҚАН ҲАЙДОВЧИМИ Ё ҚОРАМОЛ?

    МОЛБОҚАРНИ ГЎРГА ТИҚҚАН ҲАЙДОВЧИМИ Ё ҚОРАМОЛ?

    МОЛБОҚАРНИ ГЎРГА ТИҚҚАН ҲАЙДОВЧИМИ Ё ҚОРАМОЛ?

    Бағдодлик Б.Ҳ бошқарувидаги давлат белгили “Nexia”сига уланган тиркамаси билан кетаётганди.

    Бу пайтда эса йўлнинг унга нисбатан ўнг томон четида Х.О қорамол етаклаб келаётганди. Воқеа гўзал якун топиши мумкин эди. Агар бахтсиз ҳодиса юз бермаганида.

    Х.О.ни қорамол автомобиль қатнов қисмига тортиб, қатнов йўлига чиқариб юбориши натижасида у автомашина орқа тиркамаси ўнг бурчагига урилиб, тан жароҳати олади.

    Ҳайдовчи эса жабрланувчини хавфли аҳволга солганига қарамай, унга ёрдам бериш ўрнига ҳодиса жойидан қочиб кетади. Натижада Х.О.а нисбатан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан у шифохонада вафот этди.

    Қочқоқ ҳайдовчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 117-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

    Унга нисбатан иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

    Молбоқар гўрда, қорамол оғилхонада, ҳайдовчи эса иссиққина уйида…

  • АНДИЖОННИНГ ЯНГИ БОЗОРИ АТРОФИДАГИ ЙЎЛЛАРНИ КИМ ЁПИБ ҚЎЙДИ

    АНДИЖОННИНГ ЯНГИ БОЗОРИ АТРОФИДАГИ ЙЎЛЛАРНИ КИМ ЁПИБ ҚЎЙДИ

    Андижон шаҳри Мангулик кўчасида яшовчи фуқаролар Элтузарга мурожаат йўллаб, Янги бозор атрофидаги йўллар билан боғлиқ муаммога эътибор қаратишни сўрамоқда.

    Мурожаатда таъкидланишича, бир йилдан ортиқ вақт давомида Дилшер исмли шахс ва унинг 5–6 нафар шериклари Янги бозор атрофидаги бир-бирига туташ йўлларни ёпиб, улардан пуллик автотураргоҳ сифатида фойдаланиб келмоқда. Бу эса маҳалла аҳолиси ва ҳайдовчилар учун қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётгани айтилган.

    Фуқароларнинг билдиришича, мазкур йўллар аввалдан маҳалла аҳолиси томонидан умумий фойдаланиб келинган ҳудуд ҳисобланади. Шу сабабли улар ушбу йўлларни очиб, аҳоли фойдаланишига қайтарилишини сўрамоқда.

    Мурожаат муаллифи ўз сўзларида у мазкур маҳаллада 1946 йилдан буён истиқомат қилиб келаётганини ва бундай ҳолатни аввал кузатмаганини таъкидлаган.

    Андижон вилояти ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновдан муносабат кутамиз.

  • БУХОРО ПОЛИКЛИНИКАСИДА ТОМЧИ УКОЛ ҚИЛИШ НАРХИ ҚАНЧА?

    Бухоро шаҳар 5 кичик ноҳия аҳолиси Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 5 оилавий поликлиникаси кундузги бўлим шифокори Мажидова Заринадан норози.

    Шикоятда таъкидланишича, Мажидова Зарина ҳар бир улаган томчи уколи, қилган муолажалари учун аҳолидан пул олиб таъмагирлик қилиб келади. Баъзида келтирилган қиммат укол ампулаларни ҳамасини ҳам системага узатмай ўзининг манфаатлари йўлида ишлатиб юбориши ҳам қайд этилмоқда.

    Бу аҳоли шикоятига унча ўхшамайди аслида. Ходимлардан бирортаси ёзган кляузани эслатяпти. Лекин айбловлар жиддий бўлгани сабаб Элтуз масалани оммага тақдим этмоқда:

    «Мажидова Зарина бош шифокор ҳам менга индай олмайди ва вилоят ССБда танкаларим бор дея таҳдид қилади. У кундузги бўлимни ўзининг хусусий клиникасидек қилиб олган. Билим даражасику жуда паст. Минг афсуски назарий билимлари мутлақо бугунги кун талабларига ҳам жавоб бермайди. Мажидова Заринани билим даражасини текшириш учун Аргос тестидан ва клиник аттестациядан қайта ўтказиб текшириш зарур, зеро халқ соғлиги фақат пулга ихлос қиладиган чала шифокор қўлида қолмаслиги зарур!» – дейди унинг ҳамкасблари.

    Шикоят мазмунида жон борми ёки гадонинг душмани гадо бўладими? Буни масъуллар текшириб аниқлик киритишини сўраймиз.

  • ТОШКЕНТ УЙ БОЗОРИ ҚИЗИБ КЕТДИМИ?

    ТОШКЕНТ УЙ БОЗОРИ ҚИЗИБ КЕТДИМИ?

    Сўнгги йилларда Тошкентнинг кўчмас мулк бозори жадал ўсмоқда. Янги турар-жой мажмуалари қурилиши, ипотека дастурлари ва шаҳарга бўлган миграция уй-жойга талабни кескин оширди. Ҳозир пойтахтда 1м² нархи 1000—1200 АҚШ доллари атрофида. Отточенто ремонт қилинган, масжидга яқин квартиралар нархи квадратига 1500 доллардан бошланиши мумкин. Умуман олганда ҳожака маклерлар «суннатига келишилинадиган» жойлари бор дея тилини жингалак қилишни одат айлашган.

    Нархлар ўсиши бир неча омиллар билан боғлиқ. Тошкент мамлакатнинг иқтисодий ва таълим маркази бўлгани учун ҳар йили минглаб одамлар бу ерга кўчиб келади. Бу эса уй-жойга бўлган талабни доимий равишда ошириб боради. Бундан ташқари, кўчмас мулк кўпчилик учун ишончли инвестиция воситасига айланган. Инфляция шароитида одамлар ўз жамғармаларини сақлаб қолиш учун квартира харид қилишни афзал кўришмоқда.

    Мутахассислар фикрича, яқин йилларда Тошкентда кўчмас мулк бозори кескин инқирозга учраши эҳтимоли паст. Аксинча, юқори ўсишдан кейин бозор аста-секин барқарорлашиши мумкин.

    Агар қурилиш ҳажми юқори даражада сақланса ва ипотека шартлари қаттиқлашса, Янги Ҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида нархлар қисман пасайиши ҳам мумкин. Инвестиция деб устма-уст уй кўпайтирадиган бойларни чекловчи чораларни йўлга қўйиш зарур. Бир кишида икки-уч дона уй бўлса, солиқлар ва коммунал тўловлар қимматлаштирилиши керак. Ижарачилар учун махсус лойиҳалар асосида давлат бошчилигида хонадонлар тақдим этиш, хусусий ижара бозорини назоратга олиш шарт.

    Ҳозирги пайтда уй бозори аста-секин барқарорлашиш босқичига ўтаётгандек кўриняпти. Юқоридаги чоралар ўз вақтида кўрилса келгуси йилларда ҳам нархлар кескин ўзгармасдан, мувозанатли ва секин ўсиш динамикасига эга бўлади.