Фарғона давлат университети фаолияти юзасидан Элтузарга келиб тушган мурожаатда олийгоҳда илмий ишлар тайёрлаш ва ҳимоя жараёнлари билан боғлиқ жиддий қоидабузарликлар мавжудлиги ҳақида иддаолар билдирилган. Мурожаат муаллифига кўра, университетда айрим илмий ишлар очиқдан-очиқ “сотилаётган”, уларнинг катта қисми эса плагиат, яъни кўчирмачилик асосида тайёрланаётган бўлиши мумкин.
Мурожаатда таъкидланишича, айрим ўқитувчилар ва тадқиқотчилар бу ҳолатлардан норози бўлса-да, масала очиқ кўтарилмаяпти. Шунингдек, университет раҳбарияти томонидан илмий салоҳиятни ошириш бўйича босим кучайгани, бироқ барча ходимлар учун тенг имконият ва шароит яратилмаётгани айтилган.
Мурожаат муаллифи айрим шахслар учун илмий кенгаш ва ҳимоя жараёнлари енгиллаштирилгани, бошқа тадқиқотчилар учун эса сунъий тўсиқлар ва кутиш ҳолатлари юзага келаётганини даъво қилган. Унинг ёзишича, ҳақиқий илмий ишлар ойлаб кўриб чиқилмасдан қолиб кетаётган бир пайтда, сохта ва шубҳали диссертациялар тезлаштирилган тарзда ўтказилмоқда.
Иддаоларда яна шу ҳам қайд этилганки, айрим ҳужжатлар, жумладан кафедра муҳокамаси баённомалари, далолатномалар ва жорий этишга оид материаллар расмий тартибда эмас, балки бир жойда тайёрланаётган бўлиши мумкин. Мурожаатда бу жараёнлар “Фалсафа” кафедраси мисолида алоҳида тилга олинган.
Шу билан бирга, муаллиф коррупцияга қарши курашишга масъул тузилмалар ва назорат органлари ҳам бундай мурожаатларга етарлича эътибор қаратмаётганини билдирган. Унинг фикрича, бу ҳолат университетда сохта диссертациялар ва ноқонуний илмий амалиётлар илдиз отишига шароит яратмоқда.
Мурожаатда келтирилган барча иддаолар расман тасдиқланмаган. Шу боис, мазкур ҳолатлар юзасидан ваколатли идоралар, Олий аттестация комиссияси ва тегишли назорат органлари томонидан холис ва шаффоф текширув ўтказилиши, айбдорлар аниқланса, қонуний чора кўрилиши жамоатчилик учун муҳим аҳамият касб этади.









