Tag: Хабар

  • ФИРИБГАР ЎҚИТУВЧИ ПОРА БИЛАН УШЛАНДИ

    ФИРИБГАР ЎҚИТУВЧИ ПОРА БИЛАН УШЛАНДИ

    Ф.Хайруллаева “Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми”да инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб келган.

    У таълим муассасасига қабул қилиш бўйича ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган.

    Шунга қарамай, у фуқаро Л.Фаттоҳовага таниш мансабдорлар орқали техникумга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.

    Бу хизмат учун мансабдор шахсга пора бериш баҳонасида 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

    Белгиланган пулни олган вақтида у ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

    Судда айбланувчи пулга эҳтиёжи бўлгани учун жиноятга қўл урганини айтиб, пушаймонлик билдирган.

    Қоровулбозор туман суди уни ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 45-моддаси асосида 1 йил 6 ойга таълим тизими ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

    Шунингдек, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

    Бундан ташқари, ЖКнинг 28,211-моддаси 1-қисмига мувофиқ, яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

  • ҚОРОВУЛХОНАНИ ИСЛОВАТХОНАГА АЙЛАНТИРГАН ҚОРОВУЛ

    ҚОРОВУЛХОНАНИ ИСЛОВАТХОНАГА АЙЛАНТИРГАН ҚОРОВУЛ

    Каттақўрғонлик Д.Шодмонов ўзи ишлаб келаётган автотураргоҳ қоровулхонасини фоҳишахонага айлантириб, тезкор тадбирга жалб қилинган фуқаролардан 450 000 сўм эвазига шароит яратиб бераётганида қўлга тушди.

    Қоровулнинг айтишича, 1 ой олдин бир ошхонада Баҳор исмли аёл билан танишиб қолган. Бу воқеадан кейин улар бир неча марта телефонда суҳбатлашишган. Тезкор тадбир амалга оширилган кун Баҳор телефон қилиб, қоровулдан ярим соатга бир алоҳида хона кераклигини, ўзи билан бирга яхши кўрган йигитини олиб келишини айтган.

    Қоровул эса ўз навбатида хонани ижарага бериш 450 000 сўм бўлишини билдирган. Йигит ва қиз белгиланган вақтда келиб, сўралган пулни тақдим этган. “Қўшимча даромад”дан кайфияти тоғдек кўтарилган қоровул “ошиқ-маъшуқлар”ни ёлғиз қолдириб, қоровулхонани тарк этиши билан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари етиб келган.

    Д.Шодмонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми билан 1 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Қоровулхонасидан чиқмай ўтираверади.

  • ШОВОТДАГИ ДАВЛАТ МАРКАЗИДА ҚЎРҚУВ, ПУЛ ЙИҒИМЛАРИ ВА ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР

    ШОВОТДАГИ ДАВЛАТ МАРКАЗИДА ҚЎРҚУВ, ПУЛ ЙИҒИМЛАРИ ВА ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР

    Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – номи улуғ, амали эса мутлақо ноинсоний бўлган муассасага айланиб қолгани ҳақида айни марказ ходимлари оғир даъволарни илгари сурмоқда. Давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритадиган ушбу марказда инсон қадр-қиммати “бир тийинга ҳам олинмаслиги” айтилмоқда.

    Элтузга келиб тушган мурожаатларда билдирилишича, марказда нормал иш режими деган тушунча деярли йўқ. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун мажбурий мажлис. Ходимлар айтишича, иш қилишга вақт қолмайди, бутун кун йиғилиш билан ўтади. Расман иш вақти соат 18:00 да тугаса-да, амалда ходимлар 21:00–22:00 гача ушлаб қолинади. Белгиланган вақтда уйига кетган ходим эса “марказ душмани”га айланиб, навбатдаги мажлисларда омма олдида изза қилинади.

    Марказ раҳбари ҳақидаги даъволар ҳам ўта жиддий. Ходимлар уни раҳбарлик салоҳияти йўқ, соҳага оид оддий саволларга жавоб бера олмайдиган шахс сифатида таърифламоқда. Айтилишича, раҳбар ўз саводсизлигини яшириш учун юқори турувчи бошқарма бошлиғига ёқиш мақсадида ходимлар чўнтагидан пул йиғиб, турли “совға-салом”лар бериб келади. Ҳатто бошқарма бошлиғининг туғилган куни баҳонасида икки йилдан бери мунтазам пул йиғилгани айтилмоқда.

    Яна бир даъво жамоатчиликни ларзага солади: бошқарма бошлиғининг туманга келиб-кетиши ходимларга ўртача 2 миллион сўмга тушар экан. Бу маблағлар ҳам марказ ва ижтимоий ходимлардан мажбурий тарзда йиғиб олинади.

    Энг оғир айбловлар етим болалар учун ажратиладиган уй-жойлар билан боғлиқ. Мурожаатларда келтирилишича, уйлар расман 115 миллион сўмга расмийлаштирилади, амалда эса уй эгаси билан 100 миллионга келишилади. Қолган 15 миллион сўм нақд пул сифатида қайтариб олинади. Бу ишлар билан марказдаги вояга етмаганлар бўлими раҳбарияти шуғулланиши айтилмоқда.

    Марказда пул йиғимлари тўхтамайди. Ходимларнинг ойлигининг тахминан учдан бир қисми турли “йиғим”ларга кетиши айтилмоқда. Бундан ташқари, Баҳром исмли шахс ҳақида ҳам қаттиқ шикоятлар бор. У қўлидаги кичик ваколатдан фойдаланиб, ижтимоий ходимларга босим ўтказиши, уларни ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши айтилади. Унинг асосий “иши” Telegram ва YouTube кузатиб, ким топшириққа муносабат билдиргани ёки билдирмаганини текшириш экан. Каналда хабарни ўқиб, фикр қолдирмаган ходим навбатдаги таъқиб объектига айланади.

    Натижада, Шовот туманидаги “Инсон” марказида ходимлар ишга ихтиёрий равишда эмас, қўрқув билан бориши айтилмоқда. Мурожаат муаллифларига кўра, агар бошқа жойдан иш топилса, ходимларнинг камида 99 фоизи дарҳол ариза ёзиб кетишга тайёр.

  • ВАЛЮТА ОЛИБ-СОТАРИ ЯНА “ҚЎЛГА ТУШДИ”

    ВАЛЮТА ОЛИБ-СОТАРИ ЯНА “ҚЎЛГА ТУШДИ”

    Самарқандлик Н.Рўзиқулов учун валюта олди-сотдиси оддий иш эмас, балки гўё “ҳаёт тарзи”га айланиб қолган кўринади. У аввал ҳам қонунни унутиб қўйган, кейин судни ҳам унутиб қўйган, энг қизиғи, хулоса чиқаришни эса умуман эсидан чиқарган.

    Маълум бўлишича, у 2025 йил 24 июль куни валюта билан қонунга хилоф шуғуллангани учун 5 сутка маъмурий қамоқда “дам олиб” чиққан. Лекин бу қисқа “таътил” унга сабоқ бўлмаган.

    Натижада, 2025 йил 18 ноябрь куни у яна иш бошлаб, фуқаро М.Икрамовадан 100 АҚШ долларини 1 190 000 сўмга сотиб олган. Аммо бу сафар ҳам омад кулмаган: тезкор ходимлар “валюта операцияси”ни жойида тўхтатишди.

    Текширув давомида Н.Рузиқуловнинг ёнидан яна 500 АҚШ доллари чиқиб, улар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Қисқаси, “захира” ҳам бор экан.

    Суд эса бу сафар ҳазиллашмади. Н.Рузиқулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 57-модда қўлланилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари — 14 миллион 420 минг сўм жарима тўлашга ҳукм қилинди.

    Қиссадан ҳисса шуки, валютада фойда бор, лекин қонунни четлаб ўтсам, деган фикр жуда қимматга тушади.

  • ҚИЗИЛТЕПАДА “ЭЧКИ ИСЛОҲОТИ”

    ҚИЗИЛТЕПАДА “ЭЧКИ ИСЛОҲОТИ”

    Қизилтепа туманида жойлашган Аму-Бухоро Машина Каналида янги йилдан “қишлоқ хўжалиги инқилоби” бошланди. Маълум бўлишича, Машина Каналининг биринчи ўринбосари Анвар Нарзиев жорий йилдан бошлаб ҳар бир ишчи-хизматчидан “ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш” баҳонасида бир бош буғоз эчки сотиб олиб, ишхона балансига топширишни талаб қилмоқда. Раҳбарнинг айтишича, бу “вазирлик топшириғи” экан.

    Ишчилар эса янги ташаббусдан ҳаяжонда: ойлик маош 2 миллион 500 минг сўм, бозордаги бир бош эчки эса 1 миллион 500 минг сўм. Қолган пулга нима қилиш керак – сув ичиб яшашми ёки эчки билан бирга ишхонада ётиб қолишми – ҳозирча аниқ эмас.

    Айрим ходимлар “агар кейин сигир, қўй ва туя ҳам қўшилса, канал эмас, тўлиқ ферма бўламиз”, деб ҳазил қилмоқда.

    Ишчилар вазирликдан зудлик билан текширув ўтказиб, “эскича фикрлайдиган, ишчиларни сув хўжалигидан чорва хўжалигига ўтказмоқчи бўлаётган” раҳбарлардан қутқаришни талаб қилмоқда.

    Акс ҳолда, яқин орада канал ёнида “Аму–Бухоро эчки комбинати” очилиб қолиши ҳам мумкин.