Category: Ўзбекистон

  • ВАЛЮТА ОЛИБ-СОТАРИ ЯНА “ҚЎЛГА ТУШДИ”

    ВАЛЮТА ОЛИБ-СОТАРИ ЯНА “ҚЎЛГА ТУШДИ”

    Самарқандлик Н.Рўзиқулов учун валюта олди-сотдиси оддий иш эмас, балки гўё “ҳаёт тарзи”га айланиб қолган кўринади. У аввал ҳам қонунни унутиб қўйган, кейин судни ҳам унутиб қўйган, энг қизиғи, хулоса чиқаришни эса умуман эсидан чиқарган.

    Маълум бўлишича, у 2025 йил 24 июль куни валюта билан қонунга хилоф шуғуллангани учун 5 сутка маъмурий қамоқда “дам олиб” чиққан. Лекин бу қисқа “таътил” унга сабоқ бўлмаган.

    Натижада, 2025 йил 18 ноябрь куни у яна иш бошлаб, фуқаро М.Икрамовадан 100 АҚШ долларини 1 190 000 сўмга сотиб олган. Аммо бу сафар ҳам омад кулмаган: тезкор ходимлар “валюта операцияси”ни жойида тўхтатишди.

    Текширув давомида Н.Рузиқуловнинг ёнидан яна 500 АҚШ доллари чиқиб, улар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Қисқаси, “захира” ҳам бор экан.

    Суд эса бу сафар ҳазиллашмади. Н.Рузиқулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 57-модда қўлланилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари — 14 миллион 420 минг сўм жарима тўлашга ҳукм қилинди.

    Қиссадан ҳисса шуки, валютада фойда бор, лекин қонунни четлаб ўтсам, деган фикр жуда қимматга тушади.

  • ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ҚИСМАТИГА АРЗОН МАШИНА ОЛИШ ЁЗИЛГАНМИ?

    ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ҚИСМАТИГА АРЗОН МАШИНА ОЛИШ ЁЗИЛГАНМИ?

    Сўнгги йилларда Ўзбекистон автомобиль бозори фаоллашгани кузатилмоқда. 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида 379 мингдан ортиқ автомобиль сотилгани бунга яққол мисол. Бир қарашда бу рақам бозорда имкониятлар кенгайганини англатгандек туюлади. Аммо рақамлар ортидаги манзара бунчалик ижобий эмас.

    Сотув ҳажмларининг асосий қисми арзон сегментга тўғри келяпти. Энг кўп харид қилинаётган моделлар – маҳаллий ишлаб чиқарилган ва техник жиҳатдан содда машиналар. Замонавий ва қимматроқ моделларга қизиқиш бор, аммо у оммавий тус олгани йўқ. Бу ҳолат фуқароларнинг танлови кенглигидан эмас, харид имконияти чекланганидан далолат беради.

    Очиқ маълумотларга кўра, харидорларнинг тахминан 75 фоизи маҳаллий арзон автомобилларни танламоқда. Бу рақам бозор эркин рақобат асосида шаклланган танловни эмас, иқтисодий мажбуриятни акс эттиради.

    Нега маҳаллий арзон машиналар устун?

    Биринчи омил – нарх. Аҳоли даромадлари қиммат автомобил харид қилиш учун етарли эмас. Иккинчи омил – хизмат кўрсатиш инфратузилмаси. Маҳаллий ишлаб чиқарилган машиналар учун эҳтиёт қисмлар осон топилади, таъмирлаш хизматлари нисбатан арзон. Бу эса узоқ муддатли харажатларни ҳисоблайдиган истеъмолчи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

    Бироқ бозорда фаоллик бўлишига қарамай, автомобиль сотиб олиш жараёни ҳануз мураккаб. Машина танлаш, расмийлаштириш, навбатлар ва ҳужжатлар бир неча соатда ҳал бўладиган масала эмас. Бу жараён кўпинча бир кундан ортиқ вақтни олади.

    Кредит сиёсати – бозорни чекловчи омил

    Автомобиль харидида кредитнинг ўрни катта, аммо амалда у осон ечим эмас. Фоиз ставкалари юқори, шартлар эса аниқ ва барқарор эмас. Бу ҳолат кўпчиликни кредитдан воз кечишга ёки имконияти етган энг арзон вариантни танлашга мажбур қилади.

    Чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобилларнинг нархи импорт билан боғлиқ юқори божхона тўловлари ва солиқлар сабаб кескин ошади. Япония, Корея ёки Европа ишлаб чиқарувчиларининг машиналари нархи маҳаллий бозорда аҳоли даромадларига мутаносиб эмас.

    Бундан ташқари, импорт жараёнининг ўзи ҳам мураккаб. Узоқ кутиш муддатлари, норасмий чекловлар ва маъмурий тўсиқлар машиналарни олиб киришни қийинлаштиради. Натижада, ҳатто импорт қилинган автомобилларга нисбатан ҳам ишонч паст.

    Автомобиллашув даражаси нимани кўрсатади?

    Ўзбекистонда автомобил кўпинча нафақат ҳаракат воситаси, балки кундалик эҳтиёж ва даромад манбаи ҳисобланади. Шунга қарамай, автомобиллашув даражаси ҳануз паст. 2023 йилда ҳар 1 000 кишига 100 тадан сал кўпроқ автомобиль тўғри келган. Бу кўрсаткич аҳоли эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаётганини кўрсатади.

    Ўзбекистонда фуқароларнинг арзон автомобиль танлаши эркин бозор натижаси эмас. Бу – чекланган даромадлар, юқори божхона тўловлари, қиммат кредитлар, заиф рақобат ва импортдаги тўсиқлар йиғиндиси.

    Мавжуд шароитда аҳоли кундалик эҳтиёжга жавоб берадиган, техник жиҳатдан оддий ва нисбатан арзон машиналарни танлашга мажбур. Бозор ҳақиқий танлов майдонига айланиши учун эса фақат сотув ҳажмларининг ўсиши эмас, харид имкониятларининг ҳам кенгайиши талаб этилади.

  • ҚИЗИЛТЕПАДА “ЭЧКИ ИСЛОҲОТИ”

    ҚИЗИЛТЕПАДА “ЭЧКИ ИСЛОҲОТИ”

    Қизилтепа туманида жойлашган Аму-Бухоро Машина Каналида янги йилдан “қишлоқ хўжалиги инқилоби” бошланди. Маълум бўлишича, Машина Каналининг биринчи ўринбосари Анвар Нарзиев жорий йилдан бошлаб ҳар бир ишчи-хизматчидан “ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш” баҳонасида бир бош буғоз эчки сотиб олиб, ишхона балансига топширишни талаб қилмоқда. Раҳбарнинг айтишича, бу “вазирлик топшириғи” экан.

    Ишчилар эса янги ташаббусдан ҳаяжонда: ойлик маош 2 миллион 500 минг сўм, бозордаги бир бош эчки эса 1 миллион 500 минг сўм. Қолган пулга нима қилиш керак – сув ичиб яшашми ёки эчки билан бирга ишхонада ётиб қолишми – ҳозирча аниқ эмас.

    Айрим ходимлар “агар кейин сигир, қўй ва туя ҳам қўшилса, канал эмас, тўлиқ ферма бўламиз”, деб ҳазил қилмоқда.

    Ишчилар вазирликдан зудлик билан текширув ўтказиб, “эскича фикрлайдиган, ишчиларни сув хўжалигидан чорва хўжалигига ўтказмоқчи бўлаётган” раҳбарлардан қутқаришни талаб қилмоқда.

    Акс ҳолда, яқин орада канал ёнида “Аму–Бухоро эчки комбинати” очилиб қолиши ҳам мумкин.

  • ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОРОВУЛДАН ТОРТИБ ВАЗИРГАЧА ПОРА ОЛАДИ. НЕГА?

    ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОРОВУЛДАН ТОРТИБ ВАЗИРГАЧА ПОРА ОЛАДИ. НЕГА?

    “Қоровулдан вазиргача ҳамма пора олади” деган ёзувимизни ўқиган Элтуз обуначиси аввал аччиқ кулиб қўяди, кейин айни лаҳзадаёқ бу гапни унутади.

    Аслида бу ибора ҳазил эмас, жамиятда шаклланиб бўлган ички хулосанинг овози. Азиз ўқувчи! Сиз пора олмаган бўлишингиз мумкин, лекин тизимга ишонмайсиз! Гапим тўғрия?!

    Аслида энг хавфли жой ҳам шу ерда. Коррупция фақат пора олган амалдор билан эмас, унга ишонмай қўйган жамият билан тирик қолади.

    Порахўрликни одатда шахсга боғлашади. Абдулла Арипов роса порахўр, алоқага вазири бўлганида ҳам роса оларди, бош вазир бўлганидан кейин аввалгидан ҳам кўпроқ пора оляпти, дейишади. Фалончи ёмон экан, пистончи очкўз экан, ана шунинг учун пора олган дейишади…

    Лекин ўша Элтуздан нафратланадиган бош вазир Абдулла Ариповни бошқа тизимга қўйиб кўринг. Агар у ерда қарорлар очиқ бўлса, Абдулла Арипов ҳар бир имзосининг нархи эмас, жавобгарлиги борлигини ҳис қилса, унинг ҳар бир қадами назорат қилинишини кўрса, ундаги “очкўзлик” ўрнини “қўрқув” эгаллайди. Демак, муаммо инсонда эмас, инсонни шакллантираётган муҳитда. Абдулла Ариповга порани ким беради? Сиз ва биз эмасми?

    Ўзбекистонда пора олиш ва бериш нега барқарор? Чунки у хавфли жиноятлар сирасига кирмайди. Ҳисоб-китоб қилиб бўладиган риск.

    Бир вазир ёки, айтайлик, порахўрлиги билан ном чиқарган бир вилоят ҳокими олсам оламан, ушлансам чиқиб кетаман, чиқмасам ҳам бир неча йилдан кейин яна қайтаман, деб расчёт қилади.

    Шу ҳисоб-китоб бор экан, қонун қанчалик қаттиқ ёзилмасин, улар декларатив бўлиб қолаверади. Порахўрлик йўқолиши учун одам “олсам нима бўлади?” деб эмас, “олсам албатта қамаламан, етти авлодим шарманда бўлади” деб ўйлаши керак. Жазо муқаррар бўлмаган жойда жойда адолат ҳам бўлмайди.

    Лекин фақат жазо билан иш битмайди. Чунки пора кўп ҳолда хоҳишдан эмас, мажбуриятдан туғилади.

    Вазирлар ёки йирик бизнесменлар пора беришни яхши кўргани учун эмас, бошқа йўли қолмагани учун Абдулла Ариповга пора беради. Агар битта имзо учун кабминдаги ўнта эшик қоқиш керак бўлса, агар қонун аниқ бўлса-да, амалга ошиши мансабдорнинг кайфиятига боғлиқ бўлса, у ерда пора табиий равишда пайдо бўлади.

    Бу ерда гап ахлоқ ҳақида эмас, архитектура ҳақида кетяпти. Нотўғри қурилган тизим одамни ҳам нотўғри ҳаракатга мажбур қилади.

    Шунинг учун айрим давлатлар коррупцияга қарши курашни маъруза билан эмас, муҳитни ўзгартириш билан бошлашади.

    Грузияда бир пайтлар йўл-патруль хизмати пора билан танилган эди. Саакашвили мамлакат бўйлаб маънавият дарсини кўпайтирмади, одамларга кўчага плакат илиб чиқинглар, демади.

    Саакашвили шунчаки тизимни парчалади. Кераксиз ГАИ постларини йўқ қилди, хизматларни соддалаштирди, одам билан одам ўртасидаги контактни минимал даражага етказди. Натижада пора олиш учун на фурсат, на манфаат қолди. Коррупция йўқолмади, у маъносиз бўлиб қолди.

    Сингапурда эса бошқа йўл танланди. Давлат хизматчиси яхши маош олади, лекин у сарфлаган ҳар бир доллари учун ҳисобот беради. Сингапурда мансаб бойиш имконияти эмас, катта риск.

    Одамлар қонундан қўрқиб эмас, шармандаликдан қўрқиб ишлайди. Чунки Сингапурда фош бўлиш нафақат ишдан кетиш, балки бутун умрга шарманда бўлиш дегани.

    Ўзбекистонда эса бошқача манзара. Пора билан ушланган одам бир неча йилдан кейин радарда яна пайдо бўлади. Одамлар уни кўриб “барибир қайтибди-ку” дейди.

    Шу лаҳзанинг ўзида давлат бир кишини эмас, минглаб одамларни йўқотади. Чунки адолатга ишонч яна бир бор синган бўлади. Коррупцияни йўқ қилишда энг қийин нарса ҳам шу – ишончни тиклаш.

    Яна бир оғриқли ҳақиқат бор. Коррупция фақат юқорида эмас. У пастда ҳам яшайди. Кичик пора катта порахўрликка замин яратади. “Майда-ку” деган ҳар бир ҳаракат тизимни емириб боради.

    Шунинг учун бу муаммони фақат давлат ҳал қилади, деб ўйлаш – хато. Жамиятнинг ўзи ҳам танлов қилади. Осон йўлни танлайдими ёки тўғри йўлни. Қисқа муддатли фойдани афзал кўрадими ёки узоқ муддатли адолатни.

    Порахўрликни йўқ қилиш – бу бир кампания эмас, бу узоқ, оғриқли жараён. Унда кимдир ютқазади, кимдир норози бўлади. Лекин бошқа йўл йўқ. Ё тизим одамни бузади, ёки одам тизимни тузатади. Ўрта йўл бўлмайди. Шуни англаган жамиятгина “қоровулдан вазиргача” деган гапни ҳазил учун эмас, ўтмишни эслаш учун айтадиган бўлади.