Author: eltuzarmedia

  • ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ТОП УНИВЕРСИТЕТЛАРДА ЎЙНАБ КЕЛАЁТГАН МУЛОЗИМЛАР ИҚТИСОДГА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?

    ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ТОП УНИВЕРСИТЕТЛАРДА ЎЙНАБ КЕЛАЁТГАН МУЛОЗИМЛАР ИҚТИСОДГА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?

    Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев АҚШнинг Stanford университети қисқа курсларида ўқиб, буни меинстрим рекламага айлантиргани сир эмас.

    Саъдуллаев ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда бу ўқишини фавқулодда қаҳрамонлик, жуда машаққатли уринишлар натижаси каби тақдим этади. Хуллас, ўз шахсиятини шу зайлда эпик реклама қилиш урфга кирди.

    Энди яна бир АҚШнинг нуфузли ва жуда қиммат Mid-Career Master in Public дастурига Дилноза Каттахонова кетмоқда. У бу ҳақида ўз саҳифасида эълон қилди. Каттахонованинг ўқиш ҳаражатлари Ўзбекистон бюджетидан қопланади.

    Хўш, солиқ тўловчилар бундай курс учун пул тўлаши тўғрими? Ахир амалдаги кўплаб давлат амалдорларининг ойлик маоши бундай элит университетларда ўқиш харажатларини қоплашга етарли эмаслиги ҳаммага аёнку?

    Ушбу дастурда ўқиш, академик йиғимлар ва яшаш харажатлари билан бирга, тахминан 100 минг доллар атрофига бориши мумкин.

    Албатта, айримлар бундай таълимни давлат бошқаруви сифатини яхшилашга қаратилган инвестиция сифатида баҳолайди. Лекин бундай ҳолатларда табиий саволлар туғилади: танлов жараёни қай даражада шаффоф бўлган? Ўқиш учун ажратилган маблағлар қайси манбадан ва қанча миқдорда экани очиқланганми?

    Агар амалдорларнинг бу каби қиммат ўқишлари солиқчилар томонидан қопланаётган экан, жамоатчилик учун энг муҳим масала – шаффофлик ва ҳисобдорлик бўлади. Натижаларни қачон кўрамиз? Кўрамизми ўзи?

  • ФАРЗАНДИНИ ХОРИЖДА ҚАРОВСИЗ ҚОЛДИРГАН ОТА

    ФАРЗАНДИНИ ХОРИЖДА ҚАРОВСИЗ ҚОЛДИРГАН ОТА

    Беш нафар фарзанднинг отаси Ф.Р  Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 476-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга баъзавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, яъни 4.120.000 (тўрт миллион бир юз йигирма минг) сўм жарима жазоси тайинланди.

    Ҳамда ўттиз кун ичида  вояга етмаган фарзанди Д.Э. ни Туркиядан Ўзбекистон Республикасига қайтариш мажбурияти юклатилган бўлишига қарамасдан,  ҳалигача фарзанд ота-она назоратисиз хорижда экани маълум бўлди.

    “Бечора ота оилавий шароити оғирлиги сабабли вояга етмаган ўғлини ишлаб пул топиш мақсадида Туркияга юборган. Ва боласи жўнатаётган пулга кун кўриб келаётганди. ИИБ ходимлари шуни ҳам кўп кўрди.

    Ота  бўлмиш Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1221-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унинг озодлиги  2 (икки) йилга чекланди. Ота уйда, фарзанд Туркиядан қачондир қайтади.

    .

  • ИСТЕЪДОДЛАР ИССИҚХОНАДА ЯШАМАЙДИ

    ИСТЕЪДОДЛАР ИССИҚХОНАДА ЯШАМАЙДИ

    Тўртта сўзни улаб сал-пал равон гапирган ёшлар истеъдодли деб тамғаланадиган даврда яшаяпмиз. Катта ваъдалар бера олган, ишонч билан хушомад қўёлган ҳамма иқтидорли деб аталадиган тузумда яшаяпмиз.

    Олимпиадада чемпион бўлганларга давлат қулоч-қулоч совға, мукофот беради. Асли бу бизнеснинг вазифаси. Бозор шароитида тадбиркорлар ўз маҳсулотини реклама қилиш учун машҳур спортчи ёшларни чақириши, истеъдодларни ёллаши керак.

    Масалан, Португалия ҳукумати Англия лигасида илк маротаба иштирок этган Криштиану Роналдуга бош-оёқ сарпо, Лиссабон ситидан уй бермаган. Роналду ўз йўлини топиб қимматбаҳо легионерга айланди. Аслида истеъдодли одамни ортиқча эркалаш хато. У оддий одамлардан кучлироқ ва курашувчанроқ бўлганида истеъдоди тўла юзага чиқади.

    Шундай экан, тўртта китоб ўқиган жиблажибонларни мошин билан сийлаш, олимпиада ғолибларига қатор-қатор сарпо қилиш анъанасига стоп дейлик. Таъмагирлик бора-бора бор истеъдодни ҳам ўлдиришини спортчилар, Зулфиячилар юзлаб маротаба исботлашди.

    Мукофотлар табиий бозор шароитидан келиб чиқиши – реклама шартномалари кўринишига ўтиши шарт. Бюджет пулларини қўшимча қиймат яратадиган соҳаларга сарфлаш зарур.

  • РОССИЯ СИЁСИЙ ҚОТИЛЛИКЛАР ВА ТЕРАКТЛАР УЧУН ЎТА МАХФИЙ ТУЗИЛМА ЯРАТДИ

    РОССИЯ СИЁСИЙ ҚОТИЛЛИКЛАР ВА ТЕРАКТЛАР УЧУН ЎТА МАХФИЙ ТУЗИЛМА ЯРАТДИ

    Россия Қуролли кучлари Бош штабида янги махфий бўлинма – 795-марказ ташкил этилган бўлиб, у хориждаги операциялар, жумладан, оппозиция вакилларини ўғирлаш ва ўлдириш билан шуғулланади.

    The Insider суриштирувига кўра, ушбу тузилма 2022 йил декабрида ташкил этилган бўлиб, у ГРУ, ФСБ, ФСО ва Беларусь КГБсининг қарийб 500 нафар офицеридан иборат. Марказ Бош штабга бўйсунади, аммо ГРУ тузилмасига кирмайди.

    Унга «Альфа»нинг собиқ жангчиси Денис Фисенко раҳбарлик қилади. Оператив база «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов назоратидаги «Калашников» концерни ўқув маркази ҳудудида, «Патриот» боғида жойлашган.

    Марказни Чемезовнинг ўзи ва «Калашников»нинг ҳаммуаллифи Андрей Бокарёв молиялаштиради.

    Дастлаб Марказ Украинадаги операциялар учун мўлжалланган эди, аммо кейинчалик унинг вазифалари кенгайтирилиб, хориждаги оппозиция ва журналистларга қарши суиқасдларни ҳам қамраб олган.

    The Insider хабар беришича, Марказ аллақачон тергов босқичида бўлган бир неча суиқасдларни ташкил қилган.

  • АҚШ ЭРОННИНГ ЯНГИ ОЛИЙ РАҲБАРИ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТ УЧУН 10 МЛН ДОЛЛАР ТАКЛИФ ҚИЛМОҚДА

    АҚШ ЭРОННИНГ ЯНГИ ОЛИЙ РАҲБАРИ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТ УЧУН 10 МЛН ДОЛЛАР ТАКЛИФ ҚИЛМОҚДА

    АҚШ Давлат департаменти Эроннинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар миқдорида мукофот эълон қилди.

    Жами эълон қилинган рўйхатда 10 киши бор, улардан фақат олти нафари номи билан кўрсатилган. Қидирувдаги шахслар орасида Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Лорижоний ҳам бор, уни жума куни Теҳрон марказидаги митингда кўришган.

    “Бу шахслар Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг дунё бўйлаб террорчилик ҳужумларини режалаштирадиган, ташкил этадиган ва амалга оширадиган турли бўлинмаларига қўмондонлик қилади ва раҳбарлик қилади”, — деди Давлат департаменти.

    «Адолат учун мукофотлар» (Rewards for Justice) дастури доирасида қидирувдаги шахсларни қўлга олишга ёки жавобгарликка тортишга олиб келадиган маълумот учун пул мукофоти таклиф этилмоқда.

    “Сизнинг маълумотингиз сизга релокация ва мукофот олиш ҳуқуқини бериши мумкин”, — дейилади Давлат департаменти хабарида.

  • «ФОРМУЛА-1» БАҲРАЙН ВА САУДИЯ АРАБИСТОНИДАГИ ГРАН-ПРИНИ БЕКОР ҚИЛМОҚЧИ

    «ФОРМУЛА-1» БАҲРАЙН ВА САУДИЯ АРАБИСТОНИДАГИ ГРАН-ПРИНИ БЕКОР ҚИЛМОҚЧИ

    Пойгаларни бекор қилиш бўйича расмий қарор ҳали қабул қилинмаган, аммо бу қарор ҳафта охирига қадар эълон қилиниши кутилмоқда.

    Баҳрайн Гран-приси 10–12 апрель кунларига режалаштирилган эди, Саудия Арабистонидаги F1 босқичи эса бир ҳафта кейин ўтказилиши керак эди.

    Тадбирларни Португалия, Италия ёки Туркияда ўтказиш имконияти ҳам кўриб чиқилди, аммо F1да бу мамлакатларда пойгаларни ташкил қилиш учун вақт жуда кам экани тан олинди.

    Натижада, мавсум 22 босқичгача қисқариши мумкин, F1 эса 100 миллион фунтдан ортиқ зарар кўриши кутилмоқда, чунки Баҳрайн ва Саудия Арабистони пойгаларни ўтказиш учун энг юқори тўловларни амалга оширади.

  • ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛАР УЧУН АНИҚ ЖАЗО ТАЙИНЛАНМОҚДА

    ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛАР УЧУН АНИҚ ЖАЗО ТАЙИНЛАНМОҚДА

    Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлар учун аниқ жазо йўқ эди. Бу бўйича муҳокамалардан сўнг аниқ жазо тартиблари ишлаб чиқилди.

    Ўзбекистонда энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади, Элтузар хабар беради Адлия вазирлиги манбасига таяниб.

    Умумий фойдаланишдаги тармоқларга (электр, иссиқлик, газ) ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш фуқароларга БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (6,1 млн сўмдан 8,2 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 30 бараваригача (10,3 млн сўмдан 12,3 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Тижорат мақсадларида қоидабузарлик БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (6,1 млн сўмдан 10,3 млн сўмгача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.

    Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган жиноят БҲМнинг 30 бараваридан 75 бараваригача (12,3 млн сўмдан 30,9 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Қайд этилишича, қонун 3 ойдан кейин кучга киради.

  • ТРАМП: АҚШГА ЭРОН ДРОНЛАРИДАН ҲИМОЯЛАНИШДА УКРАИНА ЁРДАМИ КЕРАК ЭМАС

    ТРАМП: АҚШГА ЭРОН ДРОНЛАРИДАН ҲИМОЯЛАНИШДА УКРАИНА ЁРДАМИ КЕРАК ЭМАС

    Дональд Трамп Fox News’га берган интервьюсида АҚШга Украинадан дронларга қарши мудофаа бўйича ёрдам керак эмаслигини айтди.

    “Йўқ, бизга (Украинанинг) дронлардан ҳимояланиш бўйича ёрдами керак эмас. Биз дронлар ҳақида ҳаммадан кўпроқ биламиз. Аслида, дунёдаги энг яхши дронлар бизда,”

    деди Трамп.

    Киев эса АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларига Эроннинг зарба берувчи дронларига қарши курашиш бўйича ўзининг жанговар тажрибаси ва технологиялари билан ўртоқлашишни таклиф қилган.

    Украина президенти Владимир Зеленский жума куни 10 дан ортиқ давлат Киевдан ёрдам сўраганини маълум қилди. Унинг айтишича, Украина мутахассислари аввалроқ Саудия Арабистони, Қатар ва БААга юборилган.

  • КУН СУРАТИ: ЗОИР МИРЗАЕВ НАВОЗ ШАРИФ БИЛАН

    КУН СУРАТИ: ЗОИР МИРЗАЕВ НАВОЗ ШАРИФ БИЛАН

    Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Покистоннинг собиқ бош вазири ва Покистон Мусулмонлар лигаси раҳбари Навоз Шариф билан учрашибди.

    Албатта, бу оддий учрашув эмас. Бу – геосиёсий даражадаги катта дипломатик воқеа. Айниқса, Эрондаги уруш фонида. Чунки дунё сиёсатидаги барча муаммолар айнан Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳал бўлиши керак.

    Халқаро майдонда тажриба алмашиш дегани, одатда ўхшаш “муваффақиятли тажриба”га эга шахслар ўртасида бўлади.

    Навоз Шариф эса бу борада жуда машҳур: у бир неча марта коррупция можаролари, суд ишлари ва машҳур Panama Papers ҳужжатларида тилга олинган. Хуллас, “сиёсий омон қолиш” ва “молиявий ижодкорлик” соҳасида бой тажрибага эга.

    Шунинг учун бу учрашувни оддий дипломатик мулоқот деб қараш тўғри бўлмас. Эҳтимол, бу янги форматга “минтақалараро коррупция менежменти бўйича стратегик мулоқот” деб ном бериш керакдир.

    Энди кутиб қоламиз: эҳтимол, яқин кунларда Зоир Мирзаев БМТ Бош котиби билан глобал хавфсизликни муҳокама қилар, кейин эса G7 саммитига таклиф қилинар.

    Лекин барибир, президент Мирзиёев айтмоқчи, оёғи ердан узилиб қолмайди, деган умиддамиз.

    Қолаверса, бу ёғи экин-тикин мавсуми – фермерлар сув кечадиган палла.

    Аниқроғи, сувга тушириладиган…

  • ТОШКЕНТДА ЙПХ ИНСПЕКТОРИНИ УРИБ ЮБОРГАН ЯНА БИР ҲАЙДОВЧИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

    ТОШКЕНТДА ЙПХ ИНСПЕКТОРИНИ УРИБ ЮБОРГАН ЯНА БИР ҲАЙДОВЧИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

    Тошкент шаҳрида ЙПХ инспекторини уриб юборган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

    Маълумотларга кўра, 2024 йилда BYD Han русумли автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳайдовчи тахминан 100 км/соат тезликда ҳаракатланган. Шу вақт ҳудудда хизмат олиб бораётган 4-батальон, 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори уни тўхташга чақирган.

    Бироқ ҳайдовчи қонуний талабга бўйсунмаган ва ҳаракатни давом эттириб, инспекторни уриб юборган.

    Оқибатда ЙПХ ходими оғир жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. У 8 кун реанимацияда ётган, 34 кундан кейин ҳушига келган. Инспектор 6 ой даволанган ва бир йилдан сўнг хизматга қайтган.

    Мазкур иш Чилонзор туман судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди.

    Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳисоб-китобларга кўра, узил-кесил 5 йил 2 ой 9 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди.

    Айбланувчи суд залининг ўзида қамоққа олинди.