Category: Сатира

  • БЎКАДА СОЛИҚ ҚАРЗИНИ ЧЎЗИШ 10 МИЛЛИОНДАН БОШЛАНАР ЭКАН

    БЎКАДА СОЛИҚ ҚАРЗИНИ ЧЎЗИШ 10 МИЛЛИОНДАН БОШЛАНАР ЭКАН

    Тошкент вилоятининг Бўка туманида яна бир “жонкуяр” мансабдор халқ дардига малҳам қўйишнинг ўзига хос усулини танлабди. Туман солиқ инспекциясининг бош инспектори фермер хўжалиги раҳбарининг оғирини енгил қилиш учун, аниқроғи 165,6 миллион сўмлик солиқ қарзини “таниш-билиш” орқали узайтириб бериш эвазига 10 миллион сўм сўрагани айтилмоқда.

    Гўёки расмий тартиб-қоидалар камлик қилгандек, инспектор вилоят солиқ бошқармасидаги танишини ҳам ишга солиб, муаммони “осонлаштириб” беришга бел боғлаган. Хуллас, давлат хизмати яна бир бор “хизмат ҳақи” билан аралаштириб юборилган кўринади.

    Аммо режа қоғозда чиройли тузилган бўлса-да, амалда унчалик ўхшамай қолган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда бош инспектор сўралган пулни ўз хизмат хонасида олаётган пайтда ашёвий далиллар билан шаппа ушланган. Қисқаси, “кабинетда ҳал қиламиз” деган масала кабинетнинг ўзидаёқ ҳал бўлибди.

    Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов бошлатилган.

  • ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯДАН ҚУТУЛИШНИНГ ЯП-ЯНГИ ФОРМУЛАСИ

    ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯДАН ҚУТУЛИШНИНГ ЯП-ЯНГИ ФОРМУЛАСИ

    Элтузар қўлга киритган норасмий ва яширин маълумотномага кўра, Янги Ўзбекистонда 2025 йилда пора олаётиб энг кўп қўлга тушганлар ҳоким ёрдамчилари бўлиб чиқди. Иккинчи ўринда замҳокимлар экан. Қизиғи – порадан энг ҳазар қиладиганлар шаҳарлар, туманлар ва вилоятлар ҳокимлари бўлиб чиққан. Барча вазирлар энг ҳалол мулозимлар экани аниқ бўлган. Булар ичида шаффофларнинг шаффофи дея Элтузар суйган бош вазир Абдулла Арипов бўлиб чиқди.

    Ушбу маълумотномани ўрганиб чиққан Элтузар мутахассислари коррупцияни йўқотишнинг ягона ва натижаси тўлиқ кафолатланган услубини ўйлаб топишди.

    Ислоҳотнинг илк босқичида зудлик билан барча ҳокимларни ҳоким ёрдамчилари ва замҳоким вазифаларига тайинлаш керак. Энг тоза мулозим – Абдулла Ариповни Чироқчининг ҳокимига ёрдамчи қилиб юбориш зарур. Зойир Мирзаевни МФЙ раиси қилиб юбориш лозим. Бу ишларни бажариш учун янги вазирлик тузиш керак ва номини “коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш” деб қўйиш керак. Бу вазифага ишсиз юрган Абдулла Ариповнинг суюкли издоши Жаҳонгир Ортиқхўжаевни қўйиш керак. Чунки ҳалолликда шогирд устозидан қолишмайди.

    Шундан кейин ислоҳотнинг иккинчи босқичи бошланади. Аввало, ҳар бир ҳокимга иккитадан ҳоким ёрдамчиси эмас, саккизтадан “ҳокимга ёрдам берадиган ҳоким” бириктирилади. Шу тариқа бир туманда битта ҳокимга қараб турган тўққизта ҳоким пайдо бўлади. Натижада пора олишга вақт ҳам қолмайди: бири йиғилишда, бири селекторда, бири очилишда, яна бири шу очилишга бағишланган матбуот анжуманига тайёргарлик кўриб юради.

    Кейин эса замҳокимлар институти янада такомиллаштирилади. Энди ҳар бир замҳокимнинг ҳам ўз замҳокими бўлади. Унинг ҳам ўринбосари бўлади. Энг пастки бўғинда эса “ўринбосарнинг ишчи кайфияти учун масъул маслаҳатчи” лавозими жорий этилади. Бу тизимнинг асосий ютуғи шундаки, эртага бирор нохуш ҳолат чиқса, айбдорни топиш учун камида уч йил хизмат текшируви ўтказишга тўғри келади. Демак, барқарорлик таъминланади.

    Янги тузиладиган “Коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш вазирлиги” эса бундан ҳам улкан ишларни қилади. Масалан, пора деган сўзнинг ўрнига расман “ноқонуний миннатдорчилик инвестицияси” деган атама киритилади. Шунда статистикада пора кескин камайгани кўринади. Халқаро рейтинглар ҳам ҳайрон қолади: кеча 100 та эди, бугун нол.

    Вазирлик ҳузурида алоҳида Илмий кенгаш тузилади. У ерда катта-катта олимлар ўтириб, “нега катта кабинетда ўтирган одам кичик сумкадан қўрқар экан?” деган мавзуда фундаментал тадқиқот олиб борадилар. Тажриба сифатида айрим мансабдорларга бўш портфель, айримларига эса шиширилган папка берилади. Қайси бирига қўли тезроқ борса, ўша психологик жиҳатдан хавф гуруҳига киритилади.

    Учинчи босқичда мамлакат бўйлаб “Порадан ҳазар қилиш ойлиги” эълон қилинади. Ҳар жума куни барча идораларда беш дақиқалик сукут сақланиб, ходимлар стол тортмасини очиб, ичида ҳеч нарса йўқлигини тантанали равишда бир-бирига кўрсатадилар. Энг намунавий туманга эса байроқ эмас, шаффоф сейф топширилади.

    Тўртинчи босқич энг инқилобийси бўлади. Энди давлат хизматчилари даромад декларациясини эмас, хаёл декларациясини топширади. “Кеча кечқурун нимани ўйладингиз?”, “Қайси танишингиз тўйда сизга кўпроқ яқин ўтирди?”, “Нега сизга қараб кейин гаплашамиз деган одамни дарҳол ёдда сақлаб қолдингиз?” каби саволлар жорий қилинади. Тизим сунъий интеллект билан ишлайди, лекин охирги қарорни барибир чойхонадаги икки тажрибали ака чиқаради.

    Бешинчи босқичда эса халқнинг ўзига ҳам масъулият юкланади. Энди бирор идорага кирган одам иши тез битиб қолса, дарров шубҳали деб ҳисобланади. Чунки ҳақиқий шаффофлик шароитида камида учта имзо, тўртта муҳр ва битта “эртага келинг” бўлиши шарт. Агар буларсиз ҳал бўлиб кетса, демак, тизимда ҳали эски одатлар сақланиб қолган.

    Ниҳоят, энг сўнгги ва ҳал қилувчи чора сифатида барча кабинет эшикларига катта ҳарфлар билан шундай ёзув илиб қўйилади:

    “Пора таклиф қилманг. Раҳбарнинг ўзи ҳам ҳозир қаердалигини билмаймиз.” Шунда фуқаро ҳам, амалдор ҳам, котиба ҳам, ҳатто эшик олдидаги гулдон ҳам бир лаҳза ўйланиб қолади. Ана шу ўйланишнинг ўзи янги даврнинг бошланиши бўлади.

    Чунки бизда муаммони ҳал қилишдан ҳам осонроқ бир йўл бор:
    муаммони шундай катталаштириш керакки, у энди муаммо эмас, ислоҳот бўлиб кўринсин.