Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази атрофида янграётган иддаолар одамни ўйлантириб қўяди. Элтузарга келган мурожаатда айтилишича, марказ директори Х.М. Хусенов ва спорт ишлари бўйича директор ўринбосари Ф.Р. Файзуллоев фаолияти юзасидан коррупцияга оид оғир шикоятлар бор.
Иддаоларга кўра, спортчиларни марказга ўқишга қабул қилиш жараёнида пул талаб қилинади. Ҳатто бу маблағлар АҚШ долларида сўралаётгани ҳақида гап-сўзлар бор.
Мурожаатларда яна бир жиддий ҳолат тилга олинади: тренерлар ва спортчиларнинг хизмат сафари учун ажратилган маблағларидан эркаклардан 15 фоиз, аёллардан 10 фоиз миқдорида ушлаб қолинаётгани айтилмоқда.
Мурожаатга кўра, мусобақаларда чемпион бўлиб, марказга ўқиш учун ҳужжат топширган айрим ёшлар ҳам талаб қилинган пулни бера олмагани учун четда қолдирилган.
Яна бир иддаога кўра, текширув келгунча кўргазмали тартиб ўрнатилади, аммо назорат сусайиши билан яна эски муҳит қайтиб келади. Ходимлар “овоз чиқарсак, ўзимизга ёпишиб олишади”, деган хавотир билан яшайди.
Хўш, бундай бедодликдан Спорт вазирлигининг хабари борми? Спорт вазири ҳадеб қўлида микрофон олиб қўшиқ айтавермасдан ҳолатга эътибор қаратса фойдадан холи бўлмасди. Йўқ, агар хабари бўлса, нега чора кўрмаяпти?

